Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ
1999 ЙИЛГИ ТОШКЕНТ ПОРТЛАШЛАРИ: ВОҚЕАЛАР ТАФСИЛОТИ (1-МАҚОЛА)
Аслида ҳаёт оддийдир, лекин биз сабот билан уни мураккаблаштирамиз. [1]
КОНФУЦИЙ (эрамизгача 571-479 йиллар)
Фото 1. V-шаклдаги таянчи бўлган Вазирлар Маҳкамаси олдида ГАЗ-21 (Волга) туркумидаги автомобил портлашидан кейинги ҳолат. Тошкент, Мустақиллик майдони. 1999 йил 16 феврал [2]
МУНДАРИЖА
Кириш сўзи.
1. Абдували қори Мирзаев (1950.11.04-1995.30.08) тақдири
2. 1996-1998: Зайниддин Асқаров (1971.18.02-2010.11.10) фаолияти
2.1. Зайниддин Асқаров ким ўзи?
2.2. Асқаровнинг мақсади
2.3. Асқаров ва Тоҳир Йўлдош (1967-2009.27.08)
2.4. Асқаров ва Абдураҳим Пўлатов (1945.07.11)
2.5. Асқаров ва шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1952.15.04-2015.10.03)
2.6. Асқаров ва Жаҳонгир Муҳаммад (1955.01.09)
2.7. Асқаров ва Муҳаммад Солиҳ (1949.20.12)
3. 1998-1999: Абдували қорини қутқариш операцияси
3.1. Козим Муродилла раҳбарлигидаги гуруҳ фаолияти
3.2. Баҳром Абдуллаев фаолияти
4. 1999 йил 16 феврал портлашлари
5. МХХ раҳбарияти портлашларни олдиндан билган
Илова. Толиб Ёқуб: Тошкентда содир этилган портлашларда айбланганлар.
Фойдаланилган адабиётлар
-------------------------------------------------
КИРИШ СЎЗИ
Тошкент шаҳрида террор портлашлари 1999 йил 16 феврал эрталаб содир этилди. 2019 йил 16 феврал куни бу портлашлар рўй берганига 20 йил тўлади. Ўзбек халқи фарзандларига қарши қама-қамалар уюштиришга баҳона бўлган ушбу мудҳиш портлашларни кимлар ва қандай қилиб уюштирганига доир иккита таҳлилий мақоламни ўқувчим эътиборига ҳавола қилмоқчиман.
Тошкент портлашларига доир маълумотлар кўплиги сабабли улар таҳлилини битта мақоламга сиғдира олмадим. Шу сабабли биринчи мақоламда кўпчиликка маълум бўлган фактлар асосида воқеалар тафсилотини манбалар асосида иқтибослар келтириб ёздим.
Мендаги айрим маълумотларга кўра бу портлашларни Россия Федерал хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг бир гуруҳ зобитлари уюштирди. Мен портлаш арафасида ва портлаш рўй берган кунлари портлашни уюштириш штаби жойлашган 4 қаватли бинодаги хонадонга қўшни бўлиб яшадим. Бу хонадонни қандай қилиб ижара олганим ва воқеалар тафсилотини иккинчи мақоламда келтираман, иншааллоҳ.
Портлашларга доир қуйидаги маълумотларни [2]-мақоладан келтираяпман.
Ўзбекистон Республикасининг 1998 йилги иқтисодий тараққиёти натижаларига бағишланган Ўзбекистон ҳукумати йиғилиши 1999 йил 16 феврал кунига режалаштирилганди. Шунда V-шаклдаги таянчи бўлган ҳукумат биноси олдида президент Ислом Каримовнинг қўриқлаш ҳизмати ходимлари ва жангарилар ўртасида отишма бошланди. Отишмадан кейин бир қатор портлашлар бўлиб ўтди.
Дастлабки портлаш соат 10:40 да Юсуф Хос Ҳожиб кўчасида Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида бўлди: ичига портловчи моддалар ўрнатилган ЗАЗ968М (Запорожец) туркумидаги автомобил портлади.
Иккинчи портлаш соат 10-55 да Шараф Рашидов шоҳкўчасида, метронинг «Мустақиллик майдони» шоҳбекатидан 20 метр масофада рўй берди: бунда ҳам ичига портловчи моддалар ўрнатилган ЗАЗ968М (Запорожец) туркумидаги автомобил портлади.
Учинчи портлаш соат 10-58 да Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси биноси бурчагида ичига портловчи моддалар ўрнатилган ГАЗ-21 (Волга) туркумидаги автомобил портлаши натижасида рўй берди.
Тўртинчи портлаш соат 11-20 да Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банкида содир бўлди: бунда ҳам ичига портловчи моддалар ўрнатилган ЗАЗ968М (Запорожец) туркумидаги автомобил портлади.
Бешинчи портлаш соат 12-00 да Абдулла Қаҳҳор кўчасидаги шахсий уй ҳовлисидаги гаражда рўй берди. [2]
[2]-мақолада 1999 йил 16 феврал куни Тошкентда жами олтита портлаш бўлди, дея фақат бештаси ҳақида ёзган. Менимча, олтинчи портлаш “Искра” кинотеатри яқинида, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати биноси яқинида рўй берганди. Тошкент марказидаги “Искра” кинотеатри ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати биноси битта йўлнинг икки тарафида жойлашган.
Портлашлар оқибатида 16 киши ўлди ва 100 дан ортиқ фуқаро ярадор бўлди. [2]
1. АБДУВАЛИ ҚОРИ МИРЗАЕВ (1950.11.04-1995.30.08) ТАҚДИРИ
Абдували қори Мирзаев ҳақидаги маълумотларни айрим мақолалардан келтираман.
Фото 2. Абдували Мирзаевга доир расмий маълумот. [3]
«Мирзаев Абдували Ашуралиевич, 11.04.1950 йилда Андижон вилоятида туғилган. Олтинкўл тумани, Кумакай қишлоқ фуқаролар йиғини (ҚФЙ), Янги Чек кўчаси, 15-уйда яшаган.
Ташқи кўриниши: бўйи 168-172 см., тўла гавдали, юзи чўзинчоқ, кенг пешонали, қошлари қора, кўзлари қора, бурни катта, оғзи ва қулоқлари ўрта, дахани думалоқ, соқол қўйиб юриши мумкин.
«Жиҳодчилар» диний экстремист оқими (ДЭО) етакчиларидан бири.
18.02.1999 йилда ЎзР Бош прокуратураси томонидан Жиноят кодекси (ЖК)нинг 159, 242 моддалари билан 342-сонли жиноят иши қўзғатилган.
22.05.1999 йилда Олтинкўл тумани Ички ишлар бошқармаси (ИИБ) томонидан 9925-сонли ҚЙЖ юритилган» [3]
Таниқли имом Абдували қори Мирзаевнинг кейинги тақдири ҳақида
1995 йил 29 август куни Абдували Мирзаев Тошкент аэропортида учиш учун қайддан (регистрация), божхона назорати ва махсус текширувдан ўтгандан кейин, МХХ ходимлари тарафидан ўғирланади.
Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида “Усмон Ҳақназаров: Абдували Мирзаевни қандай ўлдиришгани ҳақида” номли мақолани ёзган шахс ҳақиқатга яқин маълумотларни ёзган, деб ҳисоблайман. Ушбу мақола www.uzxalqharakati.com сайтида 2012 йил 30 март куни чоп этилган ([4]-га қаранг). Ушбу мақоладан муҳим жойларини иқтибос кўринишида келтираман.
“1980-йилларнинг охири ва 1990-йилларнинг бошида Абдували Мирзаев нафақат Андижон вилоятида, балки Фарғона водийсининг бошқа вилоятларида ҳам катта обрўга эга эди. Инсонлар ўзларини қизиқтирган масалалар, шу жумладан ҳаётнинг мураккаб муаммоларига жавоб топиш учун унинг жума хутбаларини тинглашга интилишарди. 90-йилларнинг бошига келиб А. Мирзаевнинг обрўси расмий Тошкентни безовта қиладиган даражага эришди. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин, МХХ Андижон вилоят бўлими Абдували Мирзаев жума хутбаларида фуқароларнинг сиёсий моҳиятдаги саволларига жавоб бера бошлагани ҳақида Хавфсизлик Хизматининг марказига шошилинч маълумотларни юбора бошлади.
