Экспресс детектив Валерий Ярко
Осийлар сукунати (inter-полиция, № 5 2002)
Москва полициясининг қидирув бўлими бошлиғи Аркадий Францевич Кошко қабулига кирувчилар рўйхатига 1911 йилнинг 10 октябрида эрталабдаёқ қандайдир С.Добичин ёзилган бўлиб, котибга тақдим этилган ташриф карточкада “Хусусий ғишт заводи эгаси”, деб ёзилган эди.
Кабинетга кириб келган Добичин баланд бўйли, кўриниши салобатли бўлгани билан ҳаяжонини яшира олмас эди. А.Кошко аввалига бу жаноб қандайдир жиноятини бўйнига олгани келган, деб ҳам ўйлади. Бунга ўхшаш ҳоллар унинг иш фаолияти давомида кўп маротаба такрорланган. Авваллари ҳам одамлар аччиқ устида қилғиликни қилиб қўйиб, ўзларига келганларидан сўнг, унинг кабинетида афсус надоматларини изҳор этардилар. Аммо ғишт заводининг эгаси айбига иқрор бўлиш учун келмаган экан.
Добичин ҳаяжонини босиб олиши учун Кошко уни стол рўпарасига эмас, диванга ўтқазди ва ўзи ҳам унинг ёнига ўтирди.
- Ҳузуримга сизни нима олиб келди, жаноб Добичин? – деди у иложи борича мулойимлик билан.
Ҳаяжонини босиб, анча ўзига келиб қолган ғишт заводининг хўжайини ўзини қийнаётган масала ҳусусидаги ҳикоясини бошлади:
- Ижозат берсангиз, ўн кун аввал мен ғалати ҳодисани бошимдан кечирдим. Заводим уездда жойлашган, идораси ҳам ўша ерда. Ишлаш учун Москвада алоҳида кабинетим йўқ. Квартирада мижозлар билан муомала қилиш ноқулай. Шунинг учун ҳам Серпухов дарвозаси ёнида жойлашган Степанов қаҳвахонасидаги кабинетлардан бирини ижарага олганман. У ерда телефон бор, умуман олганда тузуккина жой, ҳамма қулайликлар мавжуд, арзон ва ёқимли. Шундай қилиб ўн кун аввал, 30 сентябр куни ўша ерда ўтирибман денг, хизматкор келиб мени қандайдир жаноб сўраётганини айтди.
Баён қилинган ҳикоядан Кошко қуйидагиларни билиб олди. Добичин эгаллаб олган кабинетга кузги пальто кийган, кўринишидан осиёликка ўхшаш одам кирди. Унинг ўнг қўли чўнтагида, чап қўли билан шляпа ва трость ҳассасини ушлаб олган эди.
- Келинг, хизмат, - деди мулойимлик билан ғиштфуруш.
- Мен охрана бўлимининг агентиман, - деди истеҳзоли иршайиб келган одам, – менга сизни ҳибсга олиб, Москва охрана бўлими бошлиғининг ҳузурига олиб бориш топширилган, жаноб Добичин.
Кутилмаган бу сўзлардан Добичин ҳудди калтак егандек стулга гурс этиб тушди.
- Қани зудлик билан барча қоғозларингизни ва бу хонада сизга тегишли бўлган нарсаларингизни йиғиштирингда, мен билан юринг. Аммо, аввал хизматкорни чақириб, хаққини тўлаб қўйинг.
Добичин карахт бўлиб қолди, ва изқувар айтганидек сафарга отлана бошлади. Улар кабинетдан чиқаётганларида агент ғиштфурушга қараб:
- Огоҳлантириб қўяй жаноб Добичин, чўнтагимда тўппонча бор, бармоғимни тепкисида ушлаб турибман. Яна аҳмоқлик қилиб юрманг, - деди.
- Сиз ҳибсга олиндингиз, деган гапни эшитишим биланоқ ҳаёлимни “Бори Худоё, нега энди мени?” деган фикр эгаллаб олди. Шу ондан бошлаб миям ишламай қолди, - дея ҳикоясини давом этди Добичин.
- Хўш, ундан кейин нима бўлди? – сухбатдошига далда бериб сўради Аркадий Францевич.
- У извозчини чақирди. Биз ўтирдик, агент Дегтярная муюлишига қараб ҳайдашни буюрди.
