Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ
(ДАВОМИ) 2024: ТУТҚУНДАГИ ГУЛНОРА КАРИМОВА 52 ЁШДА
13. Ватанимизда 1991-2016 йилларда прокуратура органларининг йўл қўйган катта хатолари сабабли жабр кўрган фуқароларимиз ҳам анчагина бор. Улар прокуратура органларининг бугунги кундаги қаршилиги сабабли сохта суд ишларининг қайта кўриб чиқилиши ва адолатли ҳукм чиқарилишига эриша олишмаётир. Шунга доир яна битта ўзбек зиёлиси бўлмиш журналист ва шоир Дилмурод Саййиднинг тақдири ҳақида ёзай.
![444492764_1648241576005961_6718052759064392553_n (534x700, 57Kb)](//img1.liveinternet.ru/images/attach/d/4/162/677/162677549_444492764_1648241576005961_6718052759064392553_n.jpg)
Фото 4. Дилмурод Саййид рафиқаси Барно Жуманова ҳамда қизи Рухшона билан. Фото: Kun.uz [8]
«Дилмурод Саййид 1962 йили Тошкент шаҳрида туғилган.
Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика институти (ТДПИ) ўзбек филологияси факултетини ҳамда Тошкент Давлат унивеситети (ТошДУ) шарқ факултети ҳузуридаги икки йиллик махсус ўқувни форс тили мутахассислиги бўйича битирган» [9]
2005 йил 24 ноябр куни Дилмурод Саййиднинг “Йўқ” ҳақида бадиҳа” сарлавҳали мақоласи "Адвокат Пресс" мустақил ҳафталигида чоп этилди [10]. Мақолада ўша пайтда юксак минбарларда бот-бот айтиладиган “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган оташин сўзларнинг ижобати қачон келиши савол остига олинади, жамиятдаги муаммолар фонида бу шиорларнинг мантиқсизлиги кўрсатиб берилади. “Адвокат Пресс”нинг шу мақола чоп этилган сони газета дўконларидан йиғиштириб олинади, нашрнинг ўзи кўп ўтмай ёпиб юборилади. Мақола муаллифи бўлган Дилмурод Саййидга қарши тазйиқлар бошланди. [8]
“Дилмурод Саййид: Менга тазйиқлар бошланган йили марҳума рафиқам иккинчи фарзандимизга ҳомиладор бўлган. Сафарда бўлган вақтимда мазаси бўлмай, тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб туғуруқхонага борганида: «Эрим урди, калтаклади» деб ёзиб берсанг даволаймиз», деб айтишган. Аёлим кечгача бу шартга рози бўлмаган. Кейин ўз розилиги билан тилхат олиб, шифохонадан чиқариб юборишган. Бир-икки кун юргач, ҳомила ичида нобуд бўлган. 10 кун давомида ўлик ҳомилани кўтариб юриб, ҳушидан кетгачгина тиббий ёрдам кўрсатишган.
Ҳеч қандай баҳона тополмагач, қонуний никоҳимиз бўлишига қарамай, турмуш ўртоғимни бу уйда рўйхатда турмайди, деб жарима солишган. Ўша пайтларда президентлик сайловлари бошланган, Акмал Саидов номзоди ҳам қўйилган эди. Рафиқам ўз номидан Акмал Саидовга, Инсон ҳуқуқлари жамиятларига шикоят хати ёзди. Улар суриштирув олиб боришиб, бизга жавоб хати йўллашди. Ўша жавоб хатидан билиб қолдимки, менга жиноят иши очилган экан. Кейин уларнинг шарофати билан бу жиноят иши барвақт очилган деган сабаб билан ёпилди ва кейинчалик номаълум шахслар номига очилган дея айтишди. Ундан кейин бошқа моддаларга айлантириб, 8 ой ўтиб, сарсон қилиб, ишни ёпиб юборишди.
Сал вақт ўтиб, собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) сайтида Марат Дияров муаллифлигида рус тилида бўҳтон мақола эълон қилинди. Икки кун ўтиб, худди шу мақола «Маҳалла» ва «Ҳуррият» газеталарида чоп этилди. Шу мақола сабаб бўлиб мен яшайдиган маҳаллада йиғин ташкил этилди. Унда кўтарилган мавзуга кўра, мени бошқа жойга кўчириб юбормоқчи бўлишди. Қўшниларимга минг раҳмат айтаман. Ёнимни олишди, махсус хизмат ходимларига нотўғри маълумот олгансизлар, деб мен тараф бўлишди.
Лекин 2009 йил феврал ойида шу ердан, оилам кўз олдида олиб кетишди. Қўйилган айбловлар ҳатто бир-бирини инкор қилар эди. Товламачилик ҳамда ҳужжат сохтакорлиги айбларини қўйишди” [8]
«Дилмурод Саййид: 2008 йилда Жомбой туманидаги 10 нафар фермер менга ишончнома берган. Шу ишончномадан фойдаланиб, мен уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишим керак эди. Улардан тортиб олинган техникалар, маблағларни қайтариб олиб берганман. Қамалишимга ҳам касбий фаолиятим сабаб бўлган. Тушган шикоятларни жойига чиқиб ўрганар эдим. Ишончли вакил бўлиб, ҳуқуқини ҳимоя қилар эдим. Ҳаттоки, менинг суриштирувимдан кейин солиқ идораларидан ўша жойлар ўрганилганда қанчадан-қанча камомадлар аниқланган. Шунинг актлари ҳам сақланиб қолган. Ўша пайтларда бу ишга умуман алоқаси йўқ бир аёлнинг отасининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб юргандим. Ўша одамга 10 минг доллар тиқиштиришиб, ушлашиб, ундан Дилмурод Саййиднинг топшириғи билан келганман, деган кўрсатмани олишган.
