-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 470
Комментариев: 9
Написано: 511

Выбрана рубрика КИТОБ: "БИРЛИК"ЧИЛАР.


Другие рубрики в этом дневнике: ШЖ КИТОБИ АДАБИЁТЛАРИ(3), ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ КИТОБ (51), ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ(18), СТАТЬИ 2020(9), СТАТЬИ 2018 года(9), СТАТЬИ 2017 ГОДА(4), Статьи 2015 года(24), Статьи 2014 года(3), Статьи 2014 года(24), СТАТЬИ 2013 года(11), СТАТЬИ 2010 ГОДА(10), Статьи 2005 года(5), ПРАВОЗАЩИТА(281), Мои статьи(8), КРАТКАЯ АВТОБИОГРАФИЯ(1), КНИГИ 2018 года(6), ЗАЯВЛЕНИЕ-ЖАЛОБА 2021(5), ГУЛНОРА КАРИМ китоб(6), ГУЛНОРА КАРИМ адабиёт(1), USA-AQSH(77), TURON(9), TAKLIFLAR(20), STREET SENSE(2), STATEMENT-COMPLAINT 2021-2022(9), SPORT(10), QORAQALPOQ(5), PREZIDENT(4), MUXOLIFAT4(0), MUXOLIFAT(11), MUHTOROV(10), MAQOLALAR RO’YXATI(3), KUNDALIK(2), KITOB: QARZGA DOIR(3), KITOB: IYMONGA YO'L(2), KITOB: INSON HUQUQI HIMOYACHISINING YO'LI(1), KITOB2015(2), KARIMOVislom(0), KARIMOVislom(3), HUJJAT2021(3), GULNORA MAQOLALAR(2), GULNORA KARIM KITOB 2-QISM(5), FOTO2005(0), ENGLISH(42), ELENA URLAEVA(7), BOSHQA MUALLIF(4), ANDIJON FOJIASI 2005(2), ANDIJON FOJIASI 2005(1), 2024: ПРЕСТУПЛЕНИЯ АГЕНТОВ ФБР США(21), 2024: CRIMES OF USA FBI AGENTS(0), 2024: CRIMES OF USA FBI AGENTS(22), 2024 YILGI MAQOLALARIM(73), 2023: KOMPLAINT-STATEMENT(7), 2023 YILGI MAQOLALARIM(32), 2022:ЗАЯВЛЕНИЕ-ЖАЛОБА(18), 2022: БИРЛИКЧИЛАР китоб(14), 2022 YILGI MAQOLALAR(39), 2021 YILGI MAQOLALAR(36), 2019 YILGI MAQOLALAR(12), 2016 YILGI MAQOLALAR(3), 2016 YILGI MAQOLALAR(1), 2012 YILGI MAQOLALAR(15), 2011 YILGI MAQOLALAR(32), 2009 YILGI MAQOLALAR(1), 2008 YILGI MAQOLALAR(0), 2007 MAQOLALAR(5), 2006 YILGI MAQOLALAR(14), 2004 YILGI MAQOLALAR(0), 19TAKLIF1(3), 1999 YILGI TOSHKENT PORTLASHLARI(5)
Комментарии (0)

«БИРЛИК»ЧИЛАР (китоб давоми 3)

Дневник

Среда, 02 Января 2019 г. 19:55 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

«БИРЛИК»ЧИЛАР (китоб давоми 3)

1.2.9. УСМОН АЗИМ (1950.13.08)

20090608123758usmonazim203 (203x290, 16Kb)

Фото 8. Усмон Азим. [42]

Усмон Азимнинг таржимаи ҳолини Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясидан келтираман.

“УСМОН АЗИМ (тахаллуси; асл исм-шарифи Азимов Усмон) (1950.13.8, Бойсун тумани) — Ўзбекистон халқ шоири (2000), драматург. Тошкент университетининг журналистика факултетини тугатган (1972). Республика радиосида муҳаррир, катта муҳаррир ва бош муҳаррир ўринбосари (1976—89), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1989— 90). Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида сектор мудири, етакчи консультант, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси (1991 —94). 2003 йилдан Ўзбек миллий академик драма театрида адабий эмакдош.

Илк китоби — «Инсонни тушуниш» (1979). Шундан сўнг шоирнинг «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари» (1985), «Дарё» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Faройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Fycca» (1994), «Узун тун» (1994), «Бор эканда, йўқ
экан» (1995), «Сайланма» (1995), «Куз» (2001) каби шеърий ва «Жоду» (2003) насрий тўпламлари нашр этилган.

Усмон Азим ўзбек шеъриятининг уфқини кенгайтириб, насрий шеърлардан бармоқ вазнигача бўлган турли вазнларда ижод қилади. Дастлабки шеърларида инсоннинг давр ва жамият ҳаётидаги ўрнини тушунишга, даврнинг оғриқли масалаларига эътибор қаратди ва шу жараёнда минбар шеърияти унсурларидан фойдаланди. Кейинчалик, шоир ижодида воқеликни фалсафийистиоравий образлар орқали идрок ва тасвир этиш махорати кучайиб борди. 80-йиллар ижодида кўзга ташланган бахшиёна руҳ шеъриятда янги бир йўналиш яратилишига туртки бўлди.

90-йилларга келиб, унинг ижодида кескин ўзгариш юз берди ва шеърларида суфиёна кайфият акс этди. Усмон Азим «Бахтли бўлайлик», «Ҳужжатли фильм учун сюжет», «Баҳодир ва Малика» сингари радиопьесалар ёзган. У ана шу тажрибадан фойдаланиб, 90-йилларда драматургия билан жиддий шуғулланди ва «Бир кадам йўл», «Кундузсиз кечалар», «Бозор» (1997), «Алпомишнинг қайтиши» (1998), «Жазава» (2000), «Бахт қуши» (2002), «Ўтган замон ҳангомалари» (2003) пьесаларини ёзди. Бу пьесаларнинг аксари Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган. Усмон Азим бу пьесаларда саҳна қонуниятларини яхши ҳис этувчи, драматург сифатида намоён бўлди. Айни пайтда у ҳам тарихий, ҳам психологик драмалар, ҳам оғзаки ва ёзма адабиёт намуналари асосида замонавий саҳна асарларини ярата олиш истеъдодини намойиш этди. Усмон Азим, шунингдек, кинодраматургияда ҳам қалам тебратиб, «Алишер Навоий» киноқиссаси (1990), «Алпомиш» кинодостони (1997), «Севги» (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли «Алпомиш» (2000) фильмларининг сценарийсига муаллифлик қилган.

Поль Элюар, В. Вациетис, Ҳ. Доғларжа, А. Вознесенский, Ю. Марцинкявичюс ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Шеърлари инглиз, француз, немис, поляк, македон, турк,
рус, грузин, эстон, литва, тожик, қозоқ ва қирғиз тилларида нашр этилган. Кўплаб шеърларига мусиқа басталанган.

Усмон Азим халқлар дўстлиги ва ватанпарварлик ғоялари билан йўғрилган шеърлари учун Грузиянинг Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). «Дўстлик» ордени (1998) билан мукофотланган» [43]

Усмон Азим яхшигина ташкилотчилик қобилиятига ҳам эга. Кўпчиликка маълумки, “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ) раҳбариятида 1989 йилда қаттиқ тортишув рўй берди. Шу сабабли 1989 йил 11 ноябр куни, яъни БХҲ тузилганига роппа-роса бир йил бўлган куни БХҲнинг фавқулодда 2-қурултойи Тошкентдаги Буюк Ипак йўлида жойлашган “Гулшан” клубида бўлди. Ушбу қурултойда БХҲнинг Тошкент шаҳар ташкилоти номидан делегатлар гуруҳи сафида мен ҳам қатнашдим. Қурултой тортишувлар ва ғала-ғовур билан ўтди. Шу қурултойда раислик қилган раҳбарлардан бири Усмон Азим эди. У қурултой раислигини яхши олиб борди. Қурултойда бўлиниш рўй берди. Муҳаммад Солиҳ раҳбарлигидаги 15 нафар атрофида шоир ва ёзувчилар қурултойни ташлаб чиқиб кетишди. Улар 1990 йил март ойида “Эрк” Халқ Ҳаракати қурултойини, 30 апрел куни “Эрк” Демократик Партияси (ЭДП)нинг таъсис қурултойини ўтказишди.

Усмон Азим 1992-1994 йиллар давомида Ўзбекистон “Ватан тараққиёти” партиясининг раиси бўлган. Мен бу ҳақда [44]-[45]-мақоламнинг 2-қисмида ёзганман.

Ўзбекистонда тижоратчилар ва бизнесменлар партиясини тузишга дастлабки уриниш 1992 йилда бўлганди. 1992 йил бошида Президент Ислом Каримов йиғилишлардан бирида маърузаси давомида тижоратчилар сиёсий партияси ташкил этишни таклиф қилди. Бу таклифни шоир Усмон Азим қўллаб-қувватлади.

1992 йил 24 май куни Тошкентда “Ватан тараққиёти” партиясининг таъсис қурултойи бўлди, партиянинг Устави ва Дастури қабул қилинди. Партия раиси қилиб Усмон Азим сайланди. У бу вақтларда Президент Ислом Каримовнинг Ёшлар ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишларди ([44], [45], 2-қисм). “Ватан тараққиёти” партиясини Ўзбекистон Адлия вазирлиги 1992 йил 10 июл куни рўйхатга олди ва партия раҳбариятига 224-сонли гувоҳнома берди. [5]

Усмон Азим раҳбарлигидаги раҳбарият саъй-ҳаракати билан “Ватан тараққиёти” партияси Ўзбекистондаги сиёсий ва ижтимоий воқеаларда ўз қарашлари ҳамда ўрнига эга бўла бошлади. 1993 йил март ойида “Ватан тараққиёти” партиясининг Жиззах вилоят ташкилотига ЎзР Олий Мажлисининг 1989-1994 йиллардаги депутати, таниқли демократ Мели Қобилов (1943.20.05) сайланди ва воқеалар шиддат билан ривожлана бошлади.

1992 йил март ойида Мели Қобилов Ўзбекистон Инсон ҳуқуқи жамияти Жиззах вилоят ташкилотининг раиси этиб сайланди. У 1993 йил март ойидан “Ватан тараққиёти” партиясининг Жиззах вилоят ташкилоти раиси эди. Қобилов раислиги вақтида партия аъзолари сони 200 нафардан 5000 нафаргача ошди, яъни Олий Мажлисга 1994 йил декабрида бўладиган сайловлар арафасида партия Жиззах вилоятида аниқ сиёсий кучга айланганди.

1994 йил 27 октябр куни Мели Қобиловни иш кабинетида махсус хизматлар наркотик моддалар ва ўқ-дорилар ташлаб қўйиб сохта айблар билан ҳибсга олишди. Суд 1995 йил 1 августдан 1996 йил 12 февралгача давом этди. Унга қарши 9 банддан иборат айблов эълон қилинганди, суд 5 банд бўйича айбловларни оқлади, чунки бу айбловларни судда исботлаб бериша олмади. Алал-оқибат Мели Қобиловни туҳмат билан 10 йилга қамашди.

Мели Қобилов раҳбарлигидаги “Ватан тараққиёти” партияси Жиззах вилоят ташкилотидаги воқеалар сабабли Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарияти “Ватан тараққиёти” партияси раҳбарларига қарши жиноий иш очиш режасини тузишди, деб ҳисоблайман. Шу йўл билан “Ватан тараққиёти” партияси раҳбарияти орқали Жиззах вилоят ташкилотига босим кўрсатиш ёки ҳеч бўлмаганда бетараф қилиш нияти бор эди. Бунинг учун партиянинг бош иқтисодий таъминловчиси бўлмиш "Рустамбанк" раҳбари Рустам Усмоновга қарши жиноий иш очишди. У “Ватан тараққиёти” партияси Марказий Кенгаши Президиумининг аъзоси эди. “Ватан тараққиёти” партияси раҳбарларига ҳам қарши тафтиш бошланди. Бироз вақт ўтиб “Ватан тараққиёти” партияси раиси Усмон Азим истеъфо берди. 1994 йил 29 октябр куни “Ватан тараққиёти” партияси раиси этиб Анвар Зиёевич Йўлдошев (1946) сайланди.

Ишончим комилки, шоир Усмон Азим бирорта жиноий иш қилган эмас ва у “Ватан тараққиёти” партиясини ҳалол бошқарган.

Шундай қилиб, “Ватан тараққиёти” партиясининг 2-қурултойи 1994 йил 29 октябр куни бўлди. 2000 йил 14 апрел куни Тошкентда “Ватан тараққиёти” партияси ҳамда “Фидокорлар” халқ-демократик партиясининг бирлаштирувчи қурултойи бўлди [5, 3-китоб, 162-б.]. Раҳматли диктатор Ислом Каримов (1938-2016) Ўзбекистон президенти бўлган даврда “Ватан тараққиёти” партиясининг деярли 8 йиллик тарихи мана шундай якун топди.

«Бирлик»чилар» номли китобим тарихига қайтсам. Мен 2001 ва 2004 йилда шоир ва драматург Усмон Азим билан учрашиб, «Бирлик» Халқ Ҳаракати ташкил топишига доир суҳбатлашмоқчи бўлдим. Унга телефон қилганимда у 2004 йилда аввалига жуда банд эканлиги, кейин касал эканлигини айтди. Бир ой ўтгач У.Азимга яна телефон қилганимда, у учрашишга рози бўлмади, яъни рад қилди. “Ватан тараққиёти” партияси раҳбариятига қарши Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) олиб борган юқоридаги воқеалар ва тазйиқларни эътиборга олсак, Усмон аканинг 2004 йилдаги рад жавобини тушунсак бўлади.

Мен 2008 йилда Шерали Жўраев ҳақидаги китобимнинг 3-нашри устида ишлаётгандим. Шерали аканинг машҳур қўшиқларидан бири бўлмиш «Карвон» қўшиғи шеърини Усмон Азим ёзгани маълум. Китобимда Усмон Азим шеърини ва шеър ёзилган асар ҳақидаги маълумотни тўлиқ келтириш мақсадида Усмон ака билан учрашишга қарор қилдим. Мен унинг уй манзилини Манзилларни аниқлаштириш бўлимидан олиб уйига бордим. У Тошкент Трактор заводи тарафига бораверишда ўнг томондаги кварталлардан бирида, адашмасам Аҳмад Югнаки даҳасида яшарди. Эшикни Усмон аканинг турмуш ўртоғи очди. Мақсадимни айтганимдан кейин у ичкарига кириб Усмон ака билан маслаҳатлашди ва қайтиб чиқиб «Эртага ишхонамга келинг. Китобчадан битта нусхасини сизга бераман» деди. Мен ишхона манзилини ёзиб олиб «Раҳмат» деб кетдим.

Эртаси куни Тошкентдаги Алишер Навоий кўчасидаги ёзувчи ва шоирлар ишлайдиган кўпқаватли бинода Усмон аканинг турмуш ўртоғи иш хонасии топиб бордим. У менга [46]-китобчадан бир нусха берди. Мен “Раҳмат” деб жўнаб кетдим.