- Ижозатингиз билан, Москвадаги охрана бўлими Гнездников муюлишида жойлашган, - дея сухбатдошининг гапини бўлди Кошко. - Буни ҳамма билади.
- Жуда тўғри, ҳамма билади! – шу заҳотиёқ тасдиқлади заводчи бой. - Мен ҳам агентдан “Нега энди Гнездниковога қараб юрмаяпмиз”, деб сўрадим. У менга “Сизни бошлиқнинг уйига олиб кетяпман”, - деди ва шу заҳотиёқ “Омадингиз бор экан!”, деб қўшиб қўйди.
- Нега омадим бор экан?
- Агар бошлиқ сизни уйида қабул қилаётган бўлса, сўроқ эмас суҳбат бўлади. Балки қутилиб ҳам кетарсиз.
- Нимадан қутиламан? Мени нега ҳибсга олишди?
- Буниси менга номаълум. Мен буйруқни бажаряпман, холос. Мабодо, билганимда ҳам сизга айтмасдим, негаки қасамёд келтирганман, хизмат сирларини асраш борасида.
- Буни биз ҳам тушунамиз, - деди Добичин ундан қандай бўлмасин маълумот суғуриб олишга аҳд қилиб. - Сиз ҳеч бўлмаса бир учини чиқариб қўйсангизчи?
- Айтдимку сизга билмайман, деб! – кескин тарзда гапни бўлди агент. - Ким билади, балки устингиздан кимдир “юмалоқ хат” ёзиб юборгандир?
- Мошооллоҳ! Менинг устимдан қандай юмалоқ хат бўлиши мумкин? Нима, мен студентманми ёки Худо асрасин, қандайдир социалистми?
- Ҳаммаси ҳам бўлиши мумкин, - салмоқ билан жавоб бера бошлади агент. - Бизнинг тузоғимизга сиздан ҳам баландпарвоз қушчалар илинган. Тузуккина дворянлар ҳам бомбачи бўлиб чиққан. Мана, ўзингизни қордек оппоқ кўрсатмоқчисиз. Аммо, айтингчи, заводингиз учун тупроқни қаердан оласиз?
- Қаердан бўларди, албатта карьердан!
- Хўш, карьерни қандай қилиб очилади? Динамит билан портлатиладими?
- Ахир шундай қилса арзонроқ тушади, юзлаб мардикорларни ёллагандан кўра, - дея тушунтира бошлади Добичин. - Ўша мардикорлар керакли қатламга етиб боргунларича...
- Буларнинг ҳаммаси қуруқ гап, эй яхши одам! – гапини бўлди агент. – Бизнингча эса карьерингизда одамлар тўпланади, уларнинг орасида шубҳали шахслар ҳам бор. Портловчи моддалар бўлса қўлингиз остида. Хоҳлаганингизча бомба тайёрлайверасиз.
- Дод!!! Қандай душман экан менинг устимдан ёзган! – қайнаб кетди Добичин.
- Ким айтди сизга буни биров ёзган деб? Мен бу гапларни мисол тариқасида келтирдим, - уни тинчлантиришга уринди агент.
- Қўйсангизчи, нима, мен ёш боламидим!? – Добичин аччиғидан тушмасди. - Гапни учини чиқарганингиздан кейин давом этинг-да энди.
- Майли, аммо бошлиқларга мендан эшитганларингизни билдирманг, -дея илтимос қила бошлади агент ва дўстона оҳангда қўшиб қўйди, - тўғрисини айтганда, мен ҳам бу гапларга ишонгим келмади. Бошлиқларга ҳам “Добичин жангариларни заводда ихтиёрий равишда тўплаши мумкин эмас, унга таҳдид қилган бўлсалар керак ”, дедим.
- Ахир мени ҳеч ким, ҳеч нарсага мажбур қилмаган! – деди Добичин қичқириб.
- Наҳотки тузумга қарши ҳаракатларга ўз ихтиёрингиз билан қўшилган бўлсангиз? – ҳайрон бўлиб нафаси ичига тушиб кетган агент.
- Зарур кебтими! Заводимда ҳеч қандай жангарилар йўқ! Динамит ҳам йилда бир марта ишлатилади. Озгина, керагича миқдорда сотиб оламиз ва ҳаммасини ишлатамиз. Гапларингизнинг ҳаммаси ғирт бемаънилик!