Энг қизиғи, менга ишончнома берган иккита фермерни ҳам менга қўшиб қамашган. Бу одамни танимайман, оқ қоғозга печат бостириб кетди, деган фермерларни гувоҳ сифатида ўтказган. Юзлаштиришганда ишончномаларни ўзлари берганини исботлаб беряпман, лекин тергов жараёнидаги видеоёзувлар монтаж қилинган. Барча ишлар сохталаштирилган. Холис гувоҳ сифатида таклиф қилинган икки нафар йигит вояга етмаган бўлган. Бу аслида мумкин эмас. Қонунга кўра, холис гувоҳ вояга етган бўлиши шарт. Уларнинг ёшини бир ёшга улғайтириб, ҳужжат тузилган.
Ўша аёл билан юзлаштириш куни уч нафар департамент ходими боғчадаги қизимни гаровга олиш учун боришган ва мени ўз ихтиёрим билан айбни тан олишга мажбурламоқчи бўлишган. Чунки бу ўша давр учун одатий ҳол эди. Бу ҳолат фақат мен билан эмас, кўпчилик билан содир бўлган. Бахтни қарангки, боғчадаги раҳбариятлар вазиятни пайқаб, қизимни беркитишган. Ўша атрофда укаларимнинг уйи бор эди. Улар дарров етиб боришган. Шунда у ходимлар тинтувга келганмиз деб баҳона қилишган. Шу ҳолатларга қарамасдан ҳеч нарсани бўйнимга олганим йўқ. Чунки исботнинг ўзи йўқ. Қўйилган айблар бир-бирини инкор этади. Бу бўлиши мумкин бўлмаган ҳолат.
Хуллас, мени 12,5 йилга қамашди. Менинг ёнимни олган фермерга 12 йил, яна бир фермерга 11 йил беришди. Мени юзлаштиришган аёл: «Бу ишларни Дилмурод Сайид буюрмаган, ходимларнинг ўзлари ичириб, мажбуран ёздириб олишди. Бу одам отамнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган эди» , деганидан сўнг, унинг ўзини ҳам 12 йилга қамаб юборишди» [8]
«Дилмурод Саййид: Қўлимдаги ишончномани сохта дейишди. Мен сохта эмас дедим. Бундай ҳолатда, қонунчиликка кўра, экспертиза ўтказилиши керак эди. Аммо 12 йил вақт ўтган бўлса-да, ҳали ҳам экспертиза қилингани йўқ. Мени қамашди. Судда ҳеч нарса исботлангани йўқ. Судья суд жараёни тугагандан кейин 10 кунгача ҳукм ўқий олмади. Қонун бўйича суд ўзининг терговини ўтказиши керак. Шунга қараб туриб, айблов ҳукмини чиқариши керак. Суднинг айблов ҳукми матни ва терговчининг айблов хулосаси имлосигача бир хил. Бу бўлиши мумкин бўлмаган нарса.
Апелляцияга берганда улар айнан мана шу ерида айбдор экансан деб айта олмади. Суд ҳукми устидан апелляцияга бериб турганимизда, суд ҳукмига кўра, деган тарзда жавоб беришяпти. Яна бир қизиқ томони, суднинг биринчи куни ёши каттароқ терговчи иштирок этган бўлса, кейинги босқичларда бошқа терговчи ишлай бошлади. Судья эски терговчининг бошқа ишга ўтганини айтди. ЯНГИ ТЕРГОВЧИ СУД ЖАРАЁНИ БОШЛАНИШИДАН ОЛДИН МЕН ТУРГАН ПАНЖАРАЛИ КАМЕРА ОЛДИГА КЕЛДИ-ДА: “ДИЛМУРОД АКА, ТЎҒРИ ТУШУНИНГ, СОЛДАТ ОТАДИ, СОЛДАТ ЎЛАДИ. БИЗ СОЛДАТМИЗ. СИЗЛАРГА ОМАД ТИЛАЙМАН” ДЕДИ ВА ЧИҚИБ КЕТДИ.
Узоқ йиллардан бери ишлайдиган соқчилардан бири: «ШУ ПАЙТГАЧА ПРОКУРОР СУДЛАНУВЧИ БИЛАН БУНАҚА ГАПЛАШГАНИНИ КЎРМАГАНМАН” деган ўшанда. Тўғри, уларнинг ҳам виждони қийналди, аммо ўша пайтда шароит шунақа эди.
Биз қайси жазони ижро этиш муассасасига борсак ҳам, назорат кучли бўлган. Ҳеч қандай инсонпарварлик далолатномаси қўлланмаган. Шунинг учун бўлса керак, йилига 2-3 марта ички тартиб-қоидани бузди, деган баённома расмийлаштириб, жазолаб туришган. Биринчи шунақа жазо 2009 йил августда қўлланди. Бу амнистияга тушмаслигим учун эди. Кейин бошқа бир колонияга ўтказишди. У ерда очиқчасига айтишди: «Биз сиз билан ҳамма қатори муносабатда бўла олмаймиз. Назоратингиз ташқаридан». [8]
«Дилмурод Саййид: 2009 йил 5 ноябр куни мен билан учрашувга келиши керак бўлган аёлим (33 ёшда эди) ва қизим (у беш ёшда эди) сирли равишда автоҳалокатга учраб, вафот этишди. Мен бундан 10 ноябр куни хабардор бўлдим.
Бу фожиа уюштирилганига бир нечта асосим бор. Биринчидан, фожиадан бир ҳафта, 10 кун аввал учрашганимизда, Тошкентдаги квартирамизни сотгин-да, ўша пайтларда 28-30 минг долларга кетарди, 10 минг долларни олиб, қолганини укамга бер ва Булунғурга кет [рафиқам булунғурлик эди]. Улар сени ҳам тинч қўйишмайди, йўқса хавф остида қоласан. Аллоҳ насиб қилса кўришармиз, дегандим.
Аёлим: «Адаси, тирик ажрашиш ҳақида гапира кўрманг, ундан кўра қачон келай ва нималарни олиб келай? Мен буларни тинч қўймайман барибир», деганди. Шунда қандай ҳужжатларни олиб келишини айтгандим.