Маълумки, 2016 йил 2 сентябр куни диктатор президент Ислом Каримов бу дунёни тарк этди. Янги президентимиз Шавкат Мирзиёев Ватанимизни ошкоралик ва тараққий эттириш йўлида яхши ишлар қилмоқда. Мана шу шароитда Усмон Азим ва бошқа “Бирлик”чи фаоллар “Бирлик” Халқ ҳаракатига доир тарихий воқеаларни ёзиб сайтларда ва/ёки Фейсбук саҳифаларида чоп этишса яхши бўларди. Чунки ҳар бир фуқаро, жумладан “Бирлик”чи фаоллар Ватанимизнинг қандайдир тарихий воқеалари гувоҳидир. Ҳар биримиз эртами, кеч вафот этгач шу тарих бўлагини ўзимиз билан нариги дунёга олиб кетмоқдамиз. Аслида муҳим тарихий маълумотларни шу дунёда халқимизга қолдиришимиз мумкин ва керак.


1.2.10. ҚАҲРАМОН ҒӮЛОМОВ

1988 йил 11 ноябр кунги Дадахон Ҳасан уйидаги йиғилишда қатнашганлардан яна бири - физика-математика фанлари номзоди Қаҳрамон Ғўломовдир. У Тошкент Политехника институти (ҳозирги Техника университети)да ишларди. У билан шу мавзуда 2000-йиллар бошида бир неча марта гаплашганман. У БХҲ тузилиш тадбирларида жуда кам қатнашган. У 1989 йилда Тошкентда «Халқ дипломатияси клуби» номли клубга асос солди ва унинг бошловчиси бўлганди. Клуб ҳафтасига бир марта йиғилиш ўтказар, ушбу йиғилишга «Бирлик»чилар ва турли даражадаги хайрихоҳлар, шунингдек Давлат хавфсизлик хизмати билан боғлиқ шахслар ва Тошкент шаҳар ҳокимияти вакили қатнашарди. Клубда бир киши маъруза қиларди ва кейин савол-жавоб ҳамда қатнашувчиларнинг айрим фикр-мулоҳаза билдириларди, шунингдек ўша кунларда бўлиб ўтган сиёсий воқеа ва фожиаларни муҳокама қилардик. Бу анчагина қизиқарли ўтарди.

Қаҳрамон Ғўломов Тошкент шаҳар ҳокимияти ва кучишлатар органлар билан алоқада эди. Бир неча ой ўтгач улар клуб фаолиятига қаршилик кўрсатиб, унинг йиғилишларига имкон бермаслик чора-тадбирларини кўра бошлашди. Бу вақтда кўпинча бошловчиликни Қаҳрамон ака бошқа кишиларга топширарди. Клуб тўхталишлар билан 1,5-2 йилча фаолият олиб борди.

Қаҳрамон ака «Халқ дипломатияси клуби» тарихи ва фаолиятига доир мақола ёзса яхши бўларди.

Кейинчалик Қаҳрамон Ғўломов кучишлатар органлар билан алоқада бўлди ва БХҲ ҳамда «Эрк» Демократик партияси фаолиятида деярли қатнашмади.

Қаҳрамон Ғўломовнинг шахсини очиб берадиган битта муҳим воқеани гапириб берай. Бу провокация 2004 йил сентябрида раҳматли профессор Олимжон Каримовга (1926.06.06-2006.08.02) қарши уюштирилганди.

Мен профессор Олимжон Каримов ва у амалга оширган ишлар ҳақида [47]-[48] мақолаларда ёзганман. Проф. О.Каримов ўзбеклар орасида биринчи бўлиб техника фанлари номзодлиги диссертациясини 1953 йилда Москвада ёқлаганди. У пахта териш машинаси бўйича докторлик диссертациясини 1963 йилда тайёрлаган бўлсада, унга диссертацияни ёқлаш учун рухсатни кўп курашлардан кейин – 1967 йил октябрида беришганди. Докторлик дипломини эса 1970 йил ёзида беришди. 1974 йил июлида у профессорлик унвонига эга бўлди. У 30 та ихтиро муаллифи эди.

Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ) Ташаббус гуруҳи 1988 йил 11 ноябрида тузилгач, проф. О.Каримов 1988 йил ноябр охиридан БХҲ раҳбариятида фаолият олиб бориб, кўпгина эзгу ишларни амалга оширди. Унинг ташаббуси ва раҳбарлиги остида 1990 йил сентябрида Тошкентда Ўзбекистон Озод Деҳқонлар партияси (ОДП) таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Яъни у ОДП асосчисидир.

Ўзбекистон кучишлатар органлари 1992 йил ёзида бир гуруҳ демократларга қарши “Миллий Мажлис” номли сохта жиноий иш очиб, проф. О.Каримовни 1993 йил 21 январдан 23 февралгача, яъни 33 кун давомида Тошкент қамоқхонасига қамашди. Бу сохта суд иши ЎзР Олий судида 1993 йил 1 июлидан 6 августгача кўрилди. Бошқа демократлар қаторида проф. О.Каримовга Олий суд 3 йил шартли қамоқ жазосига, яъни уй қамоғига ҳукм қилди.

Қисқароқ қилиб айтганда, проф. О.Каримов ўзининг деярли 80 йиллик умри давомида ўзбек халқи манфаатларини имкони борича ҳимоя қилган зиёлилардан бири эди. У менинг ташаббусим билан 2003 йил апрелида тузилган “Демократлар давраси” номли нодавлат нотижорат ташкилоти аъзоси ҳам эди.

Энди проф. О.Каримовга қарши 2004 йил сентябрида уюштирилган миш-миш ҳақида ёзсам бўлади.

Гавҳар Орипова (1957 йилда туғилган, проф. О.Каримовнинг кенжа қизи) менга 2005 йил май ойида қуйидаги воқеани гапириб берди. Қаҳрамон Ғуломов 2004 йил сентябрида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги демократларга телефон қилиб, “Профессор Олимжон Каримов вафот қилди” деб айтган.

Бундай нохуш хабарни эшитган, О.Каримовни кўп йиллардан бери биладиган кишилардан 15 нафари, жумладан Озод Деҳқонлар партияси асосчиларидан бири – Рисқали Зиёвиддинов (1938-2006.03.08) барча ишларини ташлаб, тездан унинг уйига жанозага етиб боришган (Рисқали ака ҳақида [49]-мақолада ёзганман). Қаҳрамон Ғуломов “ўлди” деган фуқаро – проф. О.Каримовнинг ўзи дарвозани очиб келганларни кутиб олган!

Бу совуқ, туҳматдан иборат миш-миш ҳақида каминага дастлаб Рисқали Зиёвиддинов гапириб берди. Бу гапнинг тўғрилигини Г.Ориповадан 2005 йил май ойида аниқлаштирдим.

Мен ушбу миш-мишни тарқатган Қ.Ғуломов билан 2005 йил июл ойида гаплашдим. У: “Проф. Олимжон Каримов вафот этгани ҳақида менга Баҳодир-Чиғатой айтди. Мен бошқаларга телефон қилиб айтдим” деди.

2005 йил 19 июл куни Баҳодир-Чиғатой (Баҳодир Сағдуллаев)ни Тошкентдаги Freedom House (Озодлик уйи) ваколатхонасида учратдим. Мен ундан проф. О.Каримов ҳақидаги миш-миш воқеасини гапириб беришни сўрадим. У бундай деди: “2004 йил сентябрида Тошкентдаги Чиғатой маҳалласида яшовчи Шуҳрат Қораевич Каримов вафот этганди. Ўша куни менинг уйимга Қаҳрамон Ғуломов ва Марат Зоҳидов меҳмон бўлиб келишмоқчи эди. Мен Шуҳрат Каримов ўлими муносабати билан уларни уйимда қабул қила олмаслигимни телефон орқали айтдим. Қаҳрамон Ғуломов эса “Профессор Олимжон Каримов вафот қилди, бу гапни Баҳодир-Чиғатой айтди” деб одамларга гап тарқатган”.

Раҳматли Баҳодир-Чиғатой – Баҳодир Сағдуллаев ҳақида қисқача маълумот. У 1952 йил 25 феврал куни Тошкент шаҳрида туғилган. У Тошкентдаги Чиғатой маҳалласида яшаб, катта бўлгани учун уни таниганлар Баҳодир-Чиғатой (чиғатойлик Баҳодир маъносида) деб аташарди. У 1975 йилда Тошкент Политехника институти (ҳозирги Техника университети) нефть-газ факультетини “тоғ муҳандиси” мутахассислиги бўйича тугатган.

Б.Сағдуллаевни Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ) 1982 йилда ишга таклиф қилган. Унга катта лейтенант унвонини беришган. У 1982-1984 йилларда Москвадаги Ю.В.Андропов номидаги ДХҚ Академияси махсус факультетида “ДХҚ шахсий таркиби малакасини ошириш” икки йиллик курсида ўқиган. У 1983-1991 йилларда Тошкентда ДХҚнинг Ўзбекистон ташкилотида штат бўйича ходим (зобит) бўлиб, 1991-2001 йилларда контракт асосида ишлаган. У ДХҚ подполковниги унвонида заҳирага чиққан. Бу маълумотларни Б.Сағдуллаев каминага 2005 йил 19 август куни гапириб берди.

Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ) Ташаббус гуруҳи 1988 йил 11 ноябрда тузилгач, Б.Сағдуллаев 1989 йил бошларидан бери БХҲ марказига келиб, “бирлик”чилар билан алоқа қиларди. Шу сабабли мен уни 1989 йил бошидан бери танийман. Унинг кимлигини суҳбатлардан билгач, 1989 йилдан бери ўзиимни ундан сал нарироқ тутиб алоқа қилардим.

Мухолифат лидерларидан бири, Озод Деҳқонлар партияси раиси, профессор Олимжон Каримовнинг ўлими ҳақидаги ёлғон, туҳмат гапни 2004 йил сентябрида тарқатган икки киши – ДХҚнинг заҳирадаги подполковниги Баҳодир Сағдуллаев ва Қаҳрамон Ғуломов!

Таъкидлаш лозимки, демократлар, жумладан мухолифат вакилларининг уйида тўй ёки жаноза билан боғлиқ бирорта маърака бўлса, маърака эгаси Қаҳрамон Ғуломовга айтарди. У кўпчилик мухолифат вакилларига ушбу яхши ёки ёмон хабарни етказарди ва таклиф этарди. Шу сабабли Қ.Ғуломовда мухолифат вакиллари кўпчилигининг уй телефонлари, манзил маълумотлари бор. Шу жумладан профессор Олимжон Каримовнинг ҳам уй телефони ва уй манзили бор эди, деб ҳисоблаш мумкин. У бундай машъум хабарни эшитгач, О.Каримов уйига телефон қилиши ёки ўз машинасида бориб келиши мумкин эди. Лекин у бундай қилмади. У Олимжон аканинг яқин, ҳурматли кишиларига қўнғироқ қилиб, унинг ўлгани ҳақидаги туҳмат гапни айтган. Натижада бу совуқ, туҳматдан иборат миш-миш қисқа вақт ичида тарқалган.

Бундай миш-мишни тарқатишдан мақсад – проф.О.Каримовга навбатдаги маънавий зарба бериш, уни ўз ажалидан беш кун олдинроқ бўлсада вафот этишини тезлаштириш бўлган, деб ҳисоблайман.

Аввал Совет Иттифоқи тоталитар тузуми амалдорлари тазйиқлари, 1991 йил сентябридан кейин Ўзбекистондаги полициявий режим кучишлатар орган ходимлари проф. Олимжон Каримовни тазйиқ қилишлари, асоссиз равишда 1993 йилда 33 кун қамоқда тутишлари, турли миш-мишлар тарқатишлари натижасида у 2006 йил 8 феврал куни вафот қилди…

Қаҳрамон Ғуломов 1990-йиллар охиридан 2010 йилларгача “Озодлик” ва “Би-би-си” радиоларига “Камрон Алиев” тахаллуси билан сиёсий шарҳловчи сифатида интервью бериб турарди.


1.2.11. АҲМАД АЪЗАМ (1949.28.06-2014.04.01)

546231_401060863240177_944050128_n[1] (246x321, 12Kb)

Фото 9. Аҳмад Аъзам ([50])

Аҳмад Аъзам ҳақидаги маълумотларни [51]-мақоладан келтираман.

«Ёзувчи, мунаққид ва сиёсатчи Аҳмад Аъзам 28 июн 1949 йили Самарқанд вилояти, Жомбой туманидаги Ғазира қишлоғида туғилган.

1971 йили Самарқанд давлат университетини битирган.

"Гулистон" журнали, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси, "Совет Ўзбекистони санъати" журнали редакцияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган.

Сиёсий фаолиятини "Бирлик" халқ ҳаракатида бошлаган, "Эрк" демократик партияси бош котиби бўлган.

Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999-2004 йиллар, А.Ш.).

1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, Ўзбекистон" телеканали бош директори, "Ўзбектелефильм" студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Бу даврда сценарист ва тележурналист сифатида ҳам ижод қилган.

Аҳмад Аъзамнинг "Ойнинг гардиши", "Бу куннинг давоми", "Асқартоғ томонларда", "Соясини йўқотган одам", "Ҳали ҳаёт бор" деган насрий асарлари,"Масъул сўз" деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, "Ўзи уйланмаган совчи", "Рўё ёхуд Ғулистонга сафар" романлари чоп этилган” [51]

Би-би-си меҳмони Аҳмад Аъзам билан суҳбатдан айрим муҳим маълумотлар.

“Би-би-си: Эндиги савол сиёсий фаолиятингизга боғлиқ экан. Чимкентдан Ботир (профессор Ботир Норбоев, А.Ш.): Аҳмадбой, омонмисиз? Соғлиқлар яхшими? Пенсияга ҳам чиқиб олдингиз. Сиз бир пайтлар "Бирлик"нинг, сўнг "Эрк"нинг фаоли, ҳатто Бош котиби бўлдингиз. "Бирлик"дан чиққанингизнинг сабаби маълум. Аммо "Эрк"дан нега кетдингиз? "Эрк"дан кетганингизда Муҳаммад Солиҳ сиздан қай даражада хафа бўлди? "Эрк"дан кетишингизни бир хиллар сотқинлик деб баҳолашди. Ўзингиз нима деб ўйлайсиз?