Кейинчалик А. Мирзаевнинг аудио тасмаларга ёзиб олинган хутбалари нафақат Фарғона вилояти, балки Тошкент, Ўш, Жалолобод, Чимкент, Хўжанд, Ўзбекистон ва қўшни республикаларнинг шаҳарларида кенг ёйила бошлади. Расмий Тошкент ҳокимияти дўппи тор келганда ўзи ҳам ёрдам сўраб борадиган бу андижонлик имомнинг тобора ортиб бораётган обрўсидан жиддий хавотирга тушди. Масалан, Наманган воқеаларида маҳаллий ҳокимият ва миршабларнинг зулмидан ғалаёнга келган оломон қаршисида чиққан барча тўсиқларни ер билан яксон қилар экан, Ислом Каримов ички Ишлар вазирлиги ва МХХ раҳбарияти орқали шахсан Абдували Мирзаевга мурожаат қилиб, ғалаёнга қалқиган оммани тинчлантиришни сўраганди.
Ҳукуматнинг тинчлик ва барқарорликни сақлаш ниятини тўғрилик билан изоҳлаган имом халқ оммасига мурожаат қилиб, Ислом дини ўзгалар мулкига тажовуз қилишни ва кўчаларда тартибсизлик қилишни таъқиқлашини айтади. Вилоят ҳокимини ҳам, куч ишлатар тизимларнинг бошлиқларини ҳам, ҳатто Президентни ҳам тинглашни истамаган халқ оммаси А. Мирзаевнинг бу мурожаатига дарҳол ва сўзсиз итоат этганди ўшанда» [4]
«Натижада И.Каримов Ўзбекистон МХХсига исломий масалалардан бохабар ва мусулмонлар билан алоқа қилишни яхши биладиган тажрибали чекистни раҳбар қилиб тайинлаш фикрига келади. Шу тарзда 90-йилларнинг ўрталарида Афғонистон бўйича мутахассис, форс ва араб тилларини биладиган, афғон мужоҳидлари орасида улкан разведка тажрибасига эга бўлган Рустам Иноятовни Каримовга тавсия қилишади.
Маълумки Рустам Иноятов 1995 йил 27 июнда Ўзбекистон МХХсига раис сифатида тайинланган. Янги лавозимдаги илк кунларида у воқеалар ва инсонлар ҳақидаги оператив маълумотларни Президентга етказиш билан чекланарди. Ўша пайтда совет разведка мактабида тарбия топган Рустам Расулович Президентнинг шахсиятини, характерини, у яхши ёки ёмон кўрадиган хусусиятларни ўрганиш билан машғул эди.
Р.Иноятов Президент яхши кўрадиган ёки унинг жаҳлини чиқарадиган хусусиятларни аниқ ўргангандан кейин, махсус хизматнинг янги бошлиғи сифатида давлат раҳбарига ёқадиган ва уни мамнун қиладиган таклифлар билан тез-тез Президент ҳузурига кирадиган бўлди. Шу тарзда 1995 йил август ойининг бошларида Р.Иноятов Абдували Мирзаевнинг номини эшитиши билан жаҳли чиқадиган И.Каримовга андижонлик имом ҳақида турли маълумотлар бера бошлади. Гоҳида у андижонлик чекистларнинг А.Мирзаев масжидида жума кунлари тартибсизлик чиқара олишмагани, бошқа куни эса бу имомнинг агар дин давлат ишларига аралашмайдиган бўлса, давлатнинг ҳам диний ишларга аралашмаслиги кераклигини айтгани ҳақида Президентга маълумот берарди. Хуллас, Президентга ёқиш учун МХХ раиси унинг столини андижонлик имом ҳақидаги салбий маълумотлар билан тўлдириб ташлайди.
1995 йилнинг 27 август куни, яъни ўзининг МХХ раиси лавозимга тайинланганидан роппа-роса икки ой ўтиб, Р.Иноятов шахсан Президентга А.Мирзаевнинг Тошкент аэропортидан Москвага учиш вақтини, куни ва рейс номерини доклад қилади. Докладнинг сўнггида Ўзбекистоннинг бош чекисти И.Каримовга А.Мирзаев муаммосидан тўла-тўкис қутулиш таклифини ҳам айтади. “Агар истасангиз, биз Абдували Мирзаевни ном-нишонсиз йўқотиб юборишимиз мумкин”, дейди Р.Иноятов президент И.Каримовга. Каримов Иноятовнинг бу таклифига розилик беради.
Шу тарзда 1995 йил 29 август куни Абдували Мирзаев Тошкент аэропортида учиш учун қайддан (регистрация), божхона назорати ва махсус текширувдан ўтгандан кейин, МХХ ходимлари тарафидан ўғирланади. Имом зудлик билан МХХ Марказий биносининг подвалига (текширув изоляторига) келтирилади. Аввал у Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга, Обидхон қори Назаровга ва бошқа таниқли диний уламоларга қарши “компромат” (айбловчи) материаллар бериш учун қийноққа солинади.
Аммо ўзбек чекистларининг (яъни МХХ жаллодларининг) имомдан таниқли уламоларга қарши “компромат” олиш режалари муваффақиятсиз тугагач, МХХ СИЗОсининг “тазйиқчилар”и (бу гумонланган ва иши терговда бўлганларни қийноққа соладиганлар оператив ходимларнинг лақабидир) А. Мирзаевдан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Обидхон қори Назаров ва бошқа таниқли диний уламоларнинг Жума Намагоний ва Тоҳир Йўлдош билан яқин алоқада бўлганликлари ҳақида ёзма кўрсатма беришларини талаб қиладилар.
Аммо Абдували Мирзаев бу талабга ҳам қатъиян рад жавобини беради. Шундан кейин “тазйиқчилар” андижонлик имомни янада ваҳший ва инсон шахсини ерга урувчи қийноқ усуллари билан қийнайдилар. Бу ваҳшиёна қийноқлар вақтида А. Мирзаев жаллодларни ўзининг Ўзбекистонда ҳеч қачон исломий давлат тузиш режаси бўлмагани ва бундай мақсадга эришишни истаган ҳаракатлар билан алоқаси бўлмаганлигига ишонтиришга уринади. Аммо бунинг фойдаси бўлмайди: Рустам Иноятовнинг ўзлари истаган иқрорларни осонгина қўлга киритишга ўрганган жаллодлари А. Мирзаевнинг бу сўзларидан янада ваҳшийлашади…
1995 йилнинг 30 августида бир неча соат давом этган қийноқлар натижасида Абдували Мирзаев кўплаб тан жароҳати олади, унинг суяклари уриб синдиралади ва натижада бу жароҳатлардан хушга келмай вафот этади. “Тазйиқчилар” Р. Иноятовга “тилнинг” (МХХ идорасида гумон ва тергов остидагиларни шундай аташади) овози доимий тарзда ўчирилганини айтишганда, МХХ Раиси ўз ходимларига зудлик билан бу “тил”ни кўмиш ҳақида махсус буйруқ беради. Бу ишни Абдували Мирзаев жасадини 1995 йилнинг 30 август кечаси саноат моддалари учун ишлатиладиган целлофон халтага жойлаган “Ц” бўлими (МХХ махсус бўлими) ходимлари бажаради ва жасадни Тошкент шаҳри ҳудудидан ташқарига, пойтахт вилоятининг Янгийўл тумани томонига олиб кетадилар…
Воқеанинг кейинги куни, яъни 1995 йилнинг 31 августида МХХ Раиси Р.Иноятов, ўз вазифасига тайинлаганидан икки ой ўтиб, президент Каримов ҳузурига Абдували Мирзаевнинг умрбод йўқ қилингани ҳақидаги ўзининг биринчи хушхабарини келтиради. Шу тарзда Рустам Расулович 1995 йилнинг 31 август оқшоми Тошкентдаги Мустақиллик майдонида ҳукумат вакиллари тарафидан нишонланган мустақиллик байрамида Президент кайфиятини кўтарадиган ва Каримов учун ўзига хос ва ўзига мос “совға” тақдим этади. Бу айни пайтда Р.Иноятовнинг И.Каримов ишончига кириши ва президент назарида обрўга эга бўлиши учун қилган дастлабки “хизмати” ҳам эди.