Орадан икки ҳафта ўтгандан сўнг мен билан узоқ муддатли учрашувга келаётганда йўлда фожиали равишда ҳалок бўлган. “ЗИЛ” машинаси Жиззах ва Сирдарё орасидаги Наврўз йўлида аёлим ва қизим бораётган “Нексия”ни эзғилаб ўтиб кетган. Йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) сабабчиси бўлган “ЗИЛ” ҳайдовчиси 7 йил ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланган, у бир йилдан кейин чиқиб келган. Суриштирсам, у орадан бир йил ўтар-ўтмас сирли ўлим топган.
Охирги 1,5-2 йил давомида турли давлат ташкилотларига 20 марта мурожаат йўлладим. Бир мартагина Олий судда қайта кўрилди, икки фермернинг берган гувоҳлиги асосидаги айблов чиқариб ташланди ва қолган қисми кўрилмади. Олий суднинг қарори устидан Бош прокуратурага ёзганимда, улар менга Олий судга мурожаат қилинг, деган юзаки жавоб беришибди.
Мен аслида Олий суднинг устидан мурожаат қилаётган эдим. Бундан ҳам муҳими, оиламнинг фожиали автоҳалокатини ўрганиш бўйича бир неча маротаба мурожаатлар қилдим. Натижа шу бўлдики, мурожаатим билан шуғулланиш ўрнига аризамга илова қилинган далилларимгача йўқотиб юборишди» [8]
Дилмурод Саййид 2020 йил 26 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил /ОМБУДСМАН жаноб У. Н. МУҲАММАДИЕВга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси жаноб К.Ф. КОМИЛОВга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори жаноб Н.Т. ЙЎЛДОШЕВга шикоят аризасини жўнатди. Қуйида шу ариза матнини келтирдим.
«ВАКОЛАТ УСТУНМИ ЁКИ ҚОНУНИЙЛИК?
2009 йил 30 июль куни Жиноий ишлар бўйича (ЖИБ) Тайлоқ тумани суди (раислик этувчи Н.Мирмуҳаммедов) томонидан менга нисбатан чиқарилган айблов ҳукмини тўлиғича Қонунга хилоф, деб ҳисоблайман.
Аввало, қуйидаги икки ҳолатни келтираман:
I. Суд жараёнлари икки ой давом этди. Судланувчилар тарафидан тўрт нафар адвокат ҳамда бир нафар жамоат ҳимоячиси(Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари "EZGULIK" жамияти вакили жаноб А. ТАШАНОВ) қатнашдилар.
Ҳукм ўқиладиган кун 2009 йил 30 июлда ҳеч бир адвокат ҳамда жамоат ҳимоячиси иштирокисиз, шунингдек, судланувчилар 20 нафарга яқин кучайтирилган соқчилар қуршовида суд биносига мажбуран келтирилиб, Раислик этувчи Наврўз Мирмуҳаммедов томонидан айблов ҳукмининг Якуний қисми ўқиб берилди.
II. Суднинг айблов ҳукми ҳамда терговчи тузган "Айблов хулосаси" матнларининг асосий қисми нафақат сўзма~сўз, ҳаттоки имло хатоларигача бир хил!
Юқоридаги икки ҳолатнинг ўзиёқ суд ҳукми бекор қилиниши учун етарли асос бўлади, деб ҳисоблайман.
Мен ушбуга асос бўлган суднинг айблов ҳукмига нисбатан кейинги икки йил давомида мамлакат Олий суди ва БОШ ПРОКУРАТУРАСИГА бир неча қайта ШИКОЯТ келтирдим.
БОШ ПРОКУРАТУРА МАСЪУЛЛАРИ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 118-моддаси принципига очиқчасига хилоф тарзда "Олий судга мурожаат қилинг" деган "отписка"дан нари ўтишмади.
Олий суддаги соҳиби ақллар эса, мамлакат Асосий Қонуни 13-, 112- моддалари принципларидан тортиб, ЖК 8-, 9-моддалари; ЖПК 11-, 22-, 23-, 85-, 87-, 94-, 95-, 455-моддалари талабларию, Олий суд Пленумининг "Суд ҳукми", "Далиллар мақбуллиги", "Жиноят ишларини назорат тартибида кўриш амалиёти" билан боғлиқ Қарорларида белгиланган тегишли раҳбарий тушунтиришларга эътибор қаратмасдан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.МИРЗИЁЕВнинг кейинги уч йил давомида одил судлов масаласидаги таъкид ва ислоҳотлар бўйича изчил сиёсатига амалий ёндошмасдан, эскича услуб ҳамда фикрлаш қобиғидаги "ОТПИСКА" (ҳатто айтиш мумкинки, саводсизларча тайёрланган!) жавоб хатлари билан чекланишни маъқул санашмоқда.
Ч У Н О Н Ч И:
Олий суд судьяси жаноб Ш.ТОЖИЕВ имзоси билан 2020 йил 8 сентябр санаси ва №13-545-19 рақами қўйилган жавоб хатини олдим.
Унда шундай дейилган:
"... шикоятингиз Олий судда такроран ўрганилиб, ...бу ҳақда... 2020 йил 25 февралдаги 13-545-19 рақамли хати билан батафсил жавоб берилган..."
ХЎШ, "2020 йил 25 февралдаги 13-545-19 рақамли хати"да "батафсил берилган жавоб"да нима дейилганди?
Олий суд раисининг ўша вақтдаги ўринбосари жаноб Х. ЁДГОРОВ имзоси билан берилган 2020 йил 25 февралдаги 13-545-19 рақамли хатида:
"Сизни ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми "а" банди, 228-моддаси 2-қисми "б" банди, 228-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганликдаги айбингиз, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, диктофон бериш ва қайтариб олиш, магнит тасмасига ёзиб олинган сўзлашувларни эшитиш, воқеа жойини кўздан кечириш, ашёвий далилларни олиш баённома- лари, судга оид криминалистик экспертиза хулосаси ҳамда жиноят ишида тўпланган ва суд қарорларида атрофлича муҳокама қилинган объектив далиллар билан ўз исботини топган..."