Аҳмад Аъзам: Биринчидан саволнинг бошидаги гапни унча тушунмадим. Пенсияга ҳам чиқиб олдингиз, деб сўраляптида. Худди пенсияга чиқиш айбдай. Мен пенсияга 58 ёшимда чиқдим, соғлигим туфайли. Биринчи гуруҳ инвалиди бўлиб пенсияга чиқдим. Пенсиягача жуда яхши ишладим. Агар давлат менга ҳозир пенсия берадиган бўлса, шу пенсиямни оқлаганман. Иккинчидан, "Бирлик"дан мен кетганим йўқ. Мен "Бирлик"ни ҳамраиси бўлганман. "Бирлик" бўлинди. Мен "Эрк" партиясига ўтдим. Бу кетди, деган нарсани билдирмайди. "Эрк" партиясида мен "ҳатто бош котиб" бўлганим йўқ. Мен ҳақиқий бош котиб эдим. Мен "Бирлик"даям, "Эрк"даям ҳалол ишладим. Ҳозир ўзини етакчи, ташкилотчи ҳисоблайдиган одамларни бештасини, ўнтасини йиғсаям менчалик иш қилмаган бўлади. Энди Муҳаммад Солиҳ сиздан қай даражада хафа бўлди, деган савол. Бу ўртамиздаги гаплар. Кетишимнинг сабаблари бор. Уларга алоҳида қараш керак. Энди кетишимни сотқинлик, деб қарайдиганларга. Нимага нисбатан сотқинлик? Масалан, биз ўша пайтда кўтарган ғояларга, интилишларга нисбатан айтиладиган гап бўлса, мен ватандан чиқиб кетмай, ҳалиги грант умид қилмай, ўзимни жабрдийда кўрсатиб, қанақадир иқтисодий ёрдамлар олишга интилмай, ўша ишларни қилдим. Ўша сиёсий мақсадларни амалга оширдим. Халқнинг миллий ғурурини уйғотиш, ўзлигини танитиш бўйича телевидение соҳасида, олдин айтганимдай, битта "Ўзлик" кўрсатуви бўладиган бўлса, 180 та кўрсатувда камида 200 та жабрдийда одамнинг тақдирини кўрсатдим. Мен ҳалол ишладим деб ўйлайман. Буни сотқинликка ҳеч бир алоқаси йўқ. Мен бирорта одамни сотиш у ёқда турсин, бошқалардан фарқли равишда бирорта одамни ёмонлаганим ҳам йўқ. Матбуотни кўришингиз мумкин, бошқа нималарни кўриш мумкин. Энди яширин сотқинлик дейдиган бўлса, бир куни ҳамма ҳужжатлар кўтарилади. Кимнинг кимлиги барибир ошкор бўлади. Мен бу маънода ўзимни виждонимни ҳам тоза дейман, боя айтганимдай нонимни ҳалоллаб еганман.

Тошкентлик мухлис: муҳтарам Аҳмад Аъзам, дўстингиз ва сафдошингиз Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдим.

Аҳмад Аъзам: Энди инсоний нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, биз Солиҳ билан 1975 йил танишган бўлсак, 1992 йилгача, 16-17 йил биз бирга бўлганмиз. Жуда қалин дўст бўлганмиз. Айтишиб, тортишиб турганмиз. Битта майизни бўлиб ейдиган яқин оғайни бўлганмиз. Кейин сиёсат турли нималарга ташлади. Бу энди алоҳида бир суҳбат мавзуи. Лекин мен барибир ёшликни, 70-80, 90-йилларнинг бошларидаги адабий жараёнда шу Муҳаммад Солиҳга ўхшаган шоирлар билан яқин дўст, ҳамкор бўлганимни ҳалиям соғинаман. Мен масалан, Солиҳ сиёсатчи бўлмаганида жуда катта шоир сифатида ўзбек халқининг маънавиятини кўтаришда катта хизмат қилган бўларди, деб ўйлайман. Мен ҳозир нима дейишим мумкин. Кўпдан бери у билан гаплашмайман. Гаплашишнинг иложиси ҳам йўқ. Лекин мен унга доим омонлик, соғлик тилайман” [51]

Ўзим гувоҳ бўлган Аҳмад Аъзам билан бўлиб ўтган битта воқеани гапириб берай. Маълумки, 1990 йил 30 апрел куни Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси (ЭДП) таъсис қурултойи бўлди. Унда Муҳаммад Солиҳ ЭДП раиси, Аҳмад Аъзам ЭДП Бош котиби этиб сайланди. Кун тартибида ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарларда ЭДП ташкилотларини тузиш вазифаси турарди. Тошкент шаҳар ва вилоят ташкилотини тузишни Муҳаммад Солиҳ раҳматли профессор Шоди Каримовга илтимос қилди ва уни ЭДПнинг Тошкент бўлими 1-котиблиги вазифасига тайинлади. Шоди ака мени 1991 йил июл ойида кўриб қолиб ЭДПга ишга таклиф қилди ва “Халқимиз учун бирга ишлайлик” деди. Мен рози бўлдим ва 1991 йил 1 августдан ЭДП марказида 100 рубл ойлик билан Шоди аканинг асосий ёрдамчиси ва сал кейинроқ ЭДП Тошкент бўлими (шаҳар ва вилоят ташкилоти) ташкил этилгач бўлимнинг 2-котиби вазифасида ишлай бошладим.

Таъкидлашим лозимки, ўша йиллар Совет Иттифоқида рубль ўз қадрини кундан кунга йўқотиб бораётган йиллар эди. Шу сабабли 100 рубл пул бир ой давомида овқатланишим ва йўлкирамга зўр-базўр етарди, холос. “Бирлик” ва “Эрк”даги кўпгина фаоллар, жумладан мен ҳам халқимизнинг бугуни ва эртаси учун, Ватанимиз Мустақиллиги учун 10-12 соатлаб фидокорлик билан ўз имкониятларимиз доирасида меҳнат қилардик. Очиқ ёзишим ўринлики, жисмоний ҳалол меҳнат қилиб кундалик харажатлар ҳамда ижарадаги хонамга тўлаш учун қўшимча пул ишлаб топардим ва топган пулимнинг бир қисмини шу савоб йўлларда сарфлардим ...

ЭДП Ўзбекистон Адлия вазирлигида 1991 йил 5 сентябр куни рўйхатга олинди ва бу ҳақдаги гувоҳнома ЭДП раҳбари Муҳаммад Солиҳга ўша пайтдаги Адлия вазири Бобур Маликов (1948.02.09) тантанали топширди. Шу тантаналарда мен ҳам қатнашгандим ва фотоаппаратим билан суратларга олгандим.

1991 йил сентябрида ЭДПнинг фавқулодда 2-қурултойи чақирилиб, Муҳаммад Солиҳ номзоди Ўзбекистон президентлигига кўрсатилди. Адашмасам, ўша кунлар эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 1-қаватидаги ЭДП хонасида эрталаб бир неча раҳбарлар бор эди. Гап сайлов хусусида бўлгани учун мен “Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳам номзод кўрсатайлик” дедим. Шунда Аҳмад Аъзам: “Тошкент шаҳар ҳокимлигига номзодимиз йўқ” деди. Мен ҳайрон бўлиб “Сиёсий партия бўлиб Тошкент шаҳар ҳокими вазифасига битта номзод кўрсата олмаймизми? Профессор Шоди Каримов номзодини кўрсатсак бўладику” дедим. Аҳмад Аъзам: “Сиз бу ёққа юринг” деб мени ўз хонасига бошлаб кирди. “Сиз нега маҳмаданалик қилаяпсиз?” деб мендан зарда билан сўради. Мен: “Тошкент шаҳар ҳокими вазифасига номзод кўрсатсак яхши бўларди. Масалан, профессор Шоди Каримовни” дедим. У эса: “Партия раҳбарияти сайловларда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасига номзод кўрсатмаслик ҳақида келишган. Сиз нега партиявий интизомни бузаяпсиз?” деди. “Агар ЭДП раҳбарияти номзод кўрсатмасликка келишган бўлса, майли. Мен бу келишувдан бехабар эдим” дедим. Аҳмад Аъзам: “Шундай. Боринг, ўз вазифангиз билан шуғулланинг” деди.

Менимча, ЭДП раҳбарияти 1991 йил 29 декабр кунги Президентлик ва Тошкент шаҳар ҳокимини сайлаш режаланган сайловларда ҳоким вазифасига номзод кўрсатмасликка Тошкент шаҳар 1-котиби коммунист Адҳам Фозилбеков билан келишишган. Бунинг эвазига улар ЭДП раҳбариятини бир неча машина, бино ва шунга ўхшаш моддий бойликлар билан таъминлашган, менимча.

Профессор Шоди Каримов ва коммунист Адҳам Фозилбековнинг Тошкент шаҳар ҳокими бўлиб сайланиш эҳтимоли тахминан тенг эди. Чунки М.Горбачев қайта қуришни эълон қилган 1985 йилдан бери Совет Иттифоқи марказий матбуоти ва Ўзбекистон мухолифати коммунистларнинг партиявий номенклатурасини қаттиқ танқид қилишарди. Шу сабабли Тошкентда яшовчи русларнинг кўпчилиги ҳам партиявий номенклатурадан чарчаган ва унга қарши, яъни муқобил номзод бўлмиш Шоди Каримовга овоз беришлари кутилаётганди. Афсуски, Муҳаммад Солиҳ раҳбарлигидаги ЭДП раҳбарияти бу борада Тошкент шаҳар ташкилоти раҳбарияти билан бир оғиз муҳокама қилмай ўзларича келишиб кетаверишган.

Сайлов куни ҳам қизиқ бўлганди. Тошкент шаҳар ҳокими учун овоз бериш бланкалари ҳам ўзбек, ҳам рус тилларида қизил рангда чоп этилганди. Ҳар бир сайловчига, айниқса ўзбек тилини билмайдиган рус сайловчиларига иккитадан, яъни ҳам ўзбек, ҳам рус тилларидаги бланка беришди. Ҳар бир сайлов участкасида саноқ пайти Фозилбековга қарши овоз белгиланган сайлов бланкалари бир қисми йўқ қилиниб, ёқлаб овоз берган иккиланган бланкалар ҳисобланган. Президент номзодига бернилган овозлар сони билан Тошкент шаҳар ҳокимлигига берилган бланкалар сони мос туширишга икки тилли бланкалар борлиги ёрдам берган ва йўқотилган бланкалар ўрни билинмаган.

“Бирлик” Халқ Ҳаракати тузилиши тарихига қайтай. 2004 йил августда ёзувчи Аҳмад Аъзам Ўзтелефильмнинг Бош директори бўлиб ишларди. Мен унинг ишхонасига телефон қилиб, 1988 йил 11 ноябрда Д. Ҳасаннинг уйида бўлиб ўтган «бирлик»чиларнинг дастлабки йиғилишига доир бир–иккита саволларим борлиги ва учрашмоқчи эканлигимни айтдим. А.Аъзам ҳозир кабинетида одамлар йиғилганлиги, келажак режалар билан шуғулланаётганлиги, ўтмиш билан шуғулланишга вақти йўқлиги ва шу сабабли мен билан учрашаолмаслигини айтди. У 2007 йилда пенсияга чиқди.

Аҳмад Аъзам 2014 йил 4 январ куни вафот этди. У “Бирлик” Халқ Ҳаракати ташкил этилишига доир билган маълумотларни ўзи билан қабрга олиб кетди ...

1.2.12. ҒӮЛОМҚОДИР ТУРСУНОВ

Ғўломқодир Турсунов билан бир неча марта суҳбатлашдим. У “Бирлик” Халқ Ҳаракати ташкил этилишига доир менга бирорта қўшимча маълумот айтолмади.

Ғўломқодир иқтисодчидир. Адашмасам, у Тошкент Халқ хўжалиги институти (ҳозирги Иқтисод университети)ни тугатган. Унинг интернет сайтларида иккитагина мақоласини топа олдим ([52]-[53]-га қаранг). У ўз мақолаларида ёзган муаммо – унинг иқтисодий таклифларини матбуот орқали беришга рухсат беришмагани ҳақида ёзган. Нега у бу муҳим материалларни сайтларда ошкора чоп эттирмади? МХХ раҳбариятининг ғаши келишидан қўрқдими?..

Раҳматли Абдуманноб Пўлатовнинг Ғўломқодир Турсунов ҳақида айтган мана бу гапларига ҳам эътибор берайлик.

“Ю. Р. (Ш. А.): 4) Абдураҳим ака Дадахон аканинг уйига сизлар ўтирган хонага киргач "Арақ қани?" дегани тўғрими? (Дадахон аканинг таваллуд топган куни эди, бу гапни ўша даврада қатнашган Ғуломқодир Турсунов айтди).

А. П.: - Акамлар биз ўтирган хонага кириб келганларида мен ўша ерда эдим. У киши бироз кеч келдилар. Фақат одатий саломлашиш бўлган, ароқ ҳақида гап бўлмаган. Менимча, навбатдаги ёлғон бўлса керак. Қолаверса, менимча Ғуломқодир Т. га кўпам ишонавермаслик керак. У ишончли манба эмас» [37, 2-қисм]

Раҳматли Абдуманноб Пўлатовнинг мана бу гапига ҳам эътибор берайлик.

“... Буларнинг ҳар бири "Бирлик"нинг биринчи йиғилишида қатнашиб, унинг фаолиятида деярли иштирок этмаган баьзи (5-6) асосчилардан кўра "Бирлик"нинг биринчи йиллари ҳаракат учун МИНГ марта кўп жон куйдирган ва ишлаган миллатсевар кишилардир. Бу рўйхатга мен асосан “Бирлик”нинг биринчи йилги фаолиятида иштирок этган фидойиларни киритдим” [37, 2-қисм]

Менимча, Абдуманноб ака ўша 5-6 киши деганда Ғўломқодир Турсунов кабиларни назарда тутган ва бу гап жуда тўғридир.

Ғўломқодир Турсунов билан бўлган ғалати учрашувим ҳақида битта воқеани гапириб берай. 1993 йил октябрида “Эрк” демократик партиясини тарк этган бир гуруҳ ҳамфикрлар билан Ўзбекистонда асосан ёшлардан иборат Республикачилар партияси (РП)ни ташкил этиш билан шуғулландим. Партиямизга аъзо бўлиш истагида ёзиб берилган аризалар беш юзга яқинлашгач РП Ташаббус гуруҳи йиғилиши қарори билан РП Таъсис қурултойини ўтказишга рухсат ва жой сўраб Тошкент шаҳар ҳокимиятига ёзма мурожаат қилдим. Шунда менга Ўзбекистон президенти маҳкамасида Жамоат ташкилотлари билан ишлаш қўмитаси раиси сиёсатшунослик фанлари доктори Муқимжон Қирғизбоев билан учрашиб суҳбатлашишим кераклигини айтишди.

Учрашув куни ва соати белгилангач Президент Маҳкамасига бордим. М.Қирғизбоев кабинети жойлашган 2-ми (3-ми) қаватдан бораётганимда, қарангки, Ғўломқодир Турсуновни учратдим. У салом аликдан кейин қандай сабаблар билан бу ерга келганлигимни сўради. Мен РПни ташкил этаётганлигимни айтмай қисқача жавоб бердим ва хайрлашиб йўлимда давом этдим. Ўз-ўзидан савол туғилади: Ғўломқодир Турсунов 1993 йил кузида Президент Маҳкамасида, яъни президент Ислом Каримов ишлайдиган бинода нима қилиб юрибди? У ерга тасодифан бориб қолиш ва ичкарига кириш ҳеч мумкин эмаску ...