- Ким билади? – елкасини қисди агент. - Бошлиқларнинг ўзига аён. Мен сизни кузатганимда “бундай одамга инқилобнинг нима кераги бор экан”, деб ҳеч тушуна олмадим. “Заводчи бой бўлса, даромади яхши, маишатни яхши кўради, аёллар масаласида ҳам, қартавозликка ҳам хуши бор. Наҳотки буларнинг ҳаммаси ниқоб бўлса?” Ўйлаяпману, аммо ҳеч ишонгим келмайди денг. Охирги ҳисоботимда ҳам шундай ёздим:
“...шундан кейин жаноб Добичин балиқ жигаридан тайёрланган таом буюрди. Иштаҳа билан еб бўлиб, икки соат давомида Матвей Петрович исмли нотаниш кимса билан биллиард ўйнади. Фикримча, бундай соғлом феъл атворга эга одамда жиноятчиликка мойиллик бўлмаслиги керак. Негаки, Сибирга сургун бўлиб, жуда кўп қулайликлардан маҳрум бўлиши мумкин”.
- Бошлиқлар нима дейишди?
- Кузатувчанлигимни мақташди. Хулосаларим борасида эса “Бу сизнинг ишингиз эмас, вазифангиз кузатиш!” - деб огоҳлантирдилар.
Шундай суҳбат билан манзилга ҳам етиб келдилар. “Дегтярная муюлишида, катта бир уйнинг олдида тушиб қолдик”, - дея ҳикоясини давом этди Добичин. Извозчига пулни агент тўлади. Уйга олиб кирди. Уй катта, подъезд ҳашаматли экан. Кўтарувчи машина - лифт ҳам бор экан. Лифт ичига кирганимизда мен агентга юз сўм узатдим. “Кези келганда бошлиқларга менинг «соғлом феъл-атворим» ҳақида яна бир бор эслатиб қўйинг”, - дедим.
-Олдими? – сўради Кошко.
-Олди, - деди Добичин. - Кейин учинчи қаватга кўтарилдик. Лифтдан чиқдик, у ўнг томондаги эшик қўнғироғини босди. Эшикни оқсоч очди. Агент оқсочга “бориб хўжайинга маълум қил, буйруқ бажарилди, ҳибсга олинган Добичин олиб келинди” деб айтди. Оқсоч ичкарига кириб кетди, биз ҳам квартирага кирдик. Биз кирган хона катта, ҳашаматли зал экан.
-Тез орада эшикдан орқаси билан тисарланиб оқсоч чиқди. Очилган эшик ортидан бошлиқнинг, - Филерга айт, Добичинни олиб кирсин, - деган овози эшитилди. Изқувар менга шивирлаб, “Хўжайинга гап қайтара кўрманг, яқиндан бери у бомбачиларнинг учта суиқасдини бошидан кечирди. Шунинг учун ҳам у биродарларингиздан аламзада”, - дейишга улгурди, холос.
-Уларга шайтон биродар, - деди Добичин.
Уни катта ёзув столининг рўпарасига ўтқазишди. Стол ортидаги креслода қимматбаҳо костюм кийган, кўринишидан ҳали анча ёш, лекин жуда ҳам салобатли жаноб ўтирарди. Заводчига кишининг қалбини ҳам музлатадиган даражада нафратомуз, совуқ назар ташлаб қўнғироқ тугмачасини ҳудди ўзининг қонини сўриб, тўлиб кетган битни эзгандай босди. Кабинетга бақувват кўринишдаги ходим овоз чиқармай кириб келди. У ҳам бошлиғига ўхшаб оддий, фуқаро кийимида эди.
Маҳбусдан кўзини узмаган ҳолда бошлиқ унга мурожаат қилиб:
- Жаноб штабс-ротмистр, жаноб Добичиннинг «Дело»сини келтириб берсангиз,- деди.
- Эшитаман, жаноб олийлари...
Штабс-ротмистр оёқларини шиқирлатиб, эшик ортида ғойиб бўлди.бир дақиқа ўтиб у қўлида қалин, устида катта, қора ҳарфлар билан “Дъло”, деб ёзилган папкани кўтариб кирди. Охранка ходимларининг жимгина бажараётган бу муолажаларини кузата туриб Добичиннинг агент билан қаҳвахонадан келаётиб йўлдаги суҳбат натижасида бироз илиган қалби яна музлаб кетди.