УШБУ КЎЧИРМАНИ ҚИСҚАЧА ШАРҲЛАСАМ:
1. Менга нисбатан ҳукмда ЎзР ЖК 165-моддаси 2-қисми "а,б,в" бандлари билан ҳам айблов қўйилиб, унга кўра 5000 АҚШ доллари билан боғлиқ эпизод ёпиштирилганди. Агар шу сохта эпизодни елимламаганида терговчи жаноб С. Мажидов менга 165-модда 3-қисми "а" банди (жуда кўп миқдор) бўйича айбловни илолмасди.
2. ЎзР ЖК 165-моддаси 2-қисми "а,б,в" бандлари бўйича эпизод 2019 йил 6 сентябрь куни Олий суд ЖСҲ Ажрими билан айбловдан чиқарилган.
3. Ўтган ўн бир йилдан ортиқ вақт мобайнида бирорта инстанция суди ёки судьяси "ЎзР ЖК 165-моддаси билан 228-моддалари ўртасида қандай мувофиқлик бор?" - деган саволга қонуний жавоб бера олмаганлар, ҳатто бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаган.
4. "Диктофон бериш ва қайтариб олиш, магнит тасмасига ёзиб олинган сўзлашувлар"га келсак.
"Иш жилдлари"да жабрланувчи А. ЎРИНБОЕВга диктофон берилганлиги ва қайтиб олинганлиги ҳақида тузилган Баённомалар мавжуд. Чиндан ҳам жабрланувчи А.Ўринбоев махсус идорадан (икки марта!) диктофон олиб, овозларимизни ёзиб юрган. Бироқ диктофон аудио ёзувлари ТЕРГОВнинг ҒАРАЗЛИ манфаатларига зид келиб қолганлиги сабабли "Иш материаллари"-га қўшилмасдан, йўқотиб юборилган. Терговда ҳам, икки ой давом этган суд жараёнларида ҳам диктофон ёзувларини на терговчи, на судья бизга топиб бера олмаган. Диктофон ёзуви ўрнига жабрланувчи А.Ўринбоевнинг қандайдир аёл билан мутлақо тушунарсиз телефон сўзлашуви диски ва матни қўшиб қўйилган.
"Иш жилди"да ҳеч қандай (жаноб Х. Ёдгоров ишонч билан таъкидлаган!) диктофон аудио МАГНИТ ЛЕНТАСИ МАВЖУД ЭМАС!
5. "Воқеа жойини кўздан кечириш, ашёвий далилларни олиш" масаласига келсак:
2009 йил 22 февраль куни жабрланувчи А.Ўринбоев ва ёлланма гувоҳ Исроил МАҲМУДОВ олдиндан танишлари бўлган аёл М.Ж.ни алдаб "Юлдуз ресторани"га чақирганлар. У ерда спиртли ичимлик ичишиб, кейин аёлга 10.000 доллар миқдоридаги пулни бериб, аёлни ушлашган.
Вояга етмаган икки шахснинг туғилган йилларини бир ёш катта қилиб ёзиб, холис сифатида тушунтириш ҳам олганлар. Аёлни тиббий экспертизадан ўтказмай, ундан менга қарши уйдирма кўрсатув олишга эришганлар.
Аёл билан мени юзлаштиришдан олдин эса, мендан иқрорлик кўрсатуви олишлик учун вилоят прокуратураси Департаменти ходимларидан уч нафари 5 ёшли қизимни ГАРОВГА ОЛИШГА УРИНГАНЛАР!
Юзлаштириш вақтида аёл босим остида менга нисбатан берган ёлғон кўрсатувини тўлиқ инкор этганлиги "Юзлаштириш баённомаси"да бор!
6."Криминалистик экспертиза хулосаси" фақат пулдаги бармоқ изларини текшириш учун ўтказилган. Энг қизиғи, гувоҳ И.Маҳмудовнинг ва судланувчи аёл М.Ж нинг тасдиқлашича "ишлов берилган пуллар"ни аёл билан бир қаторда И.Маҳмудов ҳам ушлаган, ҳатто қўйин чўнтагига ҳам солган, аммо экспертиза хулосасида И.Маҳмудовнинг бармоқ излари аниқланмаган. Воқеа жойидан олинган фотоларда эса, ПУЛ жабрланувчи А.Ўринбоевга тегишли машина салонида бўлганлиги акс этган.
Далилий ашёларни олиш жараёнида негадир ичилган АРОҚ ШИШАСИни ҳам олиш ҳеч кимнинг эсига келмагани қизиқ. Шишадаги ароққа бирор модда қўшилган ёки қўшилмаган- лиги юзасидан савол ҳам очиқ қолиб кетган...
7. ЎзР ЖК 228-моддаси бўйича айбловларга асос қилиб олинган "ИШОНЧНОМА"нинг асл нусхаси мавжуд бўлса-да, шу кунга қадар ундаги ИМЗОЛАР ва МУҲРЛАР ҲАҚИҚИЙ ёки СОХТА экани юзасидан ЭКСПЕРТИЗА ўтказиш масаласи ҳам очиқ қолмоқда. Ваҳоланки, ЎзР ЖПК 173-моддаси тегишли қисмига кўра бу- Қонунийлик (ЎзР ЖПК 11-моддаси 2-қисми!) талаби эканини Олий суддек даргоҳда мартаба эгаси бўлиб ўтирган муҳтарам Зотлар билишса керак!
8. «ГУВОҲЛАРНИНГ КЎРСАТУВЛАРИ» ҳақида ёзавериб чарчадим. Яна бир марта эслатаман:
Тергов даврида мен ва гувоҳлар М.Абдуназаров ҳамда А.Раҳмонов ўртасида ўтказилган "Юзлаштириш" видеотасвирга ҳам олинган. Энг даҳшатлиси, "Юзлаштириш" видеотасвиридаги кўрсатувлар баённомалардаги матнга мутлақо тўғри келмайди!