М.Қирғизбоев мен билан бироз суҳбатлашгач ва айрим ҳужжатлар билан танишгач “Сиёсий партияни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистондаги вилоятларнинг камида ярмида, шунингдек Тошкент шаҳрида РПнинг бошланғич ташкилотлари бўлиши керак” деди. Бу жуда муҳим таъкидлаш эди. Мен унга миннатдорлик билдириб жўнаб кетдим. 1994 йил баҳоридан Ўзбекистондаги 10 та вилоятга бориб РПнинг бошланғич ташкилотларини тузиб қарорлар ёзиб тайёрлаб келдик. Ва 1994 йил 12 ноябр куни Тошкент шаҳар ҳокимиятининг рухсати билан Буюк Ипак Йўлида жойлашган “Гулшан” клубида Ўзбекистон Республикачилар партиясининг Таъсис қурултойини ўтказдик. Бу қурултойда мени РПнинг раиси этиб сайлашди. РПни ташкил этишимиз, фаолияти ва кучишлатар органларнинг тазйиқлари ҳақида алоҳида мақолаларимда 2019 йилда, яъни Ўзбекистон Республикачилар партиясининг ташкил этилганининг 25 йиллиги арафасида ёзарман, иншааллоҳ. Ҳозир эса “Бирлик” Халқ Ҳаракати ташкил қилиш тарихини баён этишда давом этсам.

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

5. Ўзбекистоннинг янги тарихи. 3 та китоб/Тузувчи: Н.Жўраев, Т.Файзуллаев; Таҳрир ҳайъати: А.Азизхўжаев (Раис) ва бошқ. – Т.: Шарқ, 2000.

Ўзбекистоннинг янги тарихи. К. 3. Мустақил Ўзбекистон тарихи //Тузганлар: Н.Жураев, Т.Файзуллаев. Редколлегия: А.Азизхўжаев (раис), Б.Ахмедов, С.Камолов ва бошқ./ - Т.: «Шарқ», 2000. – 560 б.

37. Абдуманноб Пўлатов. “Бирлик”нинг тузилиши, илк қадамлари ва бўлиниши: баъзи маълумот ва фикрлар.
1-қисм. - http://isyonkor.ucoz.ru/news/2006-05-07-276 (www.isyonkor.ucoz.ru 2006.07.05);
2-қисм. - http://isyonkor.ucoz.ru/news/2006-5-9-284-0- (www.isyonkor.ucoz.ru 2006.09.05).

42. Би-би-си меҳмони- бетакрор қалам соҳиби Усмон Азим. - http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2009/06/090608_talking_point_usmonazim.shtml (www.bbc.co.uk/uzbek/ 2009.08.06).

43. Усмон Азим. - Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. У ҳарфи. - http://ziyouz.uz/index.php?option=com_phocadownload&view=category&id=85:natens (www.ziyouz.uz )

44. АХМАДЖОНОВ Ш. Политические партии Узбекистана: шесть зарегистрированных и одна «скрытая» (Ўзбекистон сиёсий партиялари: олтитаси рўйхатга олинган ва биттаси “яширин”). –
Часть 1. - http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1109149980 (www.centrasia.ru 23.02.2005 12:13);
Часть 2. – http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1109221680 (www.centrasia.ru 24.02.2005 08:08);
Часть 3. - http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1109310000 (www.centrasia.ru 24.02.2005 08:40);
http://www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/5478522/ (www.liveinternet.ru Дневник «Турон_Шухратжони», Рубрика «Статьи 2005 года», 04.12.2014).

АХМАДЖОНОВ Ш. О шести зарегистрированных и одной «скрытой» про правительственных политических партиях Узбекистана (Ўзбекистоннинг олтита рўйхатга олинган ва битта “яширин” ҳукуматпараст сиёсий партиялари). -
www.turonzamin.org/congress/russian.html части 1-4 (www.turonzamin.org страница на русском языке, март 2005 года).
http://turonzamin.org/2011/02/26/sbornik-2/ 1-4-части (www.turonzamin.org 26.02.2011, Сборник статьи, 2005 год, статья 5);
http://uzbekcongress.org/russian/opartiyax.html (www.uzbekcongress.org/russian/ 04.01.2013).

45. АҲМАДЖОНОВ Ш. Ўзбекистондаги сиёсий партиялар: бештаси рўйхатда ва биттаси махфий. –
1-қисм. - http://dunyouzbeklari.com/archives/89216 (www.dunyouzbeklari.com 2014.07.12);
2-қисм. – http://dunyouzbeklari.com/archives/95633 (www.dunyouzbeklari.com 2015.26.02).

46. АЗИМОВ У. Бахшиёна. Драматик балладалар. – Т.: “Ёш гвардия”, 1990. – 80 б.

47. АҲМАДЖОНОВ Ш. Яқин тарихимизга назар. Ўзбекистон Озод Деҳқонлар партиясининг асосчиси, профессор Олимжон Каримов – 80 ёшда. (Биринчи қисм: 1988-1993 йилларда Ўзбекистонда рўй берган баъзи бир тарихий воқеаларнинг проф. О.Каримов тақдири мисолида таҳлили). – www.uzbekcongress.org 2006.01.01; www.jahongir.org “Turonzamin” журнали, 2006 йил январ, 1(13)-сони.

48. АХМАДЖОНОВ Ш. Cуд над «Миллий Мажлиcом» 1992 года и иcтория cоздания Партии cвободных дехкан Узбекиcтана (“Миллий Мажлис” устидан 1992 йилдаги суд ва Ўзбекистон Озод Деҳқонлар партиясининг тузилиш тарихи). -www.centrasia.ru 24.09.2007 12:45.

49. АҲМАДЖОНОВ Ш. Озод Деҳқонлар партиясининг асосчиларидан бири Рисқали Зиявуддинов вафот этди (Фотолавҳа). - www.uzbekcongress.org 2006.07.08.

50. Аҳмад Аъзам. Фото. - https://www.facebook.com/ahmadazam.uz/ (Раҳматли Аҳмад Аъзамнинг Фейсбукдаги саҳифаси).

51. Аҳмад Аъзам: халқимизнинг миллий уйғонишига, ўзлигини англашига хизматим сингган. - http://www.bbc.co.uk/uzbek/institutional/2012/06/120625_cy_talkingpoint_ahmad_azam.shtml (www.bbc.co.uk/uzbek/ 2012.25.06)

52. ТУРСУНОВ Г. Открытое письмо президенту Исламу Каримову независимого экономиста Гуламкадира Турсунова. - https://centrasia.org/newsA.php?st=1052970000 (www.centrasia.ru 15.05.2003)

53. ТУРСУНОВ Ғ. Ғуломқодир Турсунов: Конвертатция тарихидан. - http://uzxalqharakati.com/archives/46847 (www.uzxalqharakati.com 2017.22.09).

E-mail: jiz54@mail.ru

2018 йил 2-3 декабр

АҚШ, Вашингтон шаҳри

-------------------------------------------

АҲМАДЖОНОВ Ш. “Бирлик”чилар (китобнинг давоми 3). - https://siyosat.wordpress.com/2018/12/03/%d0%b1%d0%b8%d1%80%d0%bb%d0%b8%d0%ba%d1%87%d0%b8%d0%bb%d0%b0%d1%80-%d0%ba%d0%b8%d1%82%d0%be%d0%b1-%d0%b4%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%bc%d0%b8-3/#more-12045 (www.siyosat.wordpress.com 2018.03.12).
Рубрики:  КНИГИ 2018 года
КИТОБ: "БИРЛИК"ЧИЛАР

Комментарии (0)

«БИРЛИК»ЧИЛАР (китоб давоми 2)

Дневник

Среда, 02 Января 2019 г. 19:27 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

«БИРЛИК»ЧИЛАР (китоб давоми 2)

1.2.6. АБДУМАННОБ ПЎЛАТОВ (1951.16.12-2010.21.11)

101122090559_abdumannob_pulat_512x288_nocredit (512x288, 61Kb)

Фото 5. Абдуманноб Пўлатов [33]

Абдуманноб аканинг қисқача таржимаи ҳолини [34]-[35]-мақолалардан келтираман. Унга доир қўшимча маълумотларни китобим давомида ёзаман.

“Тошкент яқинидаги Ғишткўприк (собиқ Черняевка, А.Ш.) қишлоғида туғилган ва катта бўлган, 9-10 синфни қўшни қишлоқда ўқиган ва у ердаги ўрта мактабни “олтин медаль” билан тугатган.

Тошкент Давлат университети (физика факультети, 1974)ни тугатган, шунингдек Ленинград университети (физика факультети, 1969-1973)да ҳам ўқиган.

Москва Давлат университети аспиранти (1974 дан 1979 йилгача, Совет Армиясида хизмат: 1977-1978).

Физика-математика фанлари номзоди (МДУ, 1979).

Математика соҳасида Москва Давлат университети докторанти (1991 дан 1993 йилгача).
Тошкент Давлат университети (Математика факультети)нинг катта ўқитувчиси, доценти (1981 дан 1991 йилгача).

Ўзбекистон Фанлар академияси Математика Институтининг илмий ходими ва бир вақтнинг ўзида ТошДУ Амалий Математика ва Механика факультетида сабоқ берган (1979 дан 1981 йилгача).

1991 йил декабридан 2001 йил ёзигача Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг раиси.
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати асосчиларидан бири (1988 йил 11 ноябр). 1996 йилгача «Бирлик» ва унинг Марказий Кенгашининг энг фаол аъзоларидан бири бўлган.

1992-2001 йилларда Вашингтон ҳамда Москвада кичик идоралари ва Ўзбекистонда 3-8 нафар мухбирлари бўлган Марказий Осиёда Инсон Ҳуқуқлари бўйича Ахборот Марказини ташкил этган ва раҳбарлик қилган.

1992 йил декабрида, ўзининг биринчи марта сиёсий муҳожират (эммиграция)да бўлган даврида, Бишкек шаҳрида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича йирик халқаро анжуманнинг асосий ташкилотчиси бўлган. Уни анжумандан кейин Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси (ИИББ) ходимлари ўғрилаб олиб кетишган.

Ўзбекистон қамоқхоналарида деярли икки ой тутиб турилгач, «Ўзбекистон Президенти шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаганлик»да айбланиб 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида Олий Суд ҳукми ўқилган, лекин Амнистия (Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг бир йиллиги муносабати билан 1991 йил августида эълон қилинган Амнистия ҳақидаги Президент фармони, А.Ш.) га асосан Олий Суд залидан озод қилинган.

Президент Ислом Каримов таклифидан кейин 1996 дан 1998 йилгача Ўзбекистонга уч марта борган (ўшанда мамлакатда жами 6 ойга яқин бўлган), лекин ўшандан бери Ўзбекистондаги ҳокимият унга виза беришни рад этмоқда.

1993 йилдан бери АҚШда (Виржиния штатидаги Спрингфилд шаҳарчасида, Вашингтон шаҳри яқинида, А.Ш.) яшамоқда ва Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан марказий, конструктив, ўртамиёна мухолиф позициясидадир.

2001 йилда АҚШ фуқаролигини қабул қилди.

АҚШ Конгрессидаги тинглашларда (1993 йилда) маъруза қилган биринчи Ўзбекдир.

Ўзбекистондаги сиёсат ва инсон ҳуқуқлари ҳақида 75 та мақола ва эссе (жумладан китоблардаги 3 та боб) муаллифи. Улар асосан инглиз тилида АҚШдаги махсус нашрларда чоп этилган. Шунингдек математика соҳасидаги 35 та мақола ва монографиядаги битта боб муаллифидир.

Уйланган, уч нафар фарзанди (уч нафар невараси, А.Ш.) бор.

2010 йил 21 ноябр куни вафот қилди” [34]

Абдуманноб Пўлатов 2010 йил 21 ноябрда вафот этгач мен у ҳақда 2010 йил декабрда [36]-катта мақолани ёзиб сайтларда чоп эттирдим. Раҳматли Абдуманноб аканинг “Бирлик” ҳақидаги хотиралари ёзилган мақолалардан иқтибослар келтираман.

«Ўша пайтларда Муҳаммад Солиҳ (бундан кейин, баъзан – М.С.) билан халқ жабҳаси тузиш масаласини 2-3 марта муҳокама қилганмиз. Ёзувчилар уюшмасида, унинг хонасида. М.С. фақат мен билан эмас, яна бошқа бир неча кишилар билан ҳам бу ҳақда фикр алмашаётганини мен билар эдим. Ҳаракатнинг биринчи дастур лойиҳасини ўша пайтда "Муштум" журналида ишловчи Фахриддин Худойқулов ва унинг бир неча дўстлари, ҳамфикрлари тайёрлаган.

М.С.нинг тавсияси билан мен бир неча маротаба Фахриддин билан учрашиб, дастур лойиҳасини муҳокама қилганмиз. Ноябрнинг бошларида М.С. менга "яқин орада йиғиламиз, Рауф ака Сизга хабар қилади" деган эди” [37, 1-қисм]

“Мендаги ёзувлар йўқолган, лекин бир неча марта бу йиғилиш иштирокчилари хақидаги хотираларимни текширишга интилганман. Жумладан, Дадахон акамиз "Бирлик"нинг бир йиллигидаги (2-Қурултойида, 1989-йил 11-12 ноябр) ўз рўйхатларини ўқиб берганларида мен ҳам ёзиб олган эдим. Хуршид Даврон, Абдуқодир Эргашев, Ғуломқодир Турсунов, Ҳусниддин Зуҳриддиновлар бу йиғинда бўлганини эслай олмайман. Лекин Юрий Ласкин деган одамни, назаримда, фикримча, ҳеч қачон кўрмаганман. Бу исмни ҳам Шухрат А.-нинг мақоласида биринчи марта эшитдим шекилли. Агар бу киши ўзбек тилини яхши билса ва ташқи кўриниши маҳаллий миллат вакилига ўхшаб кетса, бу ҳолда йиғилишнинг бу қатнашчисига эьтибор қилмаган бўлишим мумкин. Чунки бу куни фақат ўзбек тилида сўзлашганимиз аниқ ёдимда. Агар орамизда ўзбек тилини билмайдиган киши бўлса, табиийки суҳбатимизнинг камида бир қисми рус тилида бўларди. Ва мен буни, табиийки, эслаб қолган бўлардим. Ўша куни орамизда кўриниши маҳаллий бўлмаган одам аниқ йўқ эди.

Дадахон акамизнинг рўйхатларига асосланиб Шуҳрат А. келтирган рўйхатда Бахтиёр (ака) Каримовнинг номи негадир йўқ. Эслашимча, бу киши мажлисда бўлган ва унда фаол қатнашган.

Қолаверса, 1988-89 йилларда Бахтиёр ака Каримов Муҳаммад Солиҳнинг (бундан кейин, баъзан - М.С.) энг яқин ва ишончли сафдошларидан бири, маслаҳатчиси ва бир қанча муҳим ҳужжатлар лойиҳасининг муаллифи эди. Мисол учун, Бахтиёр Каримов тайёрлаган қисқа мактуб "Бирлик" тузилишидан 1 ҳафтача олдин, унинг ҳали шаклланмаган ташаббус гуруҳимиз номидан Москвага юборилган. Бу мактуб юборилганда уни Мухаммад Солиҳ менга кўрсатгани ёдимда.

Яна бир муҳим гап: 1988-йил 11-ноябрдаги йиғилишимизда иштирок этмаган, лекин "Бирлик"нинг илк қадамларида жуда катта хизмат қилган, фаол бўлган кишиларнинг бир қисмини эслатиб ўтай (рўйхат тўлиқ эмас!):

- раҳматли Шовриқ Рўзимуродов, Ўзбекистон Халқ Депутати – у “Бирлик”да бироз кечроқ (1990-йилнинг бошидан) фаол бўлган.
- раҳматли Олим ака Каримов (1989-йил бошидан).