Биз А. Мирзаевни кимлар ваҳшийларча қийноққа солганини ва унинг жасадини Тошкентдан ташқарига олиб чиққан МХХ ходимларининг исми шарифларини номма-ном биламиз. Шунингдек, 29 ва 30 август кунлари бу ваҳшатни МХХ ертўласида амалга оширган раҳбар кадрларни ҳам аниқ биламиз. Аммо бу икки оёқли ҳайвонларнинг, МХХ уларни ҳам изсиз йўқ қилиб юбормаслиги ва жиноятни яна диний фаолларга тўнкамаслиги учун, уларнинг номларини бу ерда келтирмаяпмиз. Агарда Р.Иноятов бу ишни амалга оширса-да, унинг ўзи бу жиноят учун масъул бўлиб қолаверади. Фикримизга кўра, вақти келганда, Р.Иноятов ва унинг идорасидаги “тазйиқчилар” Ўзбекистон халқига А.Мирзаев ва бошқа дин аҳлларини қандай қийноққа солганларини ва ўлдирганларини барча тафсилотлари билан сўзлаб берадилар» [4]
Кейинги муҳим воқеалар тафсилотини кўпроқ Зайниддин Асқаровнинг 2003 йил 27 ноябр куни «Озодлик» ва «Би-би-си» мухбирларига Тошкент қамоқхонасида 1 соат 41 дақиқалик интервюсида айтган фактлар асосида бандма-банд ёритаман ([5]-га қаранг).
2. 1996-1998: ЗАЙНИДДИН АСҚАРОВ (1971.18.02-2010.11.10) ФАОЛИЯТИ
Фото 3. Чапдан ўнгга: Жахонгир Маматов, Ўзбекистон Ислом Ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош, Бирлик Халқ Ҳаракати раисдоши Абдураҳим Пўлатов, Тоҳир Йўлдошев ёрдамчиси Зайниддин Асқаров. Истанбул, 1997 йил [6]
Ушбу сурат тарихига доир қўшимча маълумот. Шу баҳона ўзбек мухолифати ҳақида бирёқлама, сохтакорона, фақат бир киши, яъни Муҳаммад Солиҳни ҳар томонлама оқлаш ва мақташга ҳаракат қилиб ялтоқларча ёзилган Баҳодир Файзнинг “Очерки узбекской оппозиции” (“Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар”) китобига ҳам манбалар асосида қисман баҳо бериб ўтай.
“Тергов ишини юритаётганлар қўлида ўзбек мухолифати лидерларини Ўзбекистон Исломий ҳаракати вакиллари билан танишлигига гувоҳлик берувчи икки сурат бор эди. Биринчи суратда Муҳаммад Солиҳ ва ЎИҲ лидери Тоҳир Йўлдош акс этганди. “Гувоҳ” Зайниддин Асқаровнинг Муҳаммад Солиҳга қарши берган барча ёлғон кўрсатмалари айнан шу суратга асосланган эди. Бу сурат Солиҳни “айбдор” эканлигини тасдиқловчи ягона далил ўлароқ хизмат қилди. (Бироқ З.Асқаровнинг ўзи 2002 йилда ББС радиосининг мухбири Ҳамид Исмоилов билан суҳбатда ва кейинчалик 2003 йилнинг 27 ноябр куни ББС, “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари мухбирлари билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳни портлашларга умуман алоқаси йўқлигини тан олганди).
Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ЎИҲ лидери билан учрашувини ҳеч қачон яширмаган. У бу ҳақда ББС ва “Озодлик” радиолари орқали бир неча марта гапирди. Бундан ташқари у учрашган пайтларда ЎИҲ бу қадар мақеъга эга эмас эди. Ўшанда Истанбулда яшаётган бошқа ўзбек муҳожирлари ҳам бир – бирлари билан учрашганлар. Шу сабабли терговчиларда Йўлдошев билан бошқа мухолифат вакиллари тушган яна бир сурат бор эди. Бу сурат “16 феврал” “иши”га қўшилмади, аксинча терговчилар томонидан яширилди.
Нега?
Хоҳловчилар бу суратларни қуйидаги манзиллардан топишлари мумкин:
1 – сурат манзили: www.stability.uz .
2 – суратни “Turkistan Newslatter’’, 2000 манзилида кўриш мумкин.
Биринчи суратда Муҳамад Солиҳ, Тоҳир Йўлдошев ва Зайниддин Асқаров акс этган.
Иккинчи суратда Жаҳонгир Маматов, Тоҳир Йўлдошев, Абдураҳим Пўлатов ва Зайниддин Асқаров учрашуви туширилган.
Икки сурат ҳам 1997 йилда Истанбулда олинган» [7]
“Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар” китоби муаллифи Баҳодир Файз рус тилидаги вариантида иловада бир неча суратни, жумладан Фото 3 даги суратни келтирган ([6]-га қаранг). Нега Муҳамад Солиҳ, Тоҳир Йўлдошев ва Зайниддин Асқаров акс этган суратни келтирмаган? Бу айнан Муҳаммад Солиҳни ҳимоя қилиб, яъни буни оммадан яшириш учун қилингани кўриниб турган фактдир.
Баҳодир Файз китобнинг ўзбек тили варианти бўлмиш [7]-китоб иловасида суратларни, жумладан фото 3 даги суратни умуман келтирмаган. У “Хоҳловчилар бу суратларни қуйидаги манзиллардан топишлари мумкин» деб ёзган. Мен бугун – 2019 йил 21 январ куни у ёзган сайтларда суратларни топишга ҳаракат қилиб кўрдим. Иккала суратни ҳам топиб бўлмади.
Журналист Жаҳонгир Муҳаммад ушбу суратлар ва “Очерки узбекской оппозиции” (“Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар”) китоби муаллифи Баҳодир Файз ҳақида [8]-мақолада жумладан қуйидагича ёзган.
“Баҳодир Файзини яхши танийман. У Туркияда Зокир Али билан бирга уйимизга келганда, ош еб ўтирганда, “Абдураҳим Пўлатов мухолифатнинг отаси, Муҳаммад Солиҳ эса Хоразм масхарабози” дегани учун унга танбеҳ бергандим. Қаранг-ки, у 360 даражага айланиб кетибди.
У Туркияда ўзбек лаҳчасида ёзиш у ёқда турсин, ҳатто гапиришни ҳам мош-гуручга айлантирган ва рус тилини эса билмас эди. Бу унинг айби эмас. Ҳа, рус тилини билмаслик айб эмас, балки она тилини билмаслик айбдир.
Бугун унинг ўтган йили ўзбек тилида менга ёзган тўрт қаторли электрон мактубини очиб қарасам, 37 та хато қилган экан. Унинг номидан рус тилида чиққан “китоб”ни Хушев ўзбекчага таржима қилаётгани ҳам унинг она тилида икки жумлани эплай олмаслигига бир далил.
Бир пайтлар уни “Америка овози”да жамотчи мухбир сифатида ишлатамиз деб кўп азиятга қолганмиз. Афғонистондан келган ўзбек қардошларимиз унинг овозини эшитиб, ёзганини ўқий олмай “Ўзбекистондан келгансизлар-а”, деб роса масхара қилишган. Шундан кейин уни жамоатчи мухбирга “айлантириш” учун кўп меҳнатим кетган, аммо натижа чиқмаган. Бўлмаса, бўлмас экан» [8]
“Биз расмга тушган кунлар 1995 йил охири эди. Тоҳир Йўлдош билан аввал Абдураҳим Пўлатовнинг Истанбулнинг Кадикўй маҳалласидаги уйида учрашдик. У бир неча киши билан келди ва салом аликдан сўнг:
- Бир хонага ўтиб гаплашайлик, - деди.
Абдураҳим Пўлатовнинг болалари ухлайдиган хонага ўтдик. Икки қаватли каравотга суяниб ўтирган Тоҳир:
-Менга сиёсий қанот керак,- деди.- Армиям бор, аскарларим бор, фақат сиёсий бир куч бўлса бас, ҳукуматни унга олиб берамиз.
Биз узоқ гаплашдик. Мен:
-Толиблар бизга ҳеч қачон дўст бўлмайди,-дедим.-Агар улар Ўзбекистонга келсалар ва сиз уларнинг сафида бўлсангиз, биз Амударёнинг икки соҳилимиз!
Абдураҳим Пўлатов ҳам Ўзбекистонда ислом давлати эмас, демократик давлат тузиш масаласида қарорли эканини айтди. Тоҳир кайфияти бузилиб хонадан чиқаркан, заҳарханда кулиб туриб, ярми ҳазил-ярми чин шаклида׃ “Сизлар коммунист бўлганларингча қолибсизлар”,- деди.