***
"Иш материаллари" ва ЎзР ЖК 228-моддаси тегишли қисмларига асосан "ИШОНЧНОМА"да номлари кўрсатилган фермерларни АЛДАБ, ОҚ ҚОҒОЗГА уларнинг муҳри ҳамда имзоларини қўйдирганликда ҳам айбланганман. ЭНДИ ЎЗ ЎЗИДАН ШУНДАЙ САВОЛЛАР ТУҒИЛАДИ:
(Ўн бир йилдан бери бу саволларга қонуний жавоб тополмадим!)
1. Модомики, мен томонимдан шундай ҳаракат ёки қилмиш содир этилган бўлса, ФЕРМЕРЛАР НИМА УЧУН ЖАБРЛАНУВЧИ СИФАТИДА ЖАЛБ ҚИЛИНМАДИЛАР?
2. ҚАНДАЙ АСОСГА кўра ГУВОҲ СИФАТИДА ҚАТНАШДИЛАР? Агар фермерлар ГУВОҲ бўлсалар, "ҲУЖЖАТ СОХТАКОРЛИГИ" айблови бўйича жабрланувчи КИМ?
3. Агар (дейлик!) чиндан ҳам мен фойдаланган "Ишончнома" СОХТА БЎЛСА, "сохта ҳужжат ёрдамида содир этилган қилмиш" қонуний жиҳатдан қандай малакалантирилади?
P.S. Қўшимча маълумот учун:
Менинг номимга мазкур "ИШОНЧНОМА" ўн нафар фермер томонидан 2008 йил 24 август куни берилган бўлиб, айнан шу "Ишончнома" орқали 2008 йил сентябрь~ноябрь ойларида Жомбой туман ИИБ ТБ да мен фермерлар ҳуқуқини ҳимоялаганман. Буни тасдиқловчи фермерлар тарафидан туман ИИБ бошлиғи Хошимов, ПРОКУРОРИ РЎЗИЕВ номларига ёзилган тушунтириш хатлари мавжуд.
Қолаверса, ТУМАН ПРОКУРАТУРАСИ МАСЪУЛ ХОДИМИ томонидан 2008 йил октябрда бу борада тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган ёзувлар ҳам бор бўлса-да, на тергов даврида, на суд босқичларида бу муҳим жиҳатларга (ҳатто шу кунгача ҳам) эътибор қаратилган эмас!
4. Юқорида таъкидлаганимдек, тўлиқ икки ой давом этган "Суд ҳукми" билан терговчи тузган "Айблов хулосаси" матнлари асосий қисми нафақат сўзма~сўз, ҳатто имловий хатоларгача деярли бир хил бўлиши нимани англатади?
Аслида "Ишончнома" сохта эмас, балки "ИШ материаллари", қатнашган холислари ва гувоҳлари СОХТА! Жабрланувчилардан икки нафари ( В. Хўжақулов, С. Боймуротов) берган уйдирма Ариза орқали қўйилган айблов 2019 йил 6 сентябрь куни бекор қилиниб,"бита" бўлди.
Қолган ягона жабрланувчи А.ЎРИНБОЕВ тергов "Юзлаштириш жараёни"да ҳам, судда ҳам мен билан на пул, на бирор моддий манфаат юзасидан мутлақо гаплашмаганлигини тан олиб берган кўрсатувлари "Иш материаллари"да мавжуд.
ЮҚОРИДАГИ ЭЪТИРОФЛАРГА КЎРА:
1. Менга нисбатан ғайриқонуний ҳолатда чиқарилган суднинг айблов ҳукми Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 13-, 15-, 112-, 118-моддалари принципларини амалий ҳурматлаган ҳолда; Ўзбекистон Республикаси Жиноят просессуал кодекси (ЖПК) 11-, 22-, 23-, 85-, 87-, 94-, 95-, 173-, 455-, 515- моддалари талабларига амалий ёндошилган ҳолда; шу баробарида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Суд ҳукми","Далиллар мақбуллиги", "Жиноят ишларини назорат тартибида кўриш суд амалиёти"га оид Қарорларида белгиланган тегишли раҳбарий тушунтиришларга тўлиқ эътибор қаратган ҳолда НАЗОРАТ ТАРТИБИДА КЎРИЛИШИНИ.
2. Ушбуда келтирилган ҳар битта эътирозга қонунийлик нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳо берилишини
С Ў Р А Й М А Н.
Дилмурод САЙЙИД (Саидов),
Тошкент шаҳри, 25.Х.2020 йил» [11]
Хуллас калом, Ўзбекистонда Прокуратура органларининг тугатилиши Дилмурод Саййид каби ўзбек зиёлиларига қарши сохта суд ишларининг Адолат вазирлиги назорати ва иштирокида қайтадан кўрилишига йўл очади, иншааллоҳ.
14. Прокуратура органлари мен ватандошларим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишим ва мустақил журналистик фаолиятим давомида кўп марта ёмонлик қилган. АҚШда 2010 йил январдан яшаётган мендек ўзбек зиёлисига ҳам ёмонлик қилишга улгурди. 2021 йил 21 октябр куни Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонасида Ўзбекистон консуллигининг биринчи котиби Фахриддин Муминову мени Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиш ҳақидаги бир варақ қоғозни берди. Мен сабабини сўрадим. У ва маслаҳатчи Жамшид Мирзабоев сабабини билмаслигини айтишди. Мен исми шарифим ёзилган ва Президент имзо қўйган фармон нусхасини сўрадим. Улар бу илтимосимга ҳам жавоб бера олишмади.
Ўзбекистон ва халқаро қонунларга кўра Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш ҳуқуқи фақат Ўзбекистон Президентига берилган. Фуқаролик бериш ҳуқуқи Президентга берилган экан, фуқароликдан маҳрум қилиш ҳуқуқи ҳам Президентга берилган ҳуқуқдир. Мени Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиш ҳақида Президент Ислом Каримов ҳам, 2016 йил сентябрдан бери Ўзбекистонга раҳбарлик қилаётган Сизнинг имзонгиз қўйилган ҳужжат мавжуд эмас.