- Академик олим Бек ака Тошмуҳамедов - “Бирлик”нинг 1988-йил 11-ноябрдаги биринчи йиғилишида иштирок этмаган, лекин ундан олдин бу ғоя тарафдори бўлган ва унинг муҳокамасида иштирок этган.
- Зоҳид ака Ҳақназаров – 1989-йил баҳоридан.
- Шуҳрат ака Исматуллаев – “Бирлик”нинг 1988-йил 11-ноябрдаги биринчи йиғилишида иштирок этмаган, лекин ундан олдин бу ғоя тарафдори ва унинг муҳокамасида иштирокчи бўлган. 1988-93-йилларда “Бирлик”нинг энг муҳим раҳбарлари ва фаоллари, фидойиларидан.
- Гулчеҳра опа Нурулло қизи – 1989-йил бошлари ё баҳоридан.
- Васила Иноят қизи – 1989-йил баҳори ё ёзидан.

- Хурматли ёзувчимиз Шукрулло ака – 1988-йилнинг охири ё 1989-йил бошидан.
- Маъмура опа Усмонова – 1989-йил баҳоридан.
- Гавҳар Норматова – 1988-йил ноябридан, то “Бирлик” бўлинишигача.
- Абдулла ака Комилов – 1989-йил декабридан, 1992 йил охирларигача.
- Лутфи опа Йўлдошева – 1988-йил декабридан.
- Сафар Бекжон – 1989-йил баҳори ё ёзидан, “Бирлик” бўлинишигача.
- Жума Тошматов, Асқар Абдуллаев, Шавқиддин Жўраев, Қудрат Бобожон ва яна бир қанча (ўша вақтдаги) талаба ёшларнинг раҳбарлари ва фаоллари - улар “Бирлик”нинг 1988-йил 11-ноябрдаги биринчи йиғилишида иштирок этишмаган, лекин ундан олдин бу ғоя тарафдори бўлишган.

- Вилоятларда Иномжон Турсунов (Фарғона), Алибой ака Йўляхшиев ва Сулаймон ака Муродов (Самарқанд), Шуҳрат Бобожон (Хоразм), Лочинбек Турсунхўжаев ва Фазлиддин (Ёқубов, А.Ш., Андижон), Хайрулло Қосим (Наманган) ва яна бир қанча фаолларимиз - “Бирлик”нинг биринчи кунларидан ҳаракатнинг вилоят бўлимлари ва гуруҳларини ташкил этишда фидойилик қилишган.

- Ботир ака Норбоев, Толиб ака Ёқубов, раҳматли Мадамин ака Нарзиқулов, Абдулазиз ака Маҳмудов, Маҳмуд ака Иноқов, Сайёра опа Худойберганова, Зиёвиддин ака Зиёмов, Саидолим (фамилияси ҳозир ёдимга тушмади, узр), Темир ака Валиев, Анвар ака Усмонов, Абдурашид ака Шариф, Абдураҳмон ака Пирмуҳамедов, Мўътабар опа Аҳмедова, Исмоил ака Одилов, Миролим Одилов (1989-йил кузидан бошлаб), Дилором Исхоқова, Юсуф Жума, Мирзо Кенжабек, Ёдгор (ака) Обид, Норбой ака Худойберганов, Эркин Воҳидов (қисман), Исмат Хушев (қисқа вақтга), …

Агар 1990-йилдан кейинги даврни ҳам оладиган бўлсак, бу рўйхат янада кенгаяди.

Буларнинг ҳар бири "Бирлик"нинг биринчи йиғилишида қатнашиб, унинг фаолиятида деярли иштирок этмаган баьзи (5-6) асосчилардан кўра "Бирлик"нинг биринчи йиллари ҳаракат учун МИНГ марта кўп жон куйдирган ва ишлаган миллатсевар кишилардир. Бу рўйхатга мен асосан “Бирлик”нинг биринчи йилги фаолиятида иштирок этган фидойиларни киритдим.

Ю. Р. (Ш. А.): "Бирлик" Ташаббус гуруҳига аъзо бўлишга фақат 10 киши рози бўлган: Дадахон Ҳасан, Рауф Парфи, Каримов Тоҳир, Аҳмад Аъзам, Худойқулов Фахриддин, Зоҳир Аълам, Пўлатов Абдураҳим, Турсунов Ғуломқодир, Азимов Усмон, Хуршид Даврон. Сиз Абдуманноб Пўлатов ҳам, Муҳаммад Солиҳ ҳам ташаббус гуруҳига аъзо бўлишга рози бўлмагансизлар! Йиғилганлар ўша 10 кишилик рўйхатга биринчи бўлиб Дадахон Ҳасан исму шарифини ёздиришган эди!"

А. П.: Ташаббус гуруҳига киришга "рози бўлиш ё бўлмаслик" деган гап умуман бўлмаган. Абдураҳим акамларнинг таклифларига биноан, Фахриддин Худойқулов раҳбарлигида тайёрланган низом-дастур лойиҳасини ҳозирча қабул қилмаслик , унинг ўрнига қисқароқ "Халққа мурожаат" тайёрлаш ҳақида келишилди – бунда лойиҳа анча "хом” эканлиги, ҳамда биринчи қадам сифатида бундай 8 варақлик “узун” дастур-низом эмас, 1-ярим варақлик мурожаат тарқатиш, унда ҳаракатнинг асосий мақсадларини баён этиш, ишхона ва маҳаллаларда “Бирлик”нинг таянч гуруҳларини тузиш ва ўзаро боғланишга чақириш ҳақида келишилди. Яъни, ушбу чақириқ “Бирлик”нинг асосий мақсадлари ва ҳаракатни тузишга қаратилган ташкилий қадамларини белгилаши керак эди. Мурожаатнинг асосий нуқталарини Абдураҳим акамлар таклиф этдилар, улар қисқа ва оғзаки муҳокама қилинди.

Кейин Муҳаммад Солиҳ ташаббус гуруҳи рўйхатини туза бошлади, шунда кимдир ака-ука (Пўлатов)лардан бирини ёзинг деди. Мен индамадим. "Ташаббус гуруҳи"га бирор киши "мен кирмайман" дегани йўқ, жумладан мен ҳам. Лекин негадир, Муҳаммад Солиҳ ўз номини ҳам киритмаган экан. Бу масала умуман муҳокама қилинмади.

Мана шу мажлис иштирокчилари рўйхати ҳақида турли, бир-биридан фарқ қиладиган маьлумотлар келтирилишининг сабабларидан бири, назаримда қуйидагидан иборат.

11-ноябрдан бир неча кун ўтгач, Ёзувчилар уюшмасида ташаббус гуруҳининг йиғилиши бўлган. Унда 11-ноябрда бўлмаган бир неча фаолларимиз қатнашган. Кимлардир мана шу икки йиғилишни – бунда ғараз мақсад йўқлигига ишонаман – адаштириб чалкаштираяпди, шекилли.

Мана шу иккинчи мажлисда (мен унда бўлмаганман) Абдураҳим акамларни ташаббус гуруҳи (Маркази) раиси этиб сайлашган.

12-ноябр куни (1988-йил) тушга яқин Абдураҳим акамлар бир кун олдинги ваьдаларига биноан, "Бирлик" халқ ҳаракати тузиш чақириғи билан ёзилган Мурожатни Муҳаммад Солиҳга олиб келганлар. М.С. зудлик билан менга телефон қилиб, тезда келишимни сўради.

Мен борганимда М.С. нинг котибаси мурожаатни “машинкалаётган” экан (у қўлёзма шаклида эди). Мен текстни ўқиб, бир неча кичик таклиф ва қўшимчалар айтдим. М.С., "қўшиламан, лекин қайтадан ёзиб, муҳокама қилиб, ишни чўзмайлик” деди. Мен рози бўлдим ва уни ўзбек тилига таржима қилиш учун уйимга олиб кетдим.

Тарихнинг ажабланарли қирраси: умумдемократик руҳда ва ўзбек тили давлат тили бўлиши, ўзбек маданияти, тарихига ҳурмат ва эътибор кучайишига чақирилган, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқлари кенгайтирилиш (ва кейинги қадам сифатида мустақиллиги) талаби билан ёзилган мурожаат олдин рус тилида битилган эди.

Эртаси куни чақириқнинг ўзбек тилига таржимасини машинкаланган ҳолда М.С.га олиб келиб бердим ва мен ҳам, жуда кўп бошқа фаолларимиз ҳам, иккала тилда бу мурожаатни тарқата бошладик” [37, 2-қисм]

« Ю. Р. (Ш. А.): 1988 йил 11 ноябрдаги йиғилиш ҳақида Сизга ва Абдураҳим акага ким ва қай йўсинда (телефон орқали ёки бошқача) хабар қилган эди?

А. П.: - Юқорида тилга олдим. Бу масалани бир неча марта муҳокама қилганимиздан кейин, М.С. "яқин орада йиғиламиз, Рауф ака Сизга хабар беради" деган деди. Ростдан ҳам, 11-ноябр кунги йиғилишимиз ҳақида менга ажойиб шоиримиз, раҳматли Рауф Парпи телефон қилган. У киши ўша пайтда Ёзувчилар уюшмасида ишлар эди (Шеърият комиссиясининг котибими, бошқа вазифадами, ёдимда эмас). Кўп йиғинлар ҳақида у киши телефонда хабар тарқатар эдилар. Абдурахим акамларга ким хабар берганини билмайман. Билишни истаганлар ўзларидан сўраши мумкин. Лекин бу саволнинг аҳамиятини мен иккинчи даражали деб биламан

Ю. Р. (Ш. А.): 2) Соат нечиларда, кимлар билан ва қайси автомашинада Дадахон аканикига етиб келган эдингиз?

А. П.: - Соат 5-6 лар атрофида Ёзувчилар уюшмасига келдим - аниғи ёдимда йўқ. Бироз ўтиб қайсидир машина-аравада (балки М.С.нинг хизмат машинаси “Волга” - ГАЗ-24 миди, аниқ ёдимда эмас) Дадахон акамизнинг уйига кетдик - 4-5 киши бўлиб. Мен ўша пайтда Дадахон ака билан шахсан таниш эмас эдим, у кишининг уйи қаердалигини ҳам билмасдим.

Ю. Р. (Ш. А.): 3) Сиз келганингизда, Дадахон аканинг уйида кимлар бор эди ва қолганлар қай тартибда етиб боришди?

А. П.: - Бундай, иккинчи даражали маьлумотлар ва "деталлар", табиийки, аниқ ёдимда эмас. Лекин биздан олдинроқ келган 3-4 киши бор эди шекилли, қолганлар биздан кейин келишди.

Ю. Р. (Ш. А.): 4) Абдураҳим ака Дадахон аканинг уйига сизлар ўтирган хонага киргач "Арақ қани?" дегани тўғрими? (Дадахон аканинг таваллуд топган куни эди, бу гапни ўша даврада қатнашган Ғуломқодир Турсунов айтди).

А. П.: - Акамлар биз ўтирган хонага кириб келганларида мен ўша ерда эдим. У киши бироз кеч келдилар. Фақат одатий саломлашиш бўлган, ароқ ҳақида гап бўлмаган. Менимча, навбатдаги ёлғон бўлса керак. Қолаверса, менимча Ғуломқодир Т. га кўпам ишонавермаслик керак. У ишончли манба эмас.

Ю. Р. (Ш. А.): 5) Суҳбат қандай давом этди, яна кимлар нималар деди?

А. П.: - Муҳим гапларни юқорида айтиб ўтдим. Бу гапларга қўшимча сифатида жуда қисқа ўзаро танишиш (йиғилганларнинг анча қисми бир-бирини танимас эди), кейин умумий гаплар-суҳбатни тилга олишим мумкин. Қайтараман: аҳамиятсиз, иккинчи даражали гапларнинг кўпи, табиийки, ёдимда қолган эмас.

Ю. Р. (Ш. А.): 6) Охири йиғилиш вазифаларни қандай тақсимлади, яъни кимларга қандай вазифалар берилди?

А. П.: - Абдураҳим акамлар Мурожаат-чақириқ лойиҳасини тайёрлашни таклиф қилдилар ва бу ташаббусни амалга оширишни ўз зиммаларига олдилар. Бошқа ҳеч қандай вазифа тақсимлаш бўлмади” [37, 2-қисм]


1.2.7. АБДУРАХИМ ПЎЛАТОВ

ABDURAXIM1013880673 (90x120, 5Kb)

Фото 6. Абдураҳим Пўлат. [38]

А.Пўлатовнинг таржимаи ҳолидан маълумотлар 1995 йилда Анқарада нашр этилган «Абдурахим Пўлат озодликда» номли китобдан келтираман.

«Абдурахим Пўлат 1945 йил 7 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Ғишткўприк қишлоғида туғилди. Отаси – Қаюм Пўлат ўғли (1992 йили вафот этган). Онаси – Сабура Фозил қизи (шу кунда Тошкент шаҳрида яшамоқда) (Абдурахим Пўлатнинг онаси – Сабура Фозил қизи, адашмасам, 1999 йилда Тошкентда вафот этди, Ш.А.).

Абдурахим Пўлат 1962 йили Ғишткўприкдаги ўрта мактабни, 1968 йили Москва Энергетика институтини тамомлаб, компьютерлар инженери дипломини олди.

Шу вақтдан 1991 йилнинг июль ойигача Тошкентда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Кибернетика институтида ишлади. 1973 йилда кандидатлик, 1984 йилда докторлик диссертациясини ёқлади. 1977 йилдан лаборатория мудири, 1990 йилдан профессор.

Бошқариш назарияси, сунъий интеллект ва интеллектуал роботлар соҳасида юзга яқин илмий мақолалар, 2 китоб нашр қилди. «Адаптив ва интеллектуал роботлар» деб номланган яна бир китобининг чоп этилиши сиёсий фаолияти сабабли коммунистлар томонидан 1990 йилда тўхтатиб қўйилган. 1991 йилнинг июль ойида ўзини тўла сиёсий фаолиятга бағишлаш мақсадида Кибернетика институтидаги ишдан кетди.

1988 йил 11 ноябрьда бир гуруҳ ёзувчи ва олимлар билан Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракатига асос солди. 1988 йил 1 декабрьда «Бирлик» Ташаббус гуруҳининг, 1989 йил 28 майда Ҳаракат Марказий кенгашининг раислигига сайланди. 1989 йилнинг 19 март куни биринчи марта сиёсий лидер сифатида Тошкентдаги кўп минг кишилик митингда халқ олдига чиқди.

1989 йил 16 октябрьда антикоммунистик фаолияти учун 1980 йилдан бери аъзоси бўлган Ўзбекистон Коммунистик партиясидан (ҳозирги Халқ демократик партиясидан) ўчирилди. (3-изоҳга қаранг, Ш.А.)

1989 йил 11 ноябр да «Бирлик»нинг бўлинишини олдини олиш учун раисликдан истеъфо берди. 1990 йил 27 майдан бери «Бирлик»нинг раисдошларидан бири.