Унинг ҳали Каримовни ўлдириш ҳақида гапи йўқ эди. Аммо Ислом давлати режаси унда пайдо бўла бошлаган эди. У биргалашиб курашайлик, деб атрофига одам тўплаётганди.
У кетаётиб “Мен МС (Мадаминов Салай ва ёки Муҳаммад Солиҳ-ЖМ) билан кўришаман, кейин сизлар билан ҳам такрор учрашаман”, деди. Эртасига Тоҳирнинг Истанбулдаги вакили Зайниддин Асқаров телефон қилди ва Тоҳирнинг мен билан учрашмоқчи эканини айтди.
Зайниддин икки йил олдин Истанбулга келган ва ора-сира телефон қилиб турарди. У доим МС нинг ёнида бўлганини айтар ва унинг мендан жуда ҳам ранжиганини такрорларди.
Тоҳир билан эртаси куни кечқурун бизнинг уйимизнинг ёнида, бензин колонкаси олдида гаплашдик. Тоҳир уйга киришга вақтим йўқ, деса ҳам икки соат чамаси тортишдик. У менга катта пул эвазига ўзи билан Эронга боришимни ва Тожик мухолифатининг радиосида Ўзбекча эшитиришларга бош бўлишимни сўради. Мен унга ўзбек ўлароқ бир ватан фарзандларимиз, лекин, биз ғоявий жиҳатдан бошқа-бошқа одамлар эканлигимизни, қуролли йўл эмас, мақсадимиз, балки демократия эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилдим.
У кетаётиб׃ “Хато қилдингизлар, Муҳаммад Солиҳ сизларга қараганда анча яхши тушунар экан”, деди. Мен ундан газетага интервю беришини сурадим. Ўшанда “Туркия” газетасида ишлардим. У рози бўлди ва эртасига учрашадиган бўлдик. У Абдураҳим Пўлатовга ҳам ваъда берган экан. Истанбул марказидаги Ёшлар уйида учрашдик. Расмга ўша ерда тушдик. Бошқа расмлар ҳам бор. Интервюдан кейин у МС билан учрашгани ва бизларга охирги марта бирга бўлиш таклифини қилаётганини айтди. Биз ўзбек сифатида бир-биримиз билан учрашиб, гаплашишимиз мумкинлиги, лекин ғояларимиз айри-айри қолишини такрор айтиб, хайрлашдик» [8]
2.1. ЗАЙНИДДИН АСҚАРОВ КИМ ЎЗИ?
Асқаров Зайниддин Абдурасулович 1971 йил 18 февралда Наманганда туғилган. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159 ва бир қатор моддалари билан 1999 йил 5 мартда 16 феврал воқеаларига алоқадорликда айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.
«1990-1991 йилда Туркиядан Нақшбандий домлалари келиб Бухоро Самарқандларни, водийни айланган вақтида, зиëрат қилган вақтида ман араб тили, турк тили билганим учун таржимон бўлиб, улар билан юриб кейин ўшалар орқали савдо қилишни ўрганиб, алоқада бўлиб улардан анча адрес олинган эди.
Ўзбекистонда баъзи иқтисодий қийинчиликлар, ўзимни диний-дунëвий илмларда хорижда ўқишлик нияти билан Наманган давлат университетида ўқирдим, ўша ердан ўша ëққа бориб ҳам савдо қиламан, ҳам ўқийман деган мақсадда борган эдим. Адресларга мувофиқ ўша кишиларни топдик. Топиб, уйли-жойли бўлиб савдо билан иш юриш бўлди» [5]
«Биз еттита ўғил, битта сингил. Маҳмудахон опам. Хатда ëзаяпман “Биттаю битта Маҳмудахон опамга салом денглар. Соғиндим” деяпман. Шунинг учун ота-онам олти ой тергов бераяпти» [5]
«Бахтиëр Азизов деган манга адвокат беришди. Ўша вақтда Би-Би-Сининг ходимлари кузатиб турди. Бу адвокатни ман суд залида кўрдим холос. Бу СНБ, МВДларни адвокати экан. У манга келиб “Зайниддин, ман сизни ҳимоя қилиб оламан” деди. ман айтдим “Ман Туркияда адвокатларни кўрганман. 35 та Европа давлатларида бўлганман. Демократик ўлкаларда яшаганман. У ëқдаги адвокатлар конкретно ҳаракат қилишади. Ман сизни пул билан, ҳамма томондан ҳимоя қила оламан. Мани ҳуқуқимни ҳимоя қилиб мани олиб чиқинг” десам, у айтдики, “Пул оладиган точкаларни айтсангиз, ман шулардан пул олиб сизни ҳимоя қилиб оламан” деди. Лекин ман пул оладиган точкаларни айтганимда, улар бориб ҳаммасини олиб, 10 йилдан 20 йилгача қамаб юборди буларни. Билдимки, булар ҳаммаси орқамдан қўйилган жосуслар экан» [5]
«Аслида мани ўзим қўлга тушган вақтимда, мани кўрган кишилар кўрарди, 106 кило вес билан, чëрный пояс иккинчи дан айкидо бўйича шуғулланган, мастер спорт унвоним бўлган эди. Лекин ўша зоналарда шу даражага келдимки, икки килодан ошиқ юк кўтарсам бошим айланиб йиқилиб тушаман» [5]
«Зайниддин Асқаров жасади 2010 йилнинг 11 октябр куни турмадан уйига қайтарилди. Айтилишича, МХХ ходимлари майитни тез дафн қилиш ва шов-шув қилмасликни марҳумнинг яқинларидан талаб қилишган» [5]
2.2. АСҚАРОВНИНГ МАҚСАДИ
“Кейин манда бир фикр туғилдики, мухолифатнинг ҳаммаси бирлаштирилмайдиган бўлса, Ўзбекистон ҳукуматига қарши курашиб бўлмайди. Чунки Ўзбекистонда Каримов шунақа кучлики, бунга ë “Эрк” ë “Бирлик” ëки ислом ҳаракатларнинг бирортаси бас кела олмайди. Бунинг учун ягона бирлик керак. Бунинг учун ҳар бирига бирлашишлик тўғрисида ман ўзим фикр билан чиқдим. Бирлашсанглар нима бўлади, битта бўлиб, майли ҳар ким ўзининг йўлида тураверсин, демократ демократ бўйича¸ жиҳодийлар жиҳодий бўйича, имомлар имомлик бўйича, шуни битта бўлиб майдонга чиқса бўладими деган саволни ташласам, булар “Майдонга чиқса бўлади¸ лекин ҳозиргача биз умуман юзма-юз кўришмаганмиз. Буни кўришиб¸ гаплашишимиз керак” дегандан кейин ман ўзим моддий имкониятим ва Туркиядаги кўплаб бизнинг ҳомийларнинг ëрдами билан шу учрашувни биринчи бора ман ташкил қилган бўлдим” [5]
2.3. АСҚАРОВ ВА ТОҲИР ЙЎЛДОШ (1967-2009.27.08)
“Биз у ерга борганда кимсан Муҳаммад Солиҳ, Жаҳонгир Маматов, Абдураҳим Пўлатов, муфтий Муҳаммад Содиқ шунга ўхшаган хорижда Ўзбекистонни маълум сабабларга кўра чиқиб кетган кишилар бўлганлиги учун биз улар билан кўришдик. Ҳаммаси билан кўришдик. Улар биз билан кўришган вақтида террорист деб ëки халқ душмани, сиëсий ҳаракат деб кўришмади. Биз ҳам уларни унақа ниятда эмас, ҳамшаҳарлар маъносида кўришдик улар билан. Шунда ман қизиқиб қолдимки, Муҳаммад Солиҳ нима қилиб юрибсиз бу ëқда, нима қилмоқчисиз ëки Абдураҳим Пўлатов сиз нима қилмоқчисиз, Муҳаммад Содиққа ëки Жаҳонгир Маматовга савол-жавоблар. Булар энди у ëқда демократик ўлкада ëки эркин фикр айтиб юрганлиги учун булар ким эди, нима қилди, нима қилмоқчи, нима қилаяпти – булар тўғрисида менга анча тушунча берди. Мани мақсадим у ерга ўқигани бориш, пул топиш мақсадида чиққан бўлсам ҳам лекин буларнинг гапларидан кўриб, бошқа қилиб ўзим қўшилиб қизиқиб, “Бир маҳаллар Наманганда 1991 йил митинг бўлган вақтида Тоҳир Йўлдош деган бўларди. Президент Каримов обком биносини олиб қўйганда бориб ўтирилган у ерда, шу воқеалар бор эди. Ўша Тоҳиржонлар қайда ҳозир, сизларнинг алоқаларингиз борми йўқми, умуман нима қилиб юрибди, бизнинг ҳамшаҳар эди улар, Обидхон акани ҳам танирди улар”, деган саволларни бердик. Шунда булар айтдики, “Биз Эрк демократик партиямиз. Улар Ўзбекистон жиҳодий ҳаракати. Биз уларга бўйсунмаймиз, улар бизга бўйсунмайди. Улар ҳам бир Ўзбекистон мухолифати. Ҳозирги кунда улар Покистонда бўлиши мумкин, Саудийда, Афғонистонда юрган бўлиши мумкин. Ë Тожикистондадир”.