У ўзини тиш дўхтирининг ҳузурида операция олдида креслода кўзини юмиб оғзини очиб ўтирган бемор каби сеза бошлади. Бошлиқнинг жимгина қоғоз титиб ўтириши эса тиш дўхтирининг столдаги жарроҳлик асбобларининг қайси биридан бошласам экан, деб унисини олиб, бунисини қўйганга ўхшаш тириқлаган товушларини эслатарди.
Бошлиқ бутун вужуди билан папкадаги қоғозларни ўқишга берилиб кетди. Чўзилиб кетган жимлик заводчи бойга юз йилга чўзилгандек туюлиб, бутунлай руҳи тушиб кетди. Ниҳоят, бошлиқ ўқишдан тўхтаб, бошини кўтарди ва унга оғир назар ташлади:
-Хўш, жаноб Добичин....
-Мендан нима истайсиз?
Шу онда бошлиқ қўққисдан столни муштлаб бақирди:
-Ўчир овозингни, ярамас инқилобчи! Сенга мен ижозат берганимда гапирасан! Қўлга тушдингми, энди қилғиликларинг учун жавоб берасан!
- Айбим йўқ менинг, зоти олийлари, - деб увиллай бошлади Добичин. - Мана, муқаддас Хоч ҳақи, айбдор эмасман! Ёвуз одамларнинг туҳмати бу! Бўҳтон ҳаммаси!
-Бўҳтон!? – бундан-да ғазабланиб бақира бошлади бошлиқ. - Мана бу нима бўлмаса? Делода нима деб ёзилган?!
У папкни олиб тахминан ўртасидан очди ва ўқий бошлади.:
“...шундан сўнг икки бора дўкон витриналарининг ойнадаги аксига қараб, орқасидан кузатув йўқлигига ишонч ҳосил қилди. Сўнг Супонин номерларига кириб у ерда келиб чиқиши деҳқонлардан бўлган Мария Шунихина деган аёл билан ҳуфёна учрашди”.
- Бўлганмиди?
- Бўлган, - деб тасдиқлади Добичин. - Аммо...
Лекин бошлиқ унга гапини тугатишга йўл бермади.
- Ана, бўлганда! Албатта сиз ҳуфёна учрашувларнинг устаси-фарангисиз. Аммо сизнинг жиноий ташкилотингиз аъзолари ўта кетган бепарво. Шунихина ортидан ҳеч қийналмай кузатишга муяссар бўлдик. У ҳақда деярли ҳамма нарсани аниқладик!
-Ҳамма нарса деганингиз нимаси? – қичқирди қўрқиб кетган Добичин.
-Ҳамма нарса дегани – ҳамма нарса! Сиз Мария Шунихинанинг акаси Иван Шунихин 1905-07 йилларда қаерда бўлгани ва нималар билан шуғуллангани ҳақида биласизми?
-Қаердан билай ахир?! – увиллаб юбордиДобичин. - Мен ҳатто унинг акаси борлигини ҳам билмасдим!
-
-Билмасмидингиз?!- кесатиб сўради охранка бошлиғи, - сиз Иван Шумихиннинг экспроприаторлар тўдасининг аъзоси эканлигини, инқилобчилар кассасни тўлдириш учун ўнлаб қароқчилик ҳужумларида иштирок этганлигини билмасмидингиз?! Бу қароқчиларнинг зиммасида қанча қотилликлар борлигини, бу тўда аъзоларининг кўпи ҳарбий дала трибуналининг ҳукми билан осилганини, Иван Шумихин эса фақат қотилликларда бевосита иштирок этгани исботланмагани туфайли умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинмай қолганини билмасмидингиз? Қамоқдан қочгани ва узоқ вақтдан бери яшириниб юрганини ҳам билмассиз, ҳали?! Ҳуфёна унинг синглиси билан учрашиб, у орқали акаси билан алоқа боғлаб туриб, билмасмидингиз буни? Нима, бизни аҳмоқ деб ҳисоблайсизми?