1990 йил 20 июньда номи кейинчалик «Бирлик» партияси деб ўзгартирилган Ўзбекистон демократик партиясининг таъсис қурултойида партиянинг раиси этиб сайланди. Ҳозир ҳам унинг раиси.

1990 йил 1-3 сентябрь кунлари Ленинградда халқаро «Инсон ҳуқуқлари» конференциясида Фарғона ва Ўшдаги воқеаларнинг асл сабабчиси Москванинг мустамлакачилик ва «айир-буюр» сиёсати эканлигини кўрсатувчи доклад билан қатнашди.

1990 йил ноябрь ойида «Ўзбекистон мустақил диктатура бўсағасида» мақоласини ёзди. Қозоғистон мухолифатининг «Азат» ва «Бирлик» партиясининг «Демократик Ўзбекистон» газеталарида эълон қилинган бу мақолада Ўзбекистон бу кундаги диктаторлик тузумга қараб кетаётгани аввалдан кўрсатиб берилганди.

1990 йил 7 декабрьда Қирғизистон Президенти Асқар Ақаев билан учрашиб, Ўш-Ўзгандаги каби воқеаларнинг қайтарилмаслиги учун қилиниши керак бўлган ишларни маслаҳатлашди.

1991 йил 25 майда тузилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятлари демократик кучлари Форумининг асосчиларидан бўлди.

1991 йил 2-9 августда сафдоши Пўлат Охун билан илк дафъа Туркияда бўлди. Тўғри йўл партиясининг раиси Сулаймон Демирэл билан суҳбат ўтказилди.

«Бирлик» халқ ҳаракати ва «Бирлик» партияси 1991 йил августдаги коммунистик фитнага қарши чиққани учун Абдураҳим Пўлат сафдошлари Шуҳрат Исматулла, Анвар Усмон, Миролим Одил ва бошқалар билан милиция томонидан тутиқланди.

1991 йил декабрь ойида 60 минг кишининг имзоси билан Ўзбекистон Президентлигига номзод қилиб кўрсатилди. Лекин очиқ рақобатдан қўрққан Ислом Каримов уни номзод сифатида рўйхатдан ўтказтирмади. (4-изоҳга қаранг, Ш.А.)

1992 йил 16 февральда Тошкентда АҚШ Давлат котиби Жеймс Бейкер билан учрашди.

1992 йил 4-7 июль кунлари Нью-Йоркда Америка Турк жамиятлари ассоциацияси уюштирган «Дунё турклари» конференциясида Ўзбекистондаги тузумнинг диктаторлик моҳиятини очиб берувчи доклад билан қатнашди.

1992 йил 29 июньда Абдураҳим Пўлатга Тошкентда суиқасд уюштирилди, бош суяги ёрилди. Тошкентда ўтказилган операциядан сўнг даволанишни Боку ва Истамбулда давом эттирди.

1992 йил 12 августда Бокуда Озарбайжон жумҳурияти Президенти Абулфайз Элчибей билан кўришди. Туркияга келгандан сўнг 1992 йил 25 августда Анқарада Она Ватан партиясининг раиси Маъсуд Йилмаз, 1992 йил 30 августда Истанбулда Миллиётчи Ҳаракат партияси раиси Алпарслон Туркиш билан учрашди.

1992 йил 7-9 ноябрь кунлари Таиланднинг пойтахти Бангкокда «Осиё ва Тинч океани регионида озодлик ва демократия» лигасининг конференциясида қатнашди ва Ўзбекистондаги сиёсий вазият тўғрисида доклад қилди.

1992 йил 18 октябрда Тошкентда унга яна бир ҳужум уюштирилди. Ҳужумчиларнинг бири ушлаб милицияга келтирилганида, у КГБ (13-изоҳга қаранг, Ш.А.) хизматчиси эканлиги аниқланди.

1992 йил 2-3 декабрьда Озарбайжон халқ фронтининг 2-Фавқулодда Қурултойида меҳмон сифатида қатнашди.

1992 йил 18 декабрь куни Ўзбекистонда мухолифатга қарши репрессиялар янада кучайгандан сўнг юртини тарк этишга мажбур бўлди.

1993 йил 21-23 мартда Анталяда Турк дунёси қурултойида қатнашди ва сўнгра Туркияда қолди.

1993 йил 15-18 апрель кунлари АҚШнинг Мэдисон шаҳридаги Висконсин Университетида ўтказилган «Ўрта Осиёда демократия» конференциясида «Ўзбеклар демократияга тайёрми?», деган мавзуда доклад билан қатнашди.

1993 йил 3-4 декабрда Америка Турк жамиятлари ассоциациясининг Вашингтонда ўтказилган қурултойида қатнашди. Турк дунёсининг келажаги тўғрисидаги фикр ва мулоҳазаларини ўртага қўйди.

Абдураҳим Пўлат оилали, бир ўғил ва бир қизи бор.» [39, 60-62-б.]

А.Пўлатов 1998 йилда Туркиядан АҚШга кўчиб ўтди. У бугунги кунда – 2018 йил ноябрида оила аъзолари билан бирга Колорада штати (АҚШ)да яшамоқда ва www.harakat.net сайтида мақолалар чоп этиб туради.


1.2.8. РАУФ ПАРФИ (1943.27.09-2005, март)

RAUFparfi1FOTOd180d0b0d183d184-d0b0d0bad0b0 (300x225, 21Kb)

Фото 7. Рауф Парфи [40]

“Рауф Парфи (тахаллуси; асл исм-шарифи Турсунали Парфиев; 1943.27.9, Тошкент вилояти Шўралисой қишлоғи — 2005) — шоир ва таржимон. Ўзбекистон халқ шоири (1999).

ТошДУнинг филология факултетини тугатган (1960—65). Турли йилларда Кинематография давлат қўмитаси, «Ойдин» газетаси, Faфур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат ҳамда «Ёзувчи» нашриётларида муҳаррир бўлиб ишлаган.

Биринчи шеъри 1957 йилда эълон қилинган. «Карвон йўли» (1968), «Акс-садо» (1970), «Тасвир» (1973), «Хотирот» (1974), «Кўзлар» (1976), «Қайтиш» (1981), «Сабр дарахти» (1986), «Сукунат» (1991), «Тавба» (2001) шеърий тўпламлари бор.

Рауф Парфи лирик қаҳрамон руҳий оламининг нозик эврилишларини маҳорат билан тасвир этувчи шеърлари билан танилган. Шоир сўзнинг ранг ва оҳангларидан, шеърий тасвир воситаларидан ўзига хос услубда фойдаланади. Шеърлари бир неча хорижий тилларга таржима килинган.

Рауф Парфи Байроннинг «Манфред», Нозим Ҳикматнинг «Инсон манзаралари», Карло Каладзенинг «Денгиз хаёли» ва бошқа жаҳон шеърияти классикларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.” [41]

Рауф ака билан 1988 йил ноябр-декабрда учрашганим ҳақида 1.4-параграфда ёзаман.

Рауф Парфи 2003 йил сентябрда 60 ёшга тўлганди. Ўша кунлари Фридом Хаус (Озодлик Уйи) халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида Рауф ака билан учрашув ташкил этилди. Учрашувга ваколатхона ходимлари, ваколатхонага келиб-кетувчи инсон ҳуқуқи ҳимоячилари, Тошкент Давлат университети филология факултети талабалари, таклиф этилган меҳмонлар ва бошқа кишилар тўпланишди. Рауф ака учрашувга ўзининг катта қизи билан келди.

Рауф ака йиғилганларга ўз шеърларидан айтиб берди. Учрашув қизиқарли савол-жавоб кўринишида ўтди. Мен рангли сурат оладиган сураткаш сифатида тирикчилик қилардим. Шу сабабли фотоапппаратимга учрашув пайти ва учрашув тугагач Рауф ака билан суратга тушушни истаганларни суратга олдим. Талабалар Рауф акани ўртага олиб бир неча марта суратга тушишди.

RaufP1 003 (700x448, 52Kb)

Фото 8. Рауф Парфи ва унинг шеърияти мухлислари. Тошкент, Freedom House (Озодлик Уйи) ваколатхонасида. 2003 йил кузи. Муаллиф фотоси.

Рауф Парфи умрининг охирги йилларида Тошкент четидаги қайсидир завод ётоқхонасида яшади. Дадахон Хасан ва Рауф Парфи курсдош дўстлар бўлишган. Шу сабабли Дадахон ака унинг манзилини биларди. Мен Дадахон акадан Рауф ака уй манзилини олиб ўша ётоқхонага 3-4 марта борганман ва Рауф ака билан суҳбат қурганмиз. Рауф ака иккинчи турмуш ўртоғи билан бирга яшарди (иккинчи турмушидан фарзанди йўқ эди). Рауф акани ўша ётоқхонага прописка қилмагани боис уни милиция ходимлари таъқиб ҳам қилишарди. Рауф ака менга ўзининг шеърий тўпламини кўрсатиб китоб кўринишида чоп эттира олмаётганини айтганди.

Мен Рауф акани қўллаб-қувватлаш ва доимий алоқада бўлиб туриш ниятида уни ҳамда унинг турмуш ўртоғини гап-гаштак кўринишида ўзим ташкил этаётган “Демократлар давраси” номли нодавлат-нотижорат ташкилотига таклиф қилдим. Улар иккаласи таклифимга рози бўлиб имзо ҳам қўйишди. Лекин “Демократлар давраси” йиғилиши бўладиган куни учрашувга келишган жойга келишмади. Бир неча кундан кейин учрашганимда сўрадим. Рауф ака айтишича, Янгийўлдаги таниши таклиф қилган ва у Янгийўлга маишат бор жойга кетган. Кўпчиликка маълумки, Рауф ака алкогол ичимлик ичишни хуш кўрарди. Худди шу сабабли биринчи турмуш ўртоғи бўлмиш Дилором Исхоқова билан ажрашиб кетишганди.

Рауф ака яна қўшимча равишда “Мен бирорта ташкилотга қўшилиш ниятим йўқ” деган маънода айтди. Шу сабабли мен бошқа ишларим билан, жумладан “Демократлар давраси”ни ташкил этиш ишлари билан банд бўлиб Рауф ака ётоқхонасига кам бордим.

Рауф Парфи 2005 йил март ойида Тошкент шаҳрида муҳтожликда вафот этди ...

Аллоҳ Рауф ака гуноҳларини маҳфират қилиб жойини жаннатдан қилсин, омин!

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

33. Мухолиф фикрловчилар доимо бўлган… (Суҳбатнинг тўлиқ матни. Сайт муҳаррири Юсуф Расулнинг Абдуманноб Пўлатов билан суҳбати). - http://yangidunyo.com/?p=5614 (www.yangidunyo.com July 31st, 2009).

34. ПУЛАТОВ Абдуманноб Каюмович [16.12.1951 - 21.11.2010]. – http://www.centrasia.ru/person.php (www.centrasia.ru Раздел «Персоны»).

35. Скончался Абдуманноб Пулат (Абдуманноб Пўлат вафот қилди). – http://www.ferghana.ru/article.php?id=6805 (www.ferghana.ru 22.11.2010 17:21 msk).
http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1290491460 (www.centrasia.ru 08:51 23.11.2010).

36. АҲМАДЖОНОВ Ш. Абдуманноб мухолифатнинг яхши лидери эди. -
http://www.liveinternet.ru/users/4799013/rubric/6801766/ (www.liveinternet.ru “Турон_Шухратжони” кундалиги (Дневник), 2018.16.11);
http://muvozanat.info/index.php?option=com_content&view=article&id=1544:2010-12-27-02-07-45&catid=31:general&Itemid=18 (www.muvozanat.info 2010.26.12);
http://yangidunyo.com/?p=16602 (www.yangidunyo.com 2011.13.01);
http://yangidunyo.com/?p=439#more-439 (www.yangidunyo.com 2012.11.01).

37. Абдуманноб Пўлатов. “Бирлик”нинг тузилиши, илк қадамлари ва бўлиниши: баъзи маълумот ва фикрлар.
1-қисм. - http://isyonkor.ucoz.ru/news/2006-05-07-276 (www.isyonkor.ucoz.ru 2006.07.05);
2-қисм. - http://isyonkor.ucoz.ru/news/2006-5-9-284-0- (www.isyonkor.ucoz.ru 2006.09.05).

38. Абдураҳим Пўлат. Фото. - http://www.harakat.net/faces/?id=3 (www.harakat.net Harakat Mustaqil Axborot Agentligi).

39. Абдураҳим Пўлат озодликда. /Нашрга тайёрлаган: Халил Очиқкўз. – Истанбул, 1995. – 174 б.

40. НАЗАР ЭШОНҚУЛ. Рауф Парфи нигоҳи. - https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/adabiyot/nazar-eshonqul-rauf-parfi-nigohi/ (www.ziyouz.uz/ozbek-ziyolilari/ 2017.02.05).

41. Рауф Парфи (1943-2005). - https://ziyouz.uz/ozbek-ziyolilari/rauf-parfi-1943-2005/ (www.ziyouz.uz/ozbek-ziyolilari/ 2016.30.03).

E-mail: jiz54@mail.ru

2018 йил 17 ноябр

АҚШ, Вашингтон шаҳри

Рубрики:  КНИГИ 2018 года
КИТОБ: "БИРЛИК"ЧИЛАР

Комментарии (0)

«БИРЛИК»ЧИЛАР (китоб давоми 1)

Дневник

Суббота, 10 Ноября 2018 г. 04:10 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

«БИРЛИК»ЧИЛАР (китоб давоми 1)

Тарихни муносиб тарзда ёзиш учун ўз эътиқодинг, ўз ватанинг, ўз партиянг ҳақида унутмоғинг керак. [19, 220-б.]
П.БУАСТ (1765-1824)


1-ҚИСМ. ЎЗБЕКИСТОН «БИРЛИК» ХАЛҚ ҲАРАКАТИ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИНИНГ ҚИСҚАЧА ТАРИХИ

Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг Ватанимиз Мустақилликка эришишида қўшган катта ҳиссасини ҳисобга олиб, унинг ташкил этилишига доир баъзи бир тарихий маълумотларни келтириб ўтай.


1.1. «БИРЛИК» ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ АРАФАСИДА СОВЕТ ИТТИФОҚИДАГИ ВАЗИЯТ

Маълумки, Совет Иттифоқи коммунистлар партияси (КПСС) Марказий қўмитасининг 1985 йил апрель пленумида КПСС Марказий Қўмитаси (МҚ)нинг Бош котиби Михаил Сергеевич Горбачев совет жамиятини тубдан қайта қуриш (русча «перестройка»)ни эълон қилди [5, 2-к., 627-б.]. КПСС МҚнинг 1987 йил январь пленумида жамиятни демократиялаштириш йўналиши қабул қилинди. Шундан сўнггина Совет Иттифоқида кўп йиллардан буён давом этиб келган фуқароларни сиёсий баҳоналар билан жиноий таъқиб қилиш тўхтатилди ва сиёсий маҳбуслар қамоқхоналардан озодликка чиқарилди. Шу сабабли 1986-1987 йиллардан бошлаб СССРнинг кўпгина жойларида, айниқса йирик шаҳарларида ҳар хил клублар, уюшмалар, қўмиталар, жамғармалар, ҳаракатлар, кенгашлар, муҳарририятлар, жамиятлар, ассоциациялар ва ҳоказолар тузила бошланди. Шунингдек кам нусхада нашр этиладиган турли норасмий газеталар ва хабарномалар чоп этила бошланди.