Ман энди улар билан кўришиш иштиëқида бўлиб қолдим. Энди бу узун тарих. Ман қисқа-қисқа қилиб айтмоқчиман. Олдин буларни муфтий Муҳаммад Содиқ ëки бошқа таниш-билишларни ëрдами билан олдин Умра¸ Ҳажга бордим Саудия Арабистонга. Боргандан кейин у ерда Саудия Арабистонида Туркияда кўрган кишиларимни айтиб, Муҳаммад Солиҳни, бошқаларни кўрганимни айтиб мақсадим Тоҳир акани кўрмоқчилик. Қизиқиб қолдим ман бу ерда.
Кейин буларни берган адреслари ëки телефонлари орқали биз Тоҳирвой билан кўришдик. Тоҳирвой билан ман бориб, юзма-юз кўришиб, олдинига Эронда, кейин Покистон Пешаворда кўришдим. Кейин кўришиб, Тоҳиржоннинг гапларини эшитиб, анча таъсирландим. Уни мақсади ўша маҳалда ман эшитишимча, биз буни қочиб кетган ўғриларни қувалаб юрган одам сифатида кўрган бўлсак, бу ерда биз кўрсак, “Ўзбекистонда ислом давлати қурмоқчимиз, ислом давлатини қуролли йўл билан қиламиз ва бунга ҳар томонлама тайëргарлигимиз кетаяпти” деган гапларни гапиргандан кейин бизнинг ëшлигимиз ҳам, шижоатимиз ҳам ëки исломга қизиқишимиз ҳам анча уйғонганлиги учун ўшанда Тоҳир Йўлдошевнинг ҳаракатига қўшилдим оддий бир мухлис сифатида.
Кейинчалик Туркияда имкониятларим кўплиги, Покистонга, Афғонистонга қараганда жиҳодий ҳаракат аъзоси сифатида Туркияда ниҳоятда катта имкониятга эгалигим, Туркияда минглаб одамларни таниб обрў орттирганлигим муносабати билан ман Афғонистонда ëки Тожикистонда юрмайманда¸ Туркияда туриб жиҳодий ҳаракатни ишларини қиламан. Бир пайтнинг ўзида ҳам тижорат, ҳам илм олишлик, ҳам Тоҳир Йўлдошевнинг жиҳодий ҳаракатини Туркиядан туриб дастаклаш мақсадида турдим.
Илгари улар Муҳаммад Солиҳ ëки бошқа мухолифат аъзолари Тоҳир Йўлдош билан баҳс маъносидами ëки бирор-бир маънода телефон орқали гаплашадиган бўлса, энди улар ман орқали гаплашадиган бўлди. Яъни Тоҳир бу масалага нима дейди демоқчи бўлса ҳам олдин манга мурожаат қиладиган бўлди. Кейин манда бир фикр туғилдики, мухолифатнинг ҳаммаси бирлаштирилмайдиган бўлса, Ўзбекистон ҳукуматига қарши курашиб бўлмайди. Чунки Ўзбекистонда Каримов шунақа кучлики, бунга ë “Эрк” ë “Бирлик” ëки ислом ҳаракатларнинг бирортаси бас кела олмайди. Бунинг учун ягона бирлик керак. Бунинг учун ҳар бирига бирлашишлик тўғрисида ман ўзим фикр билан чиқдим. Бирлашсанглар нима бўлади, битта бўлиб, майли ҳар ким ўзининг йўлида тураверсин, демократ демократ бўйича¸ жиҳодийлар жиҳодий бўйича, имомлар имомлик бўйича, шуни битта бўлиб майдонга чиқса бўладими деган саволни ташласам, булар “Майдонга чиқса бўлади¸ лекин ҳозиргача биз умуман юзма-юз кўришмаганмиз. Буни кўришиб¸ гаплашишимиз керак” дегандан кейин ман ўзим моддий имкониятим ва Туркиядаги кўплаб бизнинг ҳомийларнинг ëрдами билан шу учрашувни биринчи бора ман ташкил қилган бўлдим» [5]
2.4. АСҚАРОВ ВА АБДУРАҲИМ ПЎЛАТОВ (1945.07.11)
“1996 йилда олдин якка-якка кўришувлар, 1997 йил умумий кўришувлар. Шунда биринчи ман олиб келиб 1996 йилда Абдураҳим Пўлатов билан Тоҳир Йўлдошни кўриштирдим. Кўришув уч кун давом этди, лекин Абдураҳим Пўлатов билан Тоҳир Йўлдош умуман келиша олмади. Чунки Абдураҳим Пўлатовда миллатчилик кайфияти ниҳоятда кучли эди.
“Сан мусулмончилигингда туровир. Агар биз намоз ўқисак, исломий бўладиган бўлсак, бизга эргашувчилар эргашмайди. Бизнинг ғоямиз миллийлик” дегандан кейин ëки “Туркияда ëки Америкада бизни ҳимоя қилиб турганлар исломийлигимиз учун эмас, миллий ғояни кўтариб чиққанмиз учун ҳимоя қилиб турибди. Агар биз жиҳод ëки ислом нарсасини қўшадиган бўлсак, биз ҳимоясиз қоламиз” деган нарсалар бўлгандан кейин Тоҳирвой “Сан билан биз позиция билан гаплашамиз. Лекин иш бирлиги қилмаймиз” деган маънода яъни умуман келишувга келинмади. Иккаласи ҳам ватандошлик маъносида бир-бирини зиëрат қилишадилар, лекин ҳеч нарса ишга келишилмади. Чунки Абдураҳим Пўлат ошкора ўзининг позициясини эълон қилди” [5]
2.5. АСҚАРОВ ВА ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ (1952.15.04-2015.10.03)
“Иккинчи кўришув Муҳаммад Содиқ билан унинг укаси Муҳаммадамин, ман, Тоҳир Йўлдош муфтий ҳазратнинг уйида гаплашдик. Шунда муфтий ҳазрат билан кўришувимиз бир ҳафта давом этди. Бир ҳафтада муфтий Муҳаммад Содиқ олиб борган ғояси шунга етиб келдики, “Ўзбекистонда жиҳодий ҳаракат ҳам керак эмас, демократик ҳаракатлар ҳам керак эмас, чунки Ўзбекистонда одамлар диндан чиқиб кетган. Коммунистик 70 йиллик мафкура вақтида одамлар динини унутиб юборган. Буни қайтиб тиклашлик учун яна 70 йил таълим-тарбия керак. Шунинг учун ҳозир тинчлик керак Ўзбекистонда.