Мен 2010 йил январдан бошлаб АҚШда яшаяпман ва 2015 йилдаёқ АҚШ фуқаролигини олишим мумкин эди. Мен АҚШ фуқаролигини олмадим ва АҚШ давлат идораларида ишламадим. Иккита университет маълумотим билан оддий газета сотиш билан тирикчилик қилаяпман. Лекин Ўзбекистон кучишлатар органлари билан боғлиқ шахслар мени Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилишди. Улар яхши билишадики, агар мен Ўзбекистон Олий судига шикоят ёзсам, Прокуратура орқали судга босим кўрсатиб, фуқаролигимни тиклашга имкон беришмайди.
15. Бизнинг аждодлар минг йиллар давомида 120 та давлат қуришган, улардан 16 таси буюк давлатлардир. Ўша давлатлар раҳбарлари прокуратура органларига муҳтож бўлмаган. Наҳотки бугунги давлатимиз раҳбарлари жиноятчи прокуратура органларисиз давлатимизни бошқора олмаса? Менимча, Сизнинг раҳбарлигингизда бошқора олади ва бу Сизнинг Президентлик даврингиздаги катта ислоҳотлардан бири бўлади, иншааллоҳ.
16. Айрим ватандошлар прокуратурага ҳалол, яхши, зиёли инсонларни юбориб, унинг ҳалол ишлашига эришса бўлади, дейишлари мумкин. Ўзбекистон прокуратурасида ишлай бошлаган шундай яхши, ҳалол инсоннинг аянчли тақдири ҳақида қисқача маълумот келтирай.
Таниқли филолог олим, профессор раҳматли Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг (1932-2000) ўғли Ҳабибуллоҳ ҳуқуқшунос эди. Адашмасам, у 1992 йилда Ўзбекистон прокуратурасида ходим бўлиб ишлаб юрганида “қандайдир кимсалар” уни гумдон қилди. Агар Ғайбуллоҳ ас-Салом ўз умри давомида ҳалол яшаб, доим тўғри сўз ва халқпарвар бўлгани, кўпгина ибратли ишларни амалга оширгани, масалан, 14 жилдли Ўзбек Совет Энциклопедиясини нашр этиш учун 1960-йиллар охирида Москвадаги раҳбарлардан маблағ олишда ва академик Иброҳим Мўминов раҳбарлигида тайёрланишида катта хизмат қилганини ҳисобга олсак ([12]-га қаранг), унинг яккаю ягона ўғли Ҳабибуллоҳнинг йўқ қилиниши бесабаб бўлмаганини тушунамиз.
Раҳматли Ғайбуллоҳ ас-Салом 1992 йилда Ўзбекистон телевидениесининг иккинчи каналида сўзга чиқиб, бир оз гапиргач, ўз ўғли Ҳабибуллоҳнинг бедарак йўқолгани ҳақида гапира бошлади. У бу ҳақда бир оғиз гап айтганидан, телекўрсатув узилди. Яъни телевидение раҳбарияти, аниқроқ айтганда Ўзбекистон махсус хизмат органлари билан боғлиқ кимсалар, ўзбек зиёлилари орасида жуда ҳурматли бўлган олим Ғайбуллоҳ ас-Саломга, шу бечора отага ўз ўғли Ҳабибуллоҳ ҳақида халққа мурожаат қилишга имкон беришмади.
Ғайбуллоҳ ас-Салом 1996 йилда чоп этилган ўзининг “Армон. Дил чорраҳаларида» номли китобида қуйидаги гапларни ёзиб, халққа мурожаат қилган эди ([13]).
“Эй, яхшилар! Сиз ҳам менинг ҳақимга қўл очиб дуо қилингиз: ё Ғавсул Аъзам! Мен ҳам шу ёруғ дунёда ниятимга етайин. Худо хоҳласа, ёлғиз ўғлим Ҳабибулложонимни топиб, бағримга босайин. Турли сабаблар остида, ўз вақтида ўтказаолмаган тўйларимни Аллоҳ менга ҳам насиб этсин. Насиб этса, иншоллоҳ, ҳаммангизни тўйга хабар қиламан, азиз муштарийлар. Махсус хабар кутиб ўтирмай, ҳиммат юзасидан келаверинг бизникига.
Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг манзилгоҳини ҳамма билади …” [13, 59-60-б.]
Ҳабибуллоҳ қайтиб келмайдиган жойга йўқ қилинганлигидан, Ғайбуллоҳ ас-Салом ўз ўғлини кўра олмади. У ўз умри охирида шундай васият қилди: “Ўғлим Ҳабибуллоҳнинг жанозасини менинг жанозамга қўшиб ўқинглар”. Шундай бўлди ҳам: Тошкентдаги Миллий университет профессори Ғайбуллоҳ ас-Салом вафот этганида имом марҳумнинг васиятини эслатиб, унинг ва ўғли Ҳабибуллоҳнинг жанозасини қўшиб ўқиди.
17. Қисқаси, Прокуратура органларини ва прокурорларни ўзгартириб бўлмайди. Шу ерда буюк шоиримиз Алишер Навоийнинг (1441-1501) битта машҳур тўртлигини эслашимиз жуда ўринлидир.
Нокасу ножинс авлодин киши бўлсун дебон,
Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами.
Ким, кучук бирла хўтукка неча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, дағи эшак, бўлмаслар асло одами. [14, 216-б.]
Алишер НАВОИЙ
18. Прокуратура ҳақида Ўзбекистон Конституциясининг 25-бобида ёзилган [15]. Конституциямиз 93-моддасига асосан: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатига асосида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин.
Маълумки, Ўзбекистон 1991 йил 1 сентябр куни Мустақилликка эришгач, 2023 йилгача Конституциямизга 15 марта ўзгартириш киритилди. Зарур бўлса, Ватанимизда адолат ва демократияни тиклаш учун прокуратура органларини тугатишга доир Ўзбекистон Конституциясига 16-марта ўзгартириш киритиш мақсадида халқимиз референдумга рози бўлади, иншааллоҳ.