Воқеалар шиддат билан ривожланиб борди. Ошкоралик ва қайта қуриш тарафдорлари билан мустабид Совет империясини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш тарафдорлари ўртасида кескин вазият вужудга кела бошлади. Бундай вазиятда партия сиёсатининг зарур масалаларини муҳокама этиш учун КПСС МҚси КПСС 19-Бутуниттифоқ анжуманини 1988 йил июнь ойининг охирида чақириш ҳақида қарор қабул қилди [5, 2-к., 662-б.]. Эслатиб ўтаман: КПССнинг 18-Бутуниттифоқ анжумани 1941 йилда бўлиб ўтганди [20, 6-ж., 97-б.].

Қайта қуришга кўрсатаётган қаршиликлари ва порахўрликлари учун КПССнинг жойлардаги баъзи бир йирик тўраларини 19-Бутуниттифоқ партия анжуманига делегат этиб сайланмасликларини талаб қилиб 1988 йил май-июнь ойларида Совет Иттифоқининг кўпгина жойларида дастлабки оммавий норозилик митинглари бўлиб ўтди. Ушбу оммавий чиқишларнинг натижаси ўлароқ фаолларнинг саъй-ҳаракатлари билан умумдемократия йўналишидаги бирлашган ташкилотлар тузилди ва улар ўзларини Халқ жабҳалари (фронтлари) деб атай бошлашди.

Юқорида таъкидлаганимдек, 1986-1988 йилларда Совет Иттифоқининг барча республикаларида кўплаб кичик-кичик ташкилотлар тузилди, баъзи шаҳарларда митинглар бўлиб ўтди. Масалан, 1987 йил августида Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида 20 минг киши иштирок этган митинг бўлди. Лекин Давлат хавфсизлик хизмати (ДХҚ – КГБ) ва бошқа куч ишлатувчи органлар таъсири жуда катта бўлган Совет империясида тубдан ўзгартириш қилиш учун қайта қуриш ва демократиялаштириш жараёнларига халқнинг кенг қатламларини жалб этиш зарур эди. Буни қонуний равишда қандай қилиб амалга оширишни ҳеч ким билмасди. Бундай мураккаб ва долзарб ижтимоий-сиёсий масалани Совет Иттифоқида дастлаб Эстония ва Литва зиёлилари ҳал эта билишди (улар бу борада Польша зиёлиларидан ўрнак олганликлари ҳақида гаплар бор).

«Халқ фронти» (Эстонияда, А.Ш.) деб ном олган ҳаракат 1986 йил апрелида шаклланди. Уни тузиш ҳақидаги лойиҳалар, таклифлар эса 1987 йилнинг декабрида бошланган эди. «Халқ фронти»нинг раҳбари Эдгар Сависсаар. У фалсафа фанлари кандидати, республика Давлат план комитетида ишлаган, коммунист. «Халқ фронти» ташкил этилгач, бошқа ишларини ташлашга мажбур бўлди. Зеро, эллик минг кишилик ташкилотга раҳбарлик қилиш осон эмас.» [21]

1988 йил 14 май куни Таллин шаҳрида ташаббус гуруҳлари ва қўллаб-қувватлаш гуруҳлари вакилларининг йиғилишида Эстония халқ фронти (ЭХФ)нинг вақтинчалик Ташаббус маркази тузилди. Ушбу Марказ ЭХФ ҳаракатини дастлабки босқичда мувофиқлаштириш мақсадида тузилган бўлиб, унинг таркибида қуйидаги хизматлар йўлга қўйилди:
1) Девонхона ва хўжалик хизмати;
2) Ҳисоблаш маркази;
3) Дастурлар бўйича қўмита;
4) Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази;
5) Ҳаракат маркази;
6) Ҳуқуқшунослик хизмати;
7) «Вестник народного фронта» («Халқ фронти хабарномаси» газета муҳарририяти);
8) Алоқа хизмати:
- қўллаб-қувватлаш гуруҳлари билан алоқа;
- маърузачилар гуруҳи;
- вакиллик органлари билан алоқа;
- матбуот билан алоқа;
- иттифоқчи жумҳуриятлар билан алоқа. [22]

Эстония халқ фронти Вақтинчалик ташаббус маркази 1988 йил 17 июнда Таллиндаги «Певческое поле» («Ашулачилар майдони»)да Эстония компартиясидан КПСС 19-анжуманига сайланган делегатлар билан учрашув митингини ташкил қилди ва унда 150 мингдан (!) зиёд киши иштирок этди. [22]

1988 йил 3 июлга қадар ЭХФ Марказида 1110 та қўллаб-қувватлаш гуруҳлари рўйхатдан ўтган бўлиб, ЭХФ сафларида 50 мингга яқин аъзо бор эди [22].

1988 йил 1-3 октябрь кунлари Таллинда Эстония халқ фронтининг Таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Ушбу қурултойда Марказий Осиёдаги бешта жумҳуриятдан фақат ўзбекистонлик ёзувчи Зоҳир Аълам иштирок этган эди.

1988 йил июнь ойи бошида Вильнюсда Литва Фанлар академиясининг мажлислар залида 500 нафарга яқин зиёли кишиларнинг йиғилиши бўлди. Унда «Қайта қуриш учун Литва ҳаракати»ни тузиш бўйича 35 кишидан иборат ташаббус гуруҳи тузилди. «Ҳаракат» сўзи литва тилида «Саюдис» дейилади ва кейинчалик бу Ҳаракат қисқача «Саюдис» деб атала бошланди. Шундан уч ҳафта ўтгач Вильнюс марказидаги Гедиминас майдонида кўпминг кишилик митингда Литва компартиясининг делегациясини Москвада бўладиган КПССнинг 19-Бутуниттифоқ анжуманига кузатиш маросими бўлди. Сўзга чиққанлар делегатларга Литва Республикасига иқтисодий эркинлик, маданий мустақиллик, миллий рамзлар ва белгиларни тиклаш, Литвада литва тилига давлат тили мақомини бериш, янги тарих воқеаларини қайтадан кўриб чиқиш ҳамда ҳаққоний баҳо бериш ва шу каби долзарб топшириқларни беришди. 1988 йил июнь охири – июль бошида Москвада бўлиб ўтган КПСС 19-Бутуниттифоқ анжумани бу талабларни тўғри деб топди. [22]

Литвалик зиёлиларнинг ватанпарварона меҳнати натижасида 1988 йил октябрида Вильнюсда «Қайта қуриш учун Литва ҳаракати» («Саюдис»)нинг Таъсис қурултойи бўлиб ўтди [22].


1.2. «БИРЛИК» ТУЗИЛИШИ

Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати 1988 йил 11 ноябрда ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасаннинг уйида бўлиб ўтган йиғилишда асос солинганлиги ҳақида кўпгина мақолалар ва адабиётларда ёзилган. Лекин ўша тарихий йиғилишда иштирок этган зиёлиларнинг аниқ сони ва исм-шарифлари ушбу китобнинг 1-нашри чоп этилгунига қадар бирорта манбада келтирилмаганди. Бугунги кунда - 2018 йил 6 ноябрда улар ҳақида ҳар хил манбаларда турлича ёзилган.

Ушбу бандни ёзишдан мақсадим: ЎзР «Бирлик» Халқ Ҳаракати дастлабки Дастур ва Устав лойиҳасининг яратилиш тарихи, шунингдек Д. Ҳасаннинг уйидаги йиғилишда қатнашган зиёлилар сони ва исм-шарифларини имкониятим доирасида аниқлаштиришдир. Дастлабки йиғилишда қатнашганларнинг фикрларини бандма-банд бераман.

Мен ушбу бандни ҳофиз Дадахон Ҳасан, шоир Рауф Парфи, олим ва ёзувчи Тоҳир Каримов, ёзувчи Зоҳир Аълам билан 2001 йил август-октябрь ойларида, Ғўломқодир Турсунов билан 2004 йилдаги суҳбатлар, шунингдек ўша йиғилишда қатнашганларнинг сайтларда чоп этилган мақолалари асосида ёзмоқдаман.


1.2.1. ФАХРИДДИН ХУДОЙҚУЛОВ (1962)

101011174837_fakhriddin_khudaykulov_fahriddin_hudoyqulov_uzbek_journalist_and_opposition_activist_206x116_nocredit (700x393, 21Kb)

Фото 1. Фахриддин Худойқулов. [23]

Аввал Фахриддин Худойқулов ҳақида қисқача маълумот.

“Бугунги кунда Канадада истиқомат қиладиган Фахриддин Худойқулов 1962 йилда Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилган.

Тошкент Давлат университетининг Ўзбек тили ва адабиёти бўлими, Тошкент Молия институтида таҳсил олган.

Фахриддин Худойқулов ижодий фаолиятини 1983 йили "Муштум" журналида адабий ходим сифатида бошлаган.

Журналнинг Маданият бўлими бошлиғи сифатида 1990 йилгача ишлаган.

Фахриддин Худойқулов 1987 йилда ўзининг ҳаммаслаклари - асосан Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба дўстлари билан бирга "Эътиқод" деб номланган ташкилот тузади.

Бу ташкилотни "Ўзбекистоннинг моддий ва маънавий бойликларини қўриқлаш "Эътиқод" ташкилоти" деб аташган.

1988 йилда Ташкилот номи Ташаббус Кенгашининг таклифи билан "Бирлик" деб ўзгартирилади.

Фахриддин Худойқулов 1990 йилда Марказий Осиёдаги илк мустақил ҳафталик - "Муносабат" газетасига асос солган ва бутуниттифоқ газетаси сифатида 200 минг нусхада чоп этган.

"Муносабат" ҳафталигининг атиги уч сони дунё юзини кўрган.

Рўзнома таҳририятининг Тошкент шаҳри ҳозирги Амир Темур хиёбони четидаги, машҳур Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига тегишли бинодаги мулки милиция томонидан мусодара қилиниб, "Муносабат" фаолияти тўхтатилади.

Кейинроқ Фахриддин Худойқулов munosabat.com интернет-нашрини ташкил этган.

У 2005 йилдан буён Канадада яшайди.

Фахриддин Худойқулов Канадада "Туркистон" нотижорий-носиёсий Ўзбеклар юртдошлик уюшмасига асос солган.

Ҳозир у ерда "Туркистон" газетасини нашр этмоқда.

Оилали, икки ўғил ва бир қизнинг отаси.

Шеърлар ёзади, таржима қилади” [23]

Мен 2001 йил октябрь ўрталарида журналист Фахриддин Худойқулов уйига телефон қилдим ва «Бирлик» Халқ Ҳаракати ҳақида китоб ёзаётганлигим, шунга доир унга саволларим борлиги ва у билан учрашмоқчи эканлигимни айтдим. У ҳозирча иш билан жуда бандлигини айтиб, кейинроқ телефонлашишни илтимос қилди. У ўз ишхона телефон рақамини ҳам айтди.

Мени Ўзбекистон кучишлатар органлари 2001 йил 30 октябрдан 4 декабргача қамоқда тутганлиги сабабли Ф.Худойқулов уйига мен 2002 йил январида телефон қилдим (1-иловага қаранг). Аммо телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади. Унинг ишхонасида эса ишдан бўшаб кетганлигини айтишди. У бизнес соҳасида ишларди.

Мен 2004 йил 28 апрель куни Тошкент шаҳар Манзил маълумотлари бериш хизматига бордим. Ушбу ташкилот Мирза Улуғбек туман ички ишлар бошқармаси 2006 йилгача фаолият олиб борган идора ҳовлисида жойлашган эди. У ерда Ф.Худойқуловнинг уй манзилини аниқлаштирдим: Тошкент шаҳар, Чилонзон-31 мавзеси, 12-уй, 50-хонадон. Ушбу манзилга борганимда уй ёпиқ эди ва хонадонга кўп вақтдан бери одам кириб-чиқмаганлиги эшик олдидаги чанг қатламидан кўриниб турарди.

Мен қўшни хонадон эшик қўнғироғини босдим. У хонадондан чиққан ёш йигитдан Ф.Худойқулов ҳақида сўрадим. У Фахриддин ака оила аъзолари билан 2001 йилда Россияга кўчиб кетганлиги, ҳозир Россияда яшаётганлиги ва ҳар замонда телефон қилаётганлигини айтди.

Бу айтилган гапдан кейин мен қуйидаги фикрга келдим: 2001 йил октябрда мен Ф.Худойқуловга «Бирлик» Халқ Ҳаракати ҳақида китоб ёзаётганлигим, шунга доир унга саволларим борлиги ва у билан учрашмоқчи эканлигимни телефонда айтгач, унга қарши баъзи бир тазйиқлар бошланган ва у Россияга кўчиб кетишга мажбур бўлган. У оиласи билан 2005 йилдан бери Канаданинг Торонто шаҳрида яшамоқда.

Мен 2013 йил 27 августдан 3 сентябргача АҚШнинг Вашингтон шаҳридан Канаданинг Торонто шаҳрига бордим ва бир неча ватандошлар билан учрашиб суҳбатлашдим. Мен Фахриддин Худойқулов уйига телефон қилганимда у катта юк машинасини ҳайдаб АҚШга кетганлигини унинг турмуш ўртоғи айтди. Шу сабабли у билан учрашиб гаплаша олмадим. Қуйида у ёзган мақолалардан иқтибослар келтираман.

“Би-би-си: Дастлаб "Ўзбекистоннинг моддий ва маънавий бойликларини қўриқлаш "Эътиқод" ташкилоти"нинг тузилиши ҳақида сўзлаб берсангиз. Бу ташкилотни тузиш ғояси кимлардан чиққан?

Фахриддин Худойқулов: Бу Михаил Горбачёв қайта қуришни бошлаган пайтлар эди. Ошкоралик, демократия жуда кўп гапирилаётган пайтлар эди. Ҳамманинг кўнглида нимадир тузиш, нимадир қилиш ғайрати, ҳаракати бор эди. Биз талаба эдик. Табиийки, университетлар, институтларда бу масалалар энг кўп гапириларди.

Биз ҳам тенгдошларимиз билан гаплашиб юриб, бир куни ўйладик. Дедикки: ташкилот тузайлик. Ташкилотимиз сиёсий бир кўринишда бўлмаслиги учун ташкилот олдига маънавий ва моддий бойликларимизни қўриқлаш мақсадини қўйдик. Бундай қарорга келганимизнинг боиси, у пайтда сиёсат жуда қаттиқ эди ва ҳар қандай мухолиф ташкилот тузилиши Совет ҳукуматига катта хавф сифатида қаралар эди.

Натижада биз бир гуруҳ курсдошларимиз, бирга ўқийдиган йигитлар билан бизнинг уйимизда тўпландик. Адашмасам, бу 1986-йил эди. "Эътиқод" ташкилотини муҳокама қилдик. Бу ташкилот қандай бўлиши керак? У ўзининг олдига қандай мақсадлар қўйиши керак? Шундай бир тўхтамга келдикки, иккита асосий масала бўлиши керак: биринчиси - Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили бўлиши керак.