«Ўзбекистондагиларга диний маърифат йўли, даъват қилиш, китобларни ўқитиш, динини, миллатини, тарихини танитишлигимиз керак” деган ғояни гапирдида. “Агар шу ғояга қўшиладиган бўлсангизлар, ман сизларни дарҳол жиҳодий ҳаракатдан тўхташингларга даъват қиламан. Толибларга ëки Бен Лоденларга, умуман сиëсий жиҳодий ҳаракатларга қўшилманглар” деб Тоҳиржонни қайтарган бу Муҳаммад Содиқ. Яъни муфтий ҳазрат билан ҳам устоз сифатида ëки диний уламо сифатида зиëратга келишилдию, лекин умуман иш бирлигига келишилмади. Муфтий Муҳаммад Содиқ билан ҳам гапимиз бир жойдан чиқмади” [5]
2.6. АСҚАРОВ ВА ЖАҲОНГИР МАМАТОВ (1955.01.09)
“Ана ундан кейин Жаҳонгир Маматов билан суҳбат ўтказдик. Тоҳир Йўлдош, ман, Жаҳонгир Маматов. Жаҳонгир Маматов айтдики, “Дунëдаги ҳамма ишлар ҳал қилинадиган нарса фақат Америкача демократик йўл билан ҳал қилинади. Қурол кўтариш, тўс-тўполон, жанжал билан қилиб бўлмайди бу нарсани. Тўғри¸ Ўзбекистонда камчиликлар катта. Биз ҳам мухолифатмиз. Бир кун бир-биримизни тушунармиз. Ўзбекистонга қайтамиз, лекин тинч йўл билан бўлиши керак” дедида, Жаҳонгир Маматов билан ғоявий бирлик бўлмади. Олдинига битта-битта гаплашаяпмизда” [5]
2.7. АСҚАРОВ ВА МУҲАММАД СОЛИҲ (1949.20.12)
“Навбат Муҳаммад Солиҳга етиб келди. Биринчи марта ва охирги марта кўришганда ҳам, 17 марта кўришувнинг ҳаммасини ўзим ташкиллаштирганман Муҳаммад Солиҳ билан Тоҳир Йўлдошни. Тоҳирвойни Ўзбекистондаги исломий жиҳодни амири шаклида Муҳаммад Солиҳ кўрди, Муҳаммад Солиҳни Тоҳирвой Ўзбекистон “Эрк” демократик партиясининг раҳбари сифатида кўрди. Лекин ҳар бир гаплашилган гапнинг тепасида ман ўзим гувоҳ бўлганман, нимага келишилди, нима гаплашилган бўлса, ман от и до (бошидан охиригача) гувоҳ бўлганман.
Муҳаммад Солиҳ билан Тоҳиржонни келишган, келишмаган тарафлари шу бўлдики, келишган тарафлари “Ислом Каримов диктатор, тоталитар, буни ўнтарип ташламаса бўлмайди, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари оëқ ости бўлаяпти” деган ғояга булар иккови келишди. Ҳақиқатни шунақа деди. Лекин кураш услубига келганда Тоҳиржон маҳкам туравердики, “Бу фақат ҳарбий йўл билан бўлади. Жиҳодий бостириб киришлик билан, террор, портлатиш йўллари билан, йўқ қилишлик билан” деди. Лекин Муҳаммад Солиҳ “Йўқ. Биз ўзбек миллати тарихда ҳам ҳар бир жойда маърифат билан ичкарида илм билан курашган. Ҳозир агар миллий демократик ғоялар билан биз халқнинг кўзини очадиган бўлсак, умуман халққа жанжал-тўполонсиз демократик сайловлар билан президентни олиб ташлашимиз мумкин холос” деган ғояни гапирди. Ҳатто буларни гаплашувлари оддий суҳбатлардан, ака-укачилик суҳбатидан уруш-жанжалга айланиб кетди” [5]
“Бошидаги сўзлар шундай эдики, “Ман қўлллаб-қувватлаш у ëқда турсин, сан ўзбек бўлсанг, ўзбек миллатини десанг, йиғиштир бунақа ишингни. Чунки сани деб биз Ўзбекистонда фаолият қила олмаймиз. Ўзбекистонга демократик ғояларни, миллий ғояларни олиб кира олмаймиз” деб жанжалларга ҳам бориб кетишди. Ҳатто ўзим “Ҳой, Муҳаммад Солиҳ ака, сиз зиëли одамсиз. Жанжаллашманглар. Ўтиринглар” деб ажратган вақтларим ҳам бўлган орада. Хуллас шу мажлиснинг бошланиши, сўнг охиригача ана энди Муҳаммад Солиҳнинг Тоҳирвой билан кетма-кет эмас икки йил, уч йил орасидаги кўришувлари ҳаммасининг жами 17 мартага боради. Бошқа ман йўқлигимда телефон орқали бўлган бўлиши мумкин. Лекин телефон орқали гапини ҳам Тоҳиржон манга телефонда етказардики, Муҳаммад Солиҳ шундай деди, унга шундай дедим ман деб айтарди” [5]
«Ана энди Муҳаммад Солиҳ қарадики, “Ўзбекистонда Тоҳиржон сиз бу аравангизни йиғиштиринг. Ўзбекистонда биз демократик ҳаракат қиламиз” деганда Муҳаммад Солиҳ қарасаки Ўзбекистонда президент Каримовни ўнтарамиз ëки бунга қарши чиқамиз деган гуруҳлар битта Муҳаммад Солиҳ эмас ëки Тоҳир Йўлдошнинг ўзи эмас. Ўнлаб ҳаракатлар бор экан Ўзбекистонда. Кимдир кучли, кимдир кучсиз, кимдир ичкарида, кимдир қочиб кетган. Шунда Муҳаммад Солиҳга бир нарса келдики, “Бўпти. Сан жиҳодий ҳаракатингда тургинда, ман демократик ҳолатда турайда, ман санга қўшилмайман, сан манга қўшилмайсан. Лекин аввал ҳамма нарсадан олдинга биз нимани қўяйлик, диалогга ўтайлик, яъни Ўзбекистонда қон тўкмаслик демократик, инсон ҳуқуқлари бўйича бўлайликда, агар бўлмаса, кейин сан нима қилсанг қилаверасан” деган сўзни гапираяпти.
Тоҳиржоннинг битта шарти шу бўлаяптики, Муҳаммад Солиҳга айтган гапи ва шу 17 мажлисда тўхтамай қайтараëтган гапи шу бўлганки, “Муҳаммад Солиҳ, биз санинг партиянгни тан олмаймиз. Эрк партиясини умуман тан олмаймиз. Тан олмасликда куч сифатида эмас тўғри йўл сифатида тан олмаймиз. Тўғри эмас бу йўлинг. Сан агар ислом динига кирсанг, шариат дейдиган бўлсанг, Қуръон ҳадисга юраман, жиҳод қиламан десанг, санга қўшиламиз. Керак бўлса, лавозим берамиз. Керак бўлса, бошлиқ қиламиз, керак бўлса, биз бошлиқ бўламиз, сан итоат қиласан. Агар йўқ, мана шундай туришда биз бирлашамиз. Ман демократ туравераман, сан шариат туроврасан дейдиган бўлсанг, ман келиша олмайман сан билан”.
Муҳаммад Солиҳ орада анча муддат ўйлаб юрди. Қўшилсам бўладими, қўшилсам бўлмайдими, қўшилсам бўладими, қўшилсам бўлмайдими деган анча ғояларда юраверди. Лекин Муҳаммад Солиҳ Каримовнинг йиқилиши тарафдори бўлса ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, демократия давлатини олиб кириш керак бўлса ҳам лекин бу демократик қоидаларга миллий қоидаларга зид бўлганлиги учун умуман жиҳод деган калиманинг ж ҳарфини ҳам сиғдира олмади у одам. “Мумкин эмас” деб қатъий туриб олди. Тоҳирвой “Мумкин бўлмайдиган бўлса, ўша мумкин шариатга кираман деган кунинггача биз сан билан алоқани узамиз” деб алоқани узвориб охирги кўришма жанжал билан тугаган эди» [5]
“Хуллас Муҳаммад Солиҳ намоз ўқиганлиги, 17 марта кўришганлиги, 17 марта кўришувдаги умумий келиб чиққан ўртага майдондаги сўзлар умуман Муҳаммад Солиҳ террорга қарши ва “террористик йўл билан эмас демократик сайлов йўли билан” деган нарсани гапираверди. Тоҳирвой Муҳаммад Солиҳни рад қилган жойи “Ўзбекистондагилар демократияни тушунмайди. Давлат тушунмайди бу нарсани. Миллатку умуман қўрқади. Давлат тушунмайди. Фақат бу давлатнинг золимларини диктатор бу миллатни диний раҳбарларини, коммунистларни фақат ўлдириш йўли билан, террор йўли билан йўқ қилинади холос” [5]
“Охирги кўришмамизга келдик. Мана Муҳаммад Солиҳни ман ўзим олиб бордим. Ўзим айтдимки, “Афғонистонга борайлик, охирги точкани қўяйлик. Яъни бирлашиш керак бўлса, бирлашиш керак, бирлашиш керак бўлмаса, бунақа қилиб сан демократ ман миллатчиман ман диндорман деб юраверишнинг фойдаси йўқ” деган ғояни ман таклиф билан чиқдим. 1998 йил декабр ойида Муҳаммад Солиҳни ман ўзим Дубай орқали Кобулга олиб бордим. Ўша ерда учрашувда Тоҳиржон, Козим Зокиров бизнинг подделнигимиз, ўша ëқдаги бир қатор кишилар бўлди. Бир ҳафта ўша ерда меҳмон бўлиб юрди.