-Зоти олийлари, ижозат берсангиз сизга тушунтириб берсам! – илтимос қила бошлади Добичин. - Унинг бу лаънати акаси ҳақида ҳеч нарса билмас эканман! Бир йил аввал Мария хонадонимга оқсоч бўлиб ишга кирди. Ёш, бақувват қиз. Бир куни десангиз, хотиним холасиникига кетган эди, ўзингиз тушунасиз, шайтон бизни йўлдан оздириб... Хотиним қайтиб келганида эса, кимдир унга чақиб қўйибди. Кейин бўлса жанжал, тўполон бошланиб кетди. Мария ҳайдалди. Хотинимга тилла билагузуг олиб бериб зўрға қутулдим. Қизчани увол бўлмасин деб бир хонимнинг хонадонига жойлаб қўйдим. Бу хонимга илгари ғишт сотган эдим. Ўшандан бери биз сиз билган номерларда ҳуфёна учрашиб турамиз.
-Қандай мақсадда?
- Қанадай мақсадда бўларди, ўша, ишқий мақсадда, холос, - овозини пастлаб қўшиб қўйди қизариб кетган Добичин. - Хуфёна, орқамиздан кузатув йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, Худо кўрсатмасин яна биров билиб қолиб хотинимга етказмасин дейман. Унда бошим балодан чиқмай қолади!
-Ижозат берсангиз, чексам майлими? – рухсат сўради у, Кошкодан портсигарини чиқариб.
- Бемалол, азизим. Кейинчи, кейин нима бўлди?
- Кейинми? – тезда папиросини илаштириб, паға-паға тутун чиқарди Добичин. - Кейин у мени бир ярим соат давомида тузлай бошлади. – У менга “али” деса, мен унга “вали” дедим. Мен унга Маша билан ишқий саргузаштларимдан сўзласам, у менга акаси Иван ва унинг жанговор ташкилоти ҳақида гапирди. Менга “Ҳуфёна учрашув жойларингиз ва алоқа усулларингиз ҳақида сўзлаб беринг,” деган талабларни қўя бошлади. “Қочувдаги жангарилар қаерда? Заводингиз атрофидами ёки уларга паспорт тўғрилаб бердингизми? Балки улар сизда ишчи ва хизматчи бўлиб ишлаётгандир? Уларнинг орасида одамларни уюштира оладиган зиёлилар кўпми?” Шунга ўхшаш саволлар, денг. Кейин қарасам чарчаганга ўхшади, қалби юмшагандек кўринди. Столни муштламаяпти, гапларимга қулоқ сола бошлаяпти. Мен унга “Ўзингиз ўйлаб кўринг, бу инқилобнинг менга нима кераги бор? Мария билан гуноҳларимни тан оламан. Аммо бундай гуноҳ учун Сибирга сургун қилмайдилар-ку. Агар керак бўлса, майли мен халойиқ олдида тавба қиламан,” - дедим.
- Қўсангизчи, “халқ олдида тавба қиламан” эмиш! Ким билан алоқа қилишингиз, сизнинг шахсий ишингиз. Хўп, айтайлик, бу ҳодисаларга тасодифан аралашиб қолганингиз ҳақидаги гапларингизга ҳам ишондим, дейлик. Аммо мана буни нима қилишим керак бўлади? – бошлиқ қалин папкага шапатилаб уриб,- Сизнинг ишингиз мана бу қоғозларга боғланган! Буни қандай инкор этиб бўлади? Сизнинг сўзларингиз, афсус- надоматларингизни қоғозга тиркаб бўлмаса. Бу “Дело”даги қоғозларга қараб сизни суд қилишади ва ҳукм ҳам шунга қараб бўлади – авахтага Сахалин оролига жўнатишадими ёки кечирим сўратиб қўйиб юборишадими. Қоғознинг кучини қандайлигини биласизми, ахир?
- Те-те-те, ўйлаб қолдим мен, - дея давом этди ҳикоясини Добичин папиросини кулдонга босиб. - Қоғоз тўғрисида менга шунча вақтдан бери таъкидлаши беъжиз эмас. Таваккал қилишга аҳд қилдим. Унга “Менда жаноб бошлиқ папкадаги қоғозларингиздан кучлироқ қоғозлар бор!” деб чўнтагимдан юз сўмлик чиқариб унга узатдим. “Кўрингчи, тўғри келармикан?” дедим.
У қоғозни қўлига олиб кўзини қимтиб айлантириб қаради ва “Тўғри келади-ю, аммо бундай қоғозлардан анчагина лозим бўлади,” - деди. Қизиқиб “Қанча?” деб сўрадим. У нархни айтди: “Беш минг сўлкавой”. Савдолашиб нархни туширишга уриндим аммо бундай одамдан юмшоқлик кутиб бўладими? Ёнимда минг бор эди, охирги тийинигача бердим. “Ёнимда бошқа пул йўқ”, дедим. У менга “Парво қилманг, қолган тўрт минг учун менга вексель ёзиб берсангиз бўлди”, - деди.