19. Айрим кучишлатар орган раҳбарлари ноҳақ жабр кўрган фуқароларимиз суд орқали компенсасия тўлашни талаб қилади, деб ваҳима қилишлари мумкин. Давлатиимиз моддий имкониятларидан келиб чиқиб компенсасиянинг юқори миқдорини фармон ва қонун ёрдамида чегаралаб қўйишимиз мумкин.
20. Прокуратура тугатилгач адолатсиз суд ишларини, жумладан Гулнора Каримовага нисбатан адолатсиз суд ишларини халқаро талаблар даражасида қайтадан ўтказишимиз, Мели Қобилов ва Дилмурод Саййид каби ватандошларимизга қарши қилинган суд ишларини қайта кўриш имконияти пайдо бўлади. Алал-оқибат Ватанимизда адолат ва демократия тантанасига эришамиз, иншааллоҳ.
---------------------------------------------
ЭСЛАТМА. Мен “Гулнора Каримова тақдири” номли китобимнинг катта қисмини ёзиб бўлдим. Қолган қисмини ҳам яқин ойларда ёзиб тугатаман, иншааллоҳ. Унинг мундарижасини қуйида келтираяпман.
МУНДАРИЖА
Андрей Малишконинг “Ҳақиқат” номли шеъри. Эркин Воҳидов таржимаси. [2]
Рустам Ғойиповнинг “Ҳақиқат” номли қўшиғи. [3]
Кириш сўзи.
Биринчи қисм. Гулнора Каримова тақдири.
1. 2014: Галима Бухарбаева фикри.
2. Таржимаи ҳоли.
3. Ижтимоий фаолияти.
4. Шахсий ҳаёти.
5. 2013-2014: Уй қамоғи.
6. 2015: Масхарабозлик суди.
7. Ислом Каримов қизи Гулнорани нега қутқара олмади?
8. 2016: Адвокат Грегуар Манжа (1971).
9. 2016: Грегуар Манжа ва Гулноранинг дастлабки учрашуви.
10. 2018: Грегуар Манжа ва Гулноранинг иккинчи учрашуви.
11. 2019: Грегуар Манжа ва Гулноранинг учинчи учрашуви.
12. 2019: Грегуар Манжанинг Ўзбекистонга кириши тақиқланди.
13. Гулнорага қарши айбловлар ва қамалиш саналари.
14. Дор остидан қочирилган терговчи.
15. 2018-2019: Қамоқдан озод қилиш баҳонасида провокация.
16. 2019: Прeзидeнтга ва халққа мурожаат.
17. 2019: 131 миллион долларнинг қайтиши.
18. 2019: Грегуар Манжага Гулнора билан учрашишга рухсат беришмади.
19. Прокуратура айбловлари.
20. 2006-2019: «Бекободсемент» ва «Қувасойсемент»га доир машмашалар.
21. Ўзбекистонда прокуратурани тугатиш керак.
22. Тазйиқдаги адвокатлар.
23. 2020: Сохта суд.
24. 2019-2021: Telia компаниясидан пора олганмиди?
25. 2021: БМТга мурожаат.
Иккинчи қисм. Пикетларим ва Мурожаатномаларим.
1. 2017: Пикет.
2. 2018: Пикет ва мақолам.
3. 2019: Пикет ва Мурожаатномам.
4. 2020: Пикет ва Мурожаатномам.
5. 2021: Пикет ва Мурожаатномам.
6. 2022: Пикет ва Мурожаатномам.
7. 2023: Пикет ва Мурожаатномам.
8. 2024: Пикет ва Мурожаатномам.
Учинчи қисм. Постингларга жавобларим.
6. 2022: Рузибай Нуров ва Ойбек Рузметов постинглари.
7. 2022: Khalida Mukhamedova постинги.
8. Омадилло Бозоров айбловлари.
8.1. Омадилло айбловларига биринчи жавобим.
8.2. Омадилло айбловларига иккинчи жавобим.
8.3. Омадилло айбловларига учинчи жавобим.
9. 2022: Rustam Aman постинглари.
10. 2022: Kurbanay Kemal постинги.
11. 2022: “Ortiq Qayum” ва “Куч Адолатда” постинглари.
12. 2018: Абдулатиф Носиров постинги.
13. 2018: Дилноза Вагнер постинги.
14. 2018: Xafizullox Avazbek постинглари.
15. 2018: Dado Nado постинги.
16. 2019 йил 6 март кунги постингим.
17. 2019: Каримберди ҳожи Тўрамурод: “Гулнорага озодлик!”
18. 2019: Баҳодир Кадиров постинги.
19. 2019: Али Шер постинги.
20. 2019: Jakhan Karakhanli постинги.
21. 2019: Зохиджон Закиров постинглари.
22. 2019: Йигитали Нур постинглари.
23. 2019: Мурод Махсудов постинглари.
24. 2019: Равшан Садиков постинги.
25. 2019: Namoz Normumin постинглари.
26. 2019: Алишер Таксанов постинглари.
27. Айрим хулосалар.
Фойдаланилган адабиётлар.
--------------------------------------------------
Ушбу “Гулнора Каримова тақдири” номли китобимни қуйидаги манзилда тайёр бўлган қисмини тўлиқ ўқишингиз мумкин.
АҲМАДЖОНОВ Ш. Гулнора Каримова тақдири. Китоб. – ГУЛНОРА КАРИМ китоб | Записи в рубрике ГУЛНОРА КАРИМ китоб | Дневник Турон_Шухратжони : LiveInternet - Российский Сервис Онлайн-Дневников (www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/7011906/ "Турон Шухратжони" кундалиги (дневник)даги “ГУЛНОРА КАРИМ китоб” , “2023 YILGI MAQOLALAR”, “ПРАВОЗАЩИТА” рукнлари. 2023 йил 26 июл – 2024 йил 1 июл);
- Facebook (www.facebook.com/profile.php?id=100002930964631 Шухратжон Ахмаджоновнинг Фейсбукдаги саҳифаси, 2023 йил 25-26 июл – 2024 йил 1 июл).