Жума Намангоний бўлмаган. Жума Намангоний Қундузда эди у вақтда. Кобул билан ораси аллақанча жой. Хуллас мана шу кўришувда ман Тоҳиржон билан иккаласига қатъий бир нарсани қўйдимки, “Ман Ўзбекистон жиҳодий ҳаракатини Ташқи ишлар масъулиман ва воизман. Иккаланглар ҳозир позициянгларни эълон қиинглар. Бирлашасизларми, бирлашмайсизларми? Сиз исломга ўтасизми ëки сиз демократияга ўтасизми?” Шунда Муҳаммад Солиҳни Тоҳиржон ниҳоят қаттиқ ҳақоратлаган маънода ерга уриб ташладики, “Сан намоз ўқишинг ҳам ëки Туркиядаги, Европадаги исломий ҳаракатларнинг олдига бориб ибодат қилишинг ҳам улардан моддий манфаат олиш учун ëки ўзингни ҳаракатингни исломий деб танитиш учун бўлаяпти деб ўйлаймиз. Сан демократ бўлсанг, демократлигингча туровиргин. Ислом ғояларини кўтариб чиқмагин. Ҳеч қайда гапираëтганингда мусулмончиликни ислом деб тушунмагин. Одамлар сан билан мани ҳаракатим битта деб тушунмасин”. Ростдан ҳам шунақа эмас. Битта эмас. Муҳаммад Солиҳ “Мани эътиқодимга қарши чиқмайсан, у-бу” деб яна тортишувлар, баҳслар кетди.
Хуллас шу нарсага келишилдики, Муҳаммад Солиҳ жаҳли чиқиб, “Мана Афғонистондаги охирги кўришишимиз. Сан хоҳласанг террор қиласанми, бошқа қиласанми сан ўзингни йўлингдасан. Ман санга приказ ҳам қилмайман. Ман санга итоат ҳам қилмайман. Ман ўзим ўша бошлаган йўлим, орқамда Ўзбекистонда ўзимга эргашган эркчилар ва хорижий давлатдаги ўзимни Эркни ëки демократияни ҳимоя қилгувчи ҳаракатлар, мана шулар билан ман иш қилувраман”. Қуръонда бир оят борки, “Лакум диникум ва лия дин” деган оят бор. «Сани дининг ўзингга, сани тутган йўлинг, мани тутган йўлим ўзимга” деган табло чиқди ўртага. Хуллас шу ерда ажрашишди.
Кейин ман “Муҳаммад Солиҳ хафа бўлманг. Ман сизни бу ерга разбор қилиш учун олиб келмадим. Жанжал, тўполонга олиб келмадим. Миллатнинг ғамида бирлашиб қолинса яхши бўлар эди. Миллатимиз 70 йил эзилди. Яна 10-15 тага бўлиниб олиб, кучсиз қолиб, ман бирлаштирмоқчи эдим холос” деб Муҳаммад Солиҳдан кечирим сўраган бўлдим. Бирга Бобурнинг қабрини зиëрат қилдик. Амир Олимхон қабрини зиëрат қилдик. Кейин яна Туркияга биз қайтиб келдик.
Туркияга қайтиб келгандан кейин Муҳаммад Солиҳ мандан ҳам хафа бўлиб “Билардингку бизни ўт билан сувлигимизни. Нимага энди бир-биримизни разбор, жанжалга ўтиб кетдик? Нимага мани вақтимни кетказиб олиб бординг?” деган маънода манга раддия билдирди. Ҳай озгина тортишган бўлдик” [5]
Абдували қори Мирзаев шогирдлари ва тансоқчиси бўлиб хизмат қилган Козим Муродилла раҳбарлигидаги гуруҳ Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга қарши суиқасд операциясига 1998 йилда киришадилар. Бу гуруҳ ва унинг яширин мақсади ҳақида Зайниддин Асқаров ҳам, Абдураҳим Пўлатов ҳам, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам, Жаҳонгир Муҳаммад ҳам, Муҳаммад Солиҳ ҳам бехабар эдилар. Энди Козим Муродилла раҳбарлигидаги шу яширин гуруҳ фаолиятини ёритишга ўтаман. Бу муҳим ишни ҳам Зайниддин Асқаров интервюси асосида қиламан.
3. 1998-1999: АБДУВАЛИ ҚОРИНИ ҚУТҚАРИШ ОПЕРАЦИЯСИ
3.1. КОЗИМ МУРОДИЛЛА РАҲБАРЛИГИДАГИ ГУРУҲ ФАОЛИЯТИ
1. “Ана энди (1999 йил, А.Ш.) 16 феврал воқеасини агар ясно (аниқ) донама-дона основаниеси (асоси) билан айтиб берадиган бўлсам, ким қилди, қачон қилди, нега қилинди деган масала ҳаммасига ойдинлик чиқади. Солиҳнинг алоқаси бор-йўқлиги, бошқаси, ҳаммаси ўртага 100 фоиз чиқади. Мана ҳозир яхшилаб эшитингда 16 феврал воқеасининг сабаби нимаю, ким қилди. Машҳур олимларимиздан биттаси шайх Абдували қори ака 1995 йил 29 августда ўғирлаб кетилганини биласиз. Буни атрофида юрган хизматчилардан, телеохранителлардан Зокиров, Зоҳид Деҳқонов, Назиров Файзуллолар ëки Казий Муродуллоларга ўхшаган болалар, булар спортсмен телеохранител болалар. Булар бошида домламизни чиқаришимиз керак, топишимиз керак, митинг уюштирайлик деб Андижон жоме масжидларида айтишаяпти, қулоқ солишмаяпти. Ўзлари билган барча ташкилотларга айтишаяпти, қулоқ солишмаяптида охири Москвага бориб, Москвада баъзи бир араб бизнесменлари билан гаплашиб, биз домламизни нима қилиб бўлса ҳам топишимиз керак деган саволни ташлаяпти. Кейин улар айтаяптики, буни ҳал қилиб бергувчи битта гуруҳ бор. Борсанглар, ҳал қилиб беради деяпти. Ким ҳал қилади буни деса, Чеченистонда Ҳаттоб деган машҳур боевик бор. У билан кўришсанглар, маслаҳатинглар ечилади деяпти” [5]
2. “Мана бу Казий Муродулло бошчилигидаги уч кишилик Чеченистонга боришаяпти ўша вақтда. Чеченистонга боришаяпти, Чечен ҳукуматида ўшаларни тавсияси билан Ҳаттоб кутиб олаяпти буларни. Қараса болалар арабчани яхши билади, эътиқодли, тақволи болалар. Бўлиб ҳам Абдували қори аканинг атрофида телеохранител бўлиб юрган болалар. Мақсадинглар нима деяпти. Мақсадимиз Абдували қори акамизни Ўзбекистондан топиб олиш, чиқариб олишлик. Биз биламиз СНБ олиб кетган, лекин давлат тан олмаяпти. Давлат йўқолиб қолди деб гапираяпти. Шуни нима қилиб бўлса ҳам қиламиз. Агар пул билан қутуладиган бўлса, бизга пул беринглар. Бошқа нарса бўлса, бошқа нарса. Шунда Ҳаттоб буларга фикр бераяптики, буни ягона йўли президентни ўлдирасизлар. Президентни портиллатасизлар. Покушение (суиқасд) қиласизларми, самолëтда кетаëтганда стингер (ракетаси) билан уриб ташлайсизларми, президент Ислом Каримов жисмонан йўқ қилинса, Ўзбекистондаги ҳамма ҳолат ҳам йўлга тушиб кетади, йўқолган домланглар ҳам қайтиб келади, Ўзбекистонда ҳеч қанақа уруш-жанжал бўлмайди. Битта одамни ўлдиришлик билан ҳамма ëқ кифоя бўлади деяпти” [5]