Ўрнидан туриб шкафдан тўлдирилмаган вексель бланкаларини олди. Тўлов муддати ва матндан кўчирма қилмасдан тўрт минг сўмлик вексель ёзиб бердим. Шу ондаёқ мени кузатиб қўйишга буюрди, қувониб кетдим. Бир неча кун ўтиб шубҳага тушиб қолдим. Негадир, мени жуда осонлик билан қўйиб юборишди. Авваллари ҳибсга тушган танишларимдан гап сўрай бошладим. Ҳаммалари, уларни ҳибсга олинганида тинтув қилинганликлари, ҳамда барча шахсий буюмларини олиб қўйишганидан кейингина сўроққа тутганликлари ҳақида айтишди. Мени бўлса бундай қилишмади.
- Албатта, - деди Кошко илжайиб. - Агар улар бундай қилганларида иш бошқача, яъни қароқчилик, деб аталарди. Бунақасига эса пул беришни ўзингиз таклиф этдингиз, векселларни ҳам ўзингиз ёзиб бердингиз.
- Ҳудди шу векселлар туфайли олдингизга келдим. Кеча Степанов қаҳвахонасида мени телефонга чақириб қолишди. Телефон ортидан менга вексел бўйича тўловларни 1911 йил 11 октябрь соат 15:00 дан кечиктирмай бажаришимни талаб қилишди. Пулни менга маълум бўлган манзилга, яъни охрана бўлими бошлиғининг уйига олиб боришим керак экан. Аммо бундан аввал 189-99 рақамига телефон қилиб пулни тайёрлаб кетаётганим ҳақида хабар беришим лозим экан. Менга нима қилишни маслаҳат берасиз? Ростини айтсам, бу ишларга ақлим етмай қолди. Шунинг учун ҳам олдингизга келдим. Газеталардан шу каби сирли жумбоқларни ечганингиз ҳақида ўқиган эдим.
- Балли, - деди суҳбатга якун ясаб Кошко. - Бизга мурожаат қилиб жуда тўғри иш қилгансиз. Энди пулларингиз ҳам ўзингизда қолади, биз ҳам қаллобларни жиноят устида ушлаймиз.
Полиция бошлиғи хонасига бир неча агентни чақириб, уларга Мария Шунихина ва унинг акаси ҳақида маълумот олиб келиш борасида топшириқ берди. Шунингдек, Дегтярная муюлишидаги “охрана бўлимининг бошлиғи” бўлмиш одам яшайдиган уйни кузатув остга олишни буюрди.
- Сиз жаноб Добичин, - деди Кошко заводчига,- менинг аппаратимдан айтилган рақамга телефон қилиб, бошлиқнинг ўзини чақиринг.
Добичин телефон гўшагини кўтариб, хонимчадан 189-99 рақамини улашни сўради. Кошко қўшимча трубкани қулоғига тутиб, нима деб жавоб беришларига диққат билан қулоқ сола бошлади. Телефонда аёл киши жавоб берди. Бошлиқни чақириб қўйинг деган илтимосга у ҳозир бошлиқ уйда йўқ, соат бешдан кейин қўнғироқ қилинг, - деб айтди.
Телефон адреслари китобига қараб 189-99 рақамли аппарат Дегтярная муюлишидаги қандайдир Ольга Александровна Тарфенко деган аёлга тегишли хонадонда ўрнатилгани аниқланди. Бу аёлнинг охрана бўлимига умуман ва унинг бошлиғига қисман бўлсада алоқаси йўқ эди.
Сал туриб Шунихинлар ҳақида маълумот йиққани кетган агент қайтиб келди. Маълум бўлишича Мариянинг ҳақиқатан ҳам акаси бор, лекин унинг исми Иван эмас Петр бўлиб, 1905 йилда эндигина 10 ёшга кирган, шунинг учун ҳам ҳеч қандай жиноят тўдаларига аъзо бўлиши мумкин эмас экан.
Ўша куни кечқурун Добичин 189-99 рақамига яна бир бор телефон қилди. Бу сафар гўшакни бошлиқнинг ўзи кўтарди. Қўшимча трубкани қулоғига тутган полициячилар суҳбатни стенография қилишга киришдилар.