“Гулнора Каримова тақдири” номли китобимда Фойдаланилган адабиётларнинг умумий рўйхати билан қуйидаги манзилда танишишингиз мумкин.
АҲМАДЖОНОВ Ш. Гулнора Каримова тақдири. Фойдаланилган адабиётлар. – ГУЛНОРА КАРИМ адабиёт | Записи в рубрике ГУЛНОРА КАРИМ адабиёт | Дневник Турон_Шухратжони : LiveInternet - Российский Сервис Онлайн-Дневников (www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/7011907/ "Турон Шухратжони" кундалиги (дневник)даги “ГУЛНОРА КАРИМ адабиёт” , “2024 YILGI MAQOLALAR”, “ПРАВОЗАЩИТА” рукнлари. 2024 йил 1 июл);
- Facebook (www.facebook.com/profile.php?id=100002930964631 Шухратжон Ахмаджоновнинг Фейсбукдаги саҳифаси, 2023 йил 25-26 июл).
-----------------------------------------------
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
1. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 2 август куни ўтказган видеоселектор йиғилишида прокурорлар ҳақида айтган гаплар. - OZODLIK RADIOSI. Шавкат Мирзиёев прокурорларни "энг катта ўғрилар" деб атади. - Шавкат Мирзиёев прокурорларни "энг катта ўғрилар" деб атади (youtube.com) (www.youtube.com/watch?v=33YnIMDz2WE 2017 йил 5 август. 3 дақиқа 1 сониялик видеолавҳа).
2. ТОЛИБ ЯКУБОВ. Политический заключенный Мели Кобилов. – «Информационный бюллетень Общества прав человека Узбекистана (ОПЧУ) о нарушениях прав человека в Узбекистане», 1998, № 1, с. 5-9.
3. Ш.Ахмаджонов - Политические партии Узбекистана: шесть зарегистрированых и одна "скрытая". Ч. 2-я. - Ш.Ахмаджонов - Политические партии Узбекистана: шесть зарегистрированых и одна скрытая. Ч. 2-я | ЦентрАзия (centrasia.org) (www.centrasia.org/newsA.php?st=1109221680 24.02.2005).
4. Обращение политзаключенного Мели Кобилова Председателю Хьюман Райс Вотч/Хельсинки господину Джонатану Фэнтону. – «Информационный бюллетень ОПЧУ о нарушениях прав человека в Узбекистане», 1998, № 1, с. 9-10.
5. Сообщение пресс-центра Общества прав человека Узбекистана. – 2002 г.
6. Би-би-си меҳмони - Мели Қобилов. - Би-би-си меҳмони - Мели Қобилов - BBC News O'zbek (www.bbc.com/uzbek/uzbekistan/2011/10/111009_cy_talkingpoint_meli_qobilov 2011 йил 9 октяб).
7. ЭГАМ ШУҲРАТ, Д.БЕКТЕМИРОВ. Ҳимоя нутқи. Адвокат М.Қобилов ва адвокат ёрдамчиси Б.Қобиловлар манфаатида. - Адолат излаб | TURONZAMIN (www.turonzamin.org/2010/05/28/mqobilov/ 2010 йил 28 май).
8. “Боғчадаги қизимни гаровга олмоқчи бўлишган” — Каримов давридаги сиёсий маҳкум ҳикояси. Жамшид Ниёзов суҳбатлашган. - “Боғчадаги қизимни гаровга олмоқчи бўлишган” — Каримов давридаги сиёсий маҳкум ҳикояси (kun.uz) (www.kun.uz/kr/news/2022/10/04/bogchadagi-qizimni-garovga-olmoqchi-bolishgan-karimov-davridagi-ciyosiy-mahkum-hikoyasi 2022 йил 4 октябр).
9. Дилмурод Саййид (1962) - Дилмурод Саййид (1962) - www.ziyouz.uz (www.ziyouz.uz/ozbek-sheriyati/ozbek-zamonaviy-sheriyati/dilmurod-sayyid/ 2013 йил 15 октябр).
10. ДИЛМУРОД САЙЙИД. "Йўқ" ҳақида бадиҳа" - BBCUzbek.com (www.bbc.com/uzbek/news/story/2005/11/051130_uzbekarticle Мақола "Адвокат Пресс" мустақил ҳафталигининг 24-ноябр кунги сонида чоп этилган. 2005 йил 30 ноябр).
11. ДИЛМУРОД САЙЙИД. Ваколат устунми ёки қонунийлик? Дилмурод Саййиднинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил /ОМБУДСМАН жаноб У. Н. МУҲАММАДИЕВга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси жаноб К.Ф. КОМИЛОВга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори жаноб Н.Т. ЙЎЛДОШЕВга ёзган шикоят аризаси. - Dilmurod Sayyid - #Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон... | Facebook (www.facebook.com/barno.said.14/posts/821915385305255 Дилмурод Саййиднинг Фейсбукдаги саҳифаси, 2020 йил 26 октябр).
12. ҒАЙБУЛЛОҲ ас-САЛОМ. Ҳалоллик бозорда сотилмайди: Публицистика. – Т.: “Адолат”, 1998. – 224 б.
13. ҒАЙБУЛЛОҲ ас-САЛОМ. Армон. Дил чорраҳаларида. – Т.: Адолат, 1996. – 64 б.
14. АЛИШЕР НАВОИЙ. Ҳикматлар. Нашрга тайёрловчилар: С. Муталибов, Э.Очилов. – Т.: “Sharq”, 2014. – 224 б. (216-б.).
15. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. - 30.04.2023. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (lex.uz) (www.lex.uz/docs/6445145 2023 йил 1 май).
-------------------------------------------
E-mail: havassh54@gmail.com , jiz54@mail.ru
АҚШ, Вашингтон шаҳри
2024 йил 7-10 июл