3. «Бўлмаса, бунинг учун нима қилишимиз керак? Бунинг учун ҳарбий подготовкадан профессионал даражада ўтишинглар керак деяпти. Булар бор кучини, маҳоратини ташлаб аввалига уч киши, кейин 150 киши бўлаяпти булар. Чеченистонда қатъий лагерда тренировка қилаяпти бу болалар. Ана энди бу чеченлар қаттиқ тренировкадан ўтганларнинг ичидан 10 та профессионал деб Ҳаттоб ўзи танлаб олаяпти. 10 таласига бошлиқ қилиб Казий Муродуллони олаяпти булар. Сан Казий Муродулло сан мана шу 10 таласининг раҳбарисан. Ҳатто Доғистонга Ҳаттоблар ҳужум қилган вақтида ҳам ана шу ҳужумда иккита бригаданинг биттасининг қўмондони қилиб Казий Муродуллони олаяпти. Лақаби Иззат бўлган у ерда. Иззат бошчилигида катта зафарлар бўлаяпти. Бу бола отиш бўйича, қурол тайëрлаш бўйича, заҳар тайëрлаш бўйича, бомба тайëрлаш бўйича ҳамма томонлама ютаяпти профессионал. Мақсад битта қори акани олиб чиқиб олиш. Бошқа мақсад йўқ. Ислом давлат қилиш, у қилиш, бу қилиш, бунақа мақсад йўқ» [5]
4. “Булар энди тренировкадан ниҳоятда мукаммаллашгандан кейин энди булар Ҳаттобдан ажраб чиқиб у ердан энди биз Ўзбекистонга кетдик. Биз Ўзбекистонда шундай қилмоқчимиз. Шунда Ҳаттоб айтаяптики, сизлар ҳозир бориб портлатмоқчимисизлар деяпти. Бу вақтлар 1998 йилнинг воқеалари булар. Биз пўртиллатмоқчимасмиз. Ҳозир биз тайëргарлик қилмоқчимиз. Тайëргарлик қиласизларми, пўртиллатасизларми ман сизларга бир нарсани айтиб қўяй. Ўзбекистон жиҳодий ҳаракати бор, бунинг раҳбари Муҳаммад Тоҳир деяпти, марказий қароргоҳи Қундузда деяпти. Сизлар бу билан алоқага чиқинглар. Улар бошлайдиган жиҳодий ҳаракат билан биргалашиб ҳаракат қилмайдиган бўлсаларинг, бу мақсадинглар ҳам амалга ошмайди, ëки улар сизларга мешат беради ëки сизлар уларга мешат берасизлар деган гапни айтаяпти. Ҳаттобга айтаяптики, биз Тоҳирни эшитганмиз, кўрмаганмиз. У ўзи қачон кирмоқчи Ўзбекистонга? У айтаяптики, шариатга кўра, ислом дини қоидасига кўра аввал етарлича тренировка қилиниши керак, катта куч тўпланиши керак. Кейин оммавий ҳужум ҳолатда ëки партизан усулида Ўзбекистонга бостириб кирилади. Ҳозир ман эртага, бир йилдан кейин киради дея олмайман. Лекин Ўзбекистонга аниқ киради улар. Ўзбекистонга кирган вақтида биз ҳам ëрдамга борамиз деяпти. Лекин ман сизлрни тренировкада тайëрлаб етиштирдим бориб туриб иш қилишинг учун эмас, сизлар ўша жиҳодий гуруҳ билан битта бўлиб маслаҳат қилинглар деяпти. Булар келиб Тоҳирни таниган машҳурлар билан гаплашаяптики, Тоҳирнинг характери қанақа? Биз ҳозир Каримовни тинчитиб юборамиз десак добро берадими? Рози бўладими бўлмайдими? Ҳаммасини сўраяпти. Улар айтаяптики, Тоҳир рухсат бермайди деяпти. Нимага деса, Тоҳирвой буни террор буни отиш эмас, Ўзбекистонга умуман бостириб кириш билан, Ўзбекистон ҳукуматини ўнтариб ташлашлик билан, переворот йўли билан ички ишлар министрлари, СНБ, ҳарбийларни ëки президентларни террор қилиб ташлашлик билан қатъий бир ҳужум билан Ўзбекистонни олмоқчи булар. Унақа кириб туриб банг эттириб қочиб кетиш эмас деяпти. Деса, биз Тоҳирга айтмай турайлик ҳозир. Ҳозир биз тайëргарликни қилаверайлик, вақти келса айтамиз деяпти» [5]
5. «1998 йилда бўлаëтган гаплар булар ҳаммаси. Кейин булар ҳаракатини бошлаяпти. Маблағ ҳам тўплашаяпти. Маблағ асосан бомба тайëрлаш учун бўлмаяпти. Маблағ асосан информацияни сотиб олишлик учун. Булар ўзининг атрофига Бобожонов Улуғбек, Шеров Шерзодга ўхшаган кишиларни топаяпти. Баъзиси президент аппаратида телефонда ишлайдиган кишилар, баъзиси у ерда бу ерда. Булар билан яхши контакт қилган. Яхши болалар, мусулмон болалар. Буларга бўлаëтган вақт президент қачон мажлисга келади, қачон Дўрмон қароргоҳида юради, биз қайси пайт ўлдирсак президентни ўлдира оламиз, фақат шуни ўлдиришлик учун булар ахборот тўплаяпти. Олти ой ахборот тўплаяпти. Ҳар ахборот тўпланганда булар ўтириб мажлис қилаяпти. Казий Муродулло ўтириб қандай қилиб взрыв (портлаш) қилишликни.
Биринчи мажлис шундай бўлаяптики, Каримов кортежда келаëтганда беш-олтита машинаси билан шундай чиқамиз отиб ташлаймиз деяпти. Ахборот берганлар айтаяптики, бу ишинглар нотўғри бўлади, чунки Каримов машинанинг ичида бўлмайди. Машинанинг ўзи қуп-қуруқ бориб келади деяпти. Бу пландан воз кечишаяпти.
Иккинчи КамАЗга машина юклаб Зикир Ҳасанов машинага ўтирадида Дўрмон қароргоҳига бостириб кириб портиллатамиз деяпти булар. Деса, Дўрмонга киргунингизча учта-тўртта пост бор. Битта постдан ўтарсиз, иккита постдан йўлда ҳалок бўласизлар. Каримовни қўриқлаш ниҳоятда кучли деяпти. Буям отмен (бекор) бўлаяпти. Ëки Каримовнинг қизини Лола Каримовани ўғирлаб кетамиз. Каримовга ултиматум қўямиз бизни домламизни чиқариб берасан деб. Булар айтаяптики, Каримов шунақа диктатор зотки, Саддам Ҳусайнга ўхшайди. Куëви келса ҳам отиб ташлайверади. Шунга ўхшаган бу одам. Безполезно бу нарса деяпти. Бўлмаса бинога кирганда Олий Мажлисда пўртиллатиб юборамиз деяпти. Деса, бинога кирган вақтида видео кассеталарга олинади. Мажлис тугагандан кейин икки кундан кейин мажлис бошланди деб эълон қилинади. Аслида мажлис тугаб бўлган бўлади. Мабодо взрыв бўлса ҳам бинонинг ўзи пўртиллаган бўлади. Кирмайди у ерга деяпти. Булар фақат чора излаяпти. Кейин яна бир ахборот тушаяптики, Исроил посолствоси ëки Амеирка посолствосида Каримов мажлис ўтказади. Демак, посолствони урамиз деб туриб булар Исроил посолстволарига, Америка посолстволарига бомба ўрнатиш ҳаракатини чизаяпти. Чизса айтаяптики, келиши аниқку, лекин қачон келишини ҳеч ким билмайди деяпти» [5]
6. «Булар ҳеч йўлини тополмаëтган бир пайтида Бобожонов Улуғбек буларга информация олиб келиб бераяптики, 1998 йил якуний ҳисоботларига биноан Тошкентда катта мажлис бўлмоқчи. Шунда Ислом Каримов нутқ сўзлайди. Уч ярим соат бўлади шу ерда. Ана шу бинони пўртиллатсанг ютасан деяпти. Бу фикр Бобожонов Улуғбекдан чиқаяпти. Ана энди булар зудлик билан тўққиз киши ўзини маҳорати билан селитра, олтингугурт, алюмин пудралар тратил шашкалари билан қўл бола қилиб икки тонна бомба ясаяпти булар. Бомбани ясаб бу числоси (санаси) қачон бўлади деса, 1998 йил ноябрларга тахминан бўлмоқчи. Лекин число (сана)сини бўлишига бир ҳафта қолганда айтаман деб ваъда бераяпти» [5]
ДАВОМИ БОР