- Ким билан гаплашяпман? – деб сўради Добичин, ҳудди Кошко ўргатгандек.
Телефон гўшагидаги овоз ҳеч иккиланмай:
- Москва охрана бўлимининг бошлиғи билан, - деб жавоб берди.
- Бу мен, заводчи бой Добичин бўламан. Жаноби бошлиқ, ваъдамни бажаришга тайёрман, аммо бир оз эртароқ кўришсак бўлармиди... Негаки, завод ишлари бўйича Москвадан кетишим керак. Шунинг учун соат учда эмас, айтайлик соат бирда учрашсак, қандай бўлади?
- Сиз ҳаммасини тайёрлаб қўйганмисиз?
- Ҳаммасини, ҳудди сиз айтганингиздек!
- Майли, нима ҳам қилардик. Эрта кеч эмас, соат бирда кела қолинг. Аммо билиб қўйинг, мени алдамоқчи бўлсангиз қаттиқ пушаймон бўласиз!
- Худо асрасин! Қандай қилиб сизни алдайман.
Келаси куни роппа-роса соат бирда Добичин полиция белгилаб қўйган пуллар солинган конверт билан “охрана бўлими бошлиғининг” уйига келиб эшик қўнғироғини босди ва ичкарига кирди. Беш дақиқа ўтиб эшик қўнғироғи яна жиринглади. Эшикни очган оқсоч хонадонга бостириб кирган изқуварлар томонидан четга улоқтирилди. Улар Добичин тасвирлаб берган зални кесиб ўтиб бошлиқнинг кабинетига кирдилар. Бу ерда бошлиқ Добичин билан пул санаб ўтирган экан. “Бошлиқ” ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан таслим бўлди. Қаллоб ҳибсга олинганини эълон қилиб, унга яхшироқ тикилган Кошко ҳайратдан қичқириб юборди.
- Вой-бўй! Мана ким экан бу! Жаноб Добичин, сизга бу “охрана бошлиғи”ни таништиришга рухсат этинг. Эсингизда бўлса ўтган йили ака-ука Андрей ва Константин Гилевичлар ҳақида шов-шув бўлиб кетган иш кўрилган эди. Ўшанда улар бегуноҳ бир одамни ўлдириб суғуртага оид қаллоблик қилганлар ва натижада уч юз минг сўм пулни ўмарганлар. Полиция уларнинг икковини ҳам ушлаган. Аммо, уларни суд қилиш насиб этмади Андрей Гилевич ҳибсга олинганида заҳар ичиб ўлган. Константин бўлса ўзини камерада осиб қўйган. Кўраётганингиз ака-укаларнинг учинчиси Василий Гилевич.
- Акаларимнинг ишига менинг ҳеч қандай алоқам йўқ, - деди маҳбус.
- Бу нусха борасида биз анчадан бери гумонда эдик. У қиморхона очиб, бошқа “шўхлик”ларни қилиб юрган эди, аммо шу кунгача уни жиноят устида ушлашга имконият бўлмаган, - деди Кошко. - Жаноблар, уни олиб кетинг!
-
Дегтярная муюлишидаги хонадонда Василий Гилевичдан ташқари яна бир неча кишини қўлга олдилар. Ўша “шайтонбаччалар” спектаклида штабс-ротмистр ролини ижро этган Фома Рябинин ва ўзини Князь деб атовчи Иззатулла Енгаличев ҳибсга олинди. Бу ўша, Добичинни қаҳвахонада ҳибсга олиб, Дегтярная муюлишидаги уйга олиб келган, заводчи бой 100 сўм берган филер-изқувар эди.
Шу уйнинг ўзида жиноий учликни дунёга келтирган, ака-ука Гилевичларнинг онаси, ва Козлова деб аталмиш Василий билан никоҳсиз яшаётган хотин қўлга олинди. Судда Василий Гилевич охирги имконигача сувдан қуруқ чиқишга уринди ва оқибатда аттиги тўрт йилга каторга - бадарғага маҳкум қилинди. У Добичин билан ўтказган қаллоблиги учун судланди, холос. Қалбаки “охрана бўлими бошлиғи” томонидан чув тушган бошқа йирик савдогар ва ишбилармонлар ўзларини шарманда қилишни истамадилар.
Аббосхон Насриддинов таржимаси