Иккинчиси - Ўзбекистоннинг мустақиллигига интилиш масаласи.

Кейин яна қўшимча масалалар ҳам бор эди. Булар пахта монокултурасига барҳам бериш, болалар меҳнатини тақиқлаш каби ўша пайтда кўп гапирилиб турган масалалар эди.

Бу ташкилот ўша биринчи бошлаган йигитлар билан давом этмади. Чунки ҳамманинг ўзининг ташвишлари, ишлари бор эди. Ҳамма ўзининг йўли билан кетди.

1987-йилга келиб уни янгидан жонлантирдик. Бу сафар Тошкент Давлат университетининг Журналистика, Ўзбек филологияси факултетлари йигитлари ёрдам беришди. Ва буни биз бошқачароқ кўринишда давом эттирдик. Уставларини ёздик. Мен ўзим ёзганман ташкилот низомини.

Бошламаси шунақа бўлган. Табиийки, ҳамманинг кўнглида бу нарсалар бор эди. Биз биринчи бўлиб бошлагандирмиз балки буни ташкилот сифатида тузишни, лекин ҳамманинг кўнглида бор гаплар эди булар.

Би-би-си: "Эътиқод" ташкилотини тузган пайтда ташкилотчилар неча киши бўлгансизлар?

Фахриддин Худойқулов: Беш киши бошлаганмиз. Биз ҳаммамиз курсдошлар эдик. Энди ҳозир айрим ўртоқларнинг исмини келтириб ўтирмайман. Чунки ҳамма ҳар хил жойларда ишлаяпти. 24 йил олдинги воқеа бўлса ҳам бу кимларгадир бошқача туюлиши мумкин.

Асосан беш киши бошлаганмиз. Кейинги давом эттиришимизда бошқа одамлар бўлишган. Раҳматли шоир Равшан Файз бор эди. Аъзамжон Худойбердиев бор эди. Кўпчилиги раҳматли домла Рауф Парфининг уйида тўпланиб турадиган ёшлар эди.

Кейинги воқеалар сал бошқача ривожланди. Энг актив ёрдам берганлардан бири Зоҳир Аълам бўлди.

Кейин биз "Бирлик"нинг биринчи йиғилиши деб аталган Ташаббус Кенгашигача олиб келдик бу масалани. Аммо унгача жуда катта тайёргарлик ишлари бўлган. Кейинчалик 1988-йил ноябрида ўртага ташланди. Номини ўзгартириш шарт дейилди. "Бирлик" деган ном менга ҳам маъқул бўлди. Кейин фаолият "Бирлик" Халқ ҳаракати сифатида давом этди.

То 1990 йилда биз "Бирлик"дан кетганимизгача бирга эдик” [23]

“Эътиқоддан Бирлик сари

Кўзимизни бир сония юмайлик ва хаёлан 1988 йилнинг 11 ноябрига, ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг уйига саёҳат қилайлик…

…Меҳмонпараст мезбоннинг Ўз Қўллари билан пиширилган Ош иштаҳа билан ейилди. Ошхўрлар ичида камина қулингиздан тортиб, Зоҳир Аълам, Муҳаммад Солиҳ, Қаҳрамон Ғуломов, Бек Тошмуҳаммедов, Рауф Парфи, Абдураҳим ва Абдуманноп Пўлатовлар дохил жами 21 киши бор эди бу уйда… Кўпчилик тўпланганлар ижод аҳли ва олимлар бўлиб, аксарият кимлар таклиф этилганлигидан мен, Зоҳир Аълам ва Рауф Парфи хабардор эдик.

Қисқача айтганда, бу илгаридан бир-бири билан яқин бўлган миллатсевар инсонлар давраси эди. Аммо, Абдураҳим ва Абдуманноп Пўлатовлар билан қолганлар шу ерда илк бора танишдилар…

Дастурхонга Фотиҳа ўқилгач, Зоҳир Аълам шундай сўз бошлади:

«Ҳурматли дўстлар, бугун Сизларни бу ерга йиғишимиздан мақсад – билганингиз каби бутун Иттифоқ доирасида демократик ҳаракатлар активлашиб, миллий озодлик ҳаракати даражасига чиқмоқда. Шу сабаб, бу ерда, бугун, биз нима қила олишимиз ҳақида бир маслаҳатлашиб олиш фикри туғилди…»

Зоҳир Аълам бир муддат сукут сақлади.

Ҳамма бирин-кетин «Биз ҳам нимадир қилишимиз керак, ҳамма ёқда халқ жабҳалари тузилмокда, келинглар, тузайлик» дея фикр билдирди.

Шунда Зоҳир Аълам: «Дўстлар, гапларингизга қўшилган ҳолда айтишим керакки, ҳаракат тузилган, бир ярим йил ошиқ яширин ишлаб келаётган шундай ҳаракат бор. Ҳаракатни тузган ва бошқариб келаётган одам шу ерда ўтирибди, бу – Фахриддин Худойқулов. Ҳозир мен сўзни ўзига берай, ўзи тушунтириб берсин», деди.

Мен ўрнимдан туриб, қисқача маълумот бердим, қўлимда илгаридан тайёрлаб келганим – «Ўзбекистoн тaбиaти, моддий мaънaвий бoйликлaрини ҳимоя қилиш Эътиқод халқ ҳаракати Низоми»ни тарқатиб, ташкилотимизнинг 730 аъзоси қайд этилган рўйхатни ўртага қўйдим…

«Мен бу ҳаракатни тузиб, салкам бир ярим йил қадар имкон даражасида идора қилиб келдим, Талабалар шаҳарчасидаги тил байрами ҳам бизнинг аъзоларимизнинг тадбири эди. Йигитларнинг жуда руҳи баланд, митинг ва намойиш қилайлик деб қўйишмаяпти. Мен бу қадар катта жавобгарлик олишга журъат қилолмадим. Шу туфайли Зоҳир ака ва Рауф аканинг ёрдами билан бугун бу ерда йиғилдик, ҳаракатга муносиб бир киши лидерлик қилса ва бирга давом этсак» дея сўзимни тугатдим.

Хонага оний бир сукунат чўкди.

Биринчи бўлиб сукунатни Муҳаммад Солиҳ бузди:

«Эътиқод» – арабча ном экан, номини туркий «Бирлик» десак менимча яхши бўлади».

Жуда севиндим, “Нега аввалроқ менинг хаёлимга келмади бу?!”, дея ўйладим.

«Офарин» деган ҳам булди. Ишонмагандай қараганлар ҳам бўлди, «бу рўйхатдаги 730 одам ҳақиқатан ҳам борми?» деб сўраганлар ҳам бўлди…

Кейин, Низом нусхаси кам бўлгани учун, асосий ерларидан қисқача ўқиб бердим…

Бирор соат чамаси муҳокама ва фикр алмашувидан кейин, ҳаракатга «Бирлик» номи берилди ва раис сайлашга ўтдик. Биринчи бўлиб Рауф Парфи тарафидан Мухаммад Солиҳ номзоди кўрсатилди…

… Муҳаммад Солих – ўша пайтларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига энди котиб булиб сайланган пайтлари эди. «Мен ҳаракатга Раис бўлиб сайланганимдан кўра, Уюшма котиби сифатида қатнашишим кўпроқ фойдали бўлади», дея, номзодига қарши чиқди.

Иккинчи бўлиб, (менинг йиғилиш олдидан жуда қатъий илтимос қилганимга кўра) Зоҳир Аълам Абдураҳим Пўлатов номзодини кўрсатди. Пўлатов – «Бирлик» Халқ Ҳаракати Марказий Кенгаши Раиси бўлиб сайланди. Қатнашган 21 кишининг 18 нафари тузилган Марказий Кенгаш аъзолари бўлиб сайландик… Камина яна «Бирлик» газетаси муҳаррирлигига ҳам сайландим.

Лекин, Раис сайланишида овоз берсалар ҳам, ҳамманинг хаёлида шу савол бор эди:
Абдураҳим Пўлатов ким? Аксарият бир-бирини таниган, билган ижодкор, илм одамлари қатнашган бу йиғилишга қандай келиб қолди? Нега ҳеч ким танимасада, Раис этиб сайланди?

Пўлатовнинг кашф этилиши

Бўстонлиқда электроника заводи қурилишига қарши 1988 йили жуда актив ҳаракат бошланганди. Бу ҳаракатнинг бошида ёзувчи Дадахон Нурий турганди. Тахминан май ойининг ўрталарида, Дадахон Нурий менга «Юринг, Бўстонлиқда катта пикетимиз бўлаяпти» дегач, бирга Ғазалкент марказига келдик.

Пикет бир мажлис залида экан. Нотиқлар нутқ қилдилар, Дадахон Нурий ҳам чиройли сўз айтди. Олқиш, қарсаклар…

Шу он минбарга бир киши чикди. Чиқди-ю, «Бу амалпарастлар, бюрократлар, функционерлар…» деб Бўстонлиқ райкомини, обкомни-ю, ундан каттароқларини ҳам бўралаб танқид қила кетди… Шунақа қойилмақом нутқ қилдики, олқиш устига олқиш!

Секин Дадахон Нурийдан «Ким бу киши?» деб сўрадим.

«Олим, Абдураҳим Пўлатов», деди.

У замонларда бунақа гапириш катта жасорат саналар, унча – мунча одамнинг бундай нутқ қилишга журъати етмасди…

Аслида, ҳозир ўйлаб кўрсанг, амалпараст ва ёки бюрократ дегани ҳақорат эмас, ҳатто у қадар буюк танқид ҳам эмас. Лекин, гап 1988 йил ҳақида…

Хуллас, петициями мурожаатмикин, қабул қилинди, уйга қайтдик. Таасуротлар кўп эди, ўтириб бир фикр қилишим керак эди…

Лидерликка Даъват

Уйга келиб, ўзимча «Қани энди шу одам “Эътиқод”да бўлса эди» деб ўйладим. Ишонса бўлармикин, деган мулоҳаза мени асло тарк этмасди. Икки ҳафтача ўйлаб юрдим: Қанақа қилсамки, шу киши бизга қўшилса?

Маслаҳатлашадиган ҳеч ким йўқ… Бир хаёл, тўғри Муҳаммад Солиҳга бориб, ҳамма гапни очиқ – ойдин айтсаммикин, дейман. Яна фикримдан қайтаман: Доимо орқасида кузатув бор… Фош бўлиб қолиш мумкин, дейман.

Бир тарафдан ёшлик хомлиги, иккинчи тарафдан ўқиб ташлаган романларимизнинг таъсири – ўзимни худди Шерлок Холмсдай ҳис қилгандирман ўша пайтлар…

Аммо, кимгадир ёрилишим, маслаҳатлашишим керак эди.

Зоҳир Аълам билан қўшни эдик. То қишдан бери унга гап ташлаб ўзимча синаб келаётганим, ҳаққонийлиги, эркакча бир сўзлилиги сабаб ишондим… Ва бир йилдан бери қилган ишларимни, ҳаракатни жуда батафсил айтиб бердим.

У киши «Ё, сиз қанақа одамсиз, шу пайтгача айтмайсизми шунака гап бор экан!?» деб роса койиганлар ва жону дили билан киришиб кетганлар кейин.

Зоҳир Аъламдан Пўлатовни топиб беришни астойдил илтимос қилдим.

Шунда Зоҳир ака: “Рауф Парфи танир экан, унга ҳам айтайлик, зотан унга ишонмайдиган бўлсак – Ўзбекистонда ишонадиган бошқа ҳеч ким қолмайди”, дедилар.

Хуллас, бундан кейинги ташкилий масала билан Зоҳир ака шуғулланди, Рауф Парфи Пўлатовнинг укасини телефонини топиб берди.

Ҳар оқшом маслаҳат қиламиз. Ягона мавзу – ҳаракат бошқарувини ташкил қилиш эди.

Мен ҳар куни Пўлатовни тиқиштираман, Зоҳир ака ҳам, Устоз Парфи ҳам рўйхушлик бермайди.
Аммо қаттиқ ишонтирганим боис ён беришди.

Мен ТошДУга, Абдуманноп Пўлатовга телефон қилдим. Ўзимни таништириб («Муштум» журнали ходими сифатида), бир масала бўйича учрашишни илтимос қилдим.

Нима масала деб сўради, «Акангиз Абдураҳим ака хусусида», дедим.

1988 йилнинг июнь ойида «Мовий Гумбазлар»да учрашдик. Боя айтганимдай, ўзимизча гуё Шерлок холмслармиз… Гумбазлар олдидаги Паркда 5-6 нафар йигитларимиз киши билмас айланиб юришибди, уларнинг бошлиғи – мени биладигани чойхона олдидаги столда…

Абдуманноп Пўлатов, очиғини айтсам, танишганим заҳоти бир илиқ ишонч бермади менга…
Аммо, ўзимга ўзим «Шундай одамнинг укаси ишончли бўлар» дедим.

Акасининг нутқидан таъсирланганимни, бир ёшлар ҳаракатимиз борлигини, Абдураҳим Пўлатовни аъзоликка, ҳатто лидерликка таклиф қилишимизни айтдим.

У «Мен акам ҳақида бирор нима дея олмайман, сўраб кўришим мумкин», деди.

“Мен сизга айтаман” деб телефонимни олди…

Бироқ, орадан бир ойлар ўтса-да, Абдуманноп Пўлатов телефон қилмади. Яна ўзим қўнғироқ қилдим.

«Акам, устави ёки бирор программаси бўлса кўришим керак дедилар. Ўзлари таътилга чиқиб кетгандилар, менга берсангиз – бериб қўяман», деди у.

Ниҳоят, яна бир учрашиб, Низомимиздан бир нусха бердим.

Зоҳир Аъламнинг жонкуярлиги

Бу орада Зоҳир ака жуда актив ишлади. Мен йигитлар билан учрашиб «Шошилманглар, катта ишлар бўлаяпти» деб ҳовурларини босиб тураркан, Зоҳир Аълам ва Рауф Парфи ижодкору санъатчилар орасида иш олиб борардилар.

Зоҳир ака ярим Тошкент билан сир бермасдан кўришиб чиққан десам муболаға бўлмас.
«Бирлик» эълон бўлгандан кейин оқиб келган оқимнинг сабаби бу эди…

Рауф ака «Солиҳга айтдим, жуда хурсанд бўлди. Аммо жуда эҳтиёт бўлишсин деб тайинлади», дедилар.

Ҳофиз Дадахон Ҳасанга ҳам, Рауф Устоз айтган бўлсалар керак. У киши асли бир Ватансевар одам эмасми, дарров олдинги сафдан жой олди. Қўқону-Фарғона, Андижон, Намангандаги “Бирлик” бўлимлари Дадахон аканинг хизматларидир…

Ҳамма ёқда тингловчи аппарат бор деб шубҳа қиламиз, илк йиғилишимиз қаерда бўлиши муаммо…

Шунда ҳофиз «Мана бизнинг уйга келинглар» деб бағрини очганди.

Ниҳоят, 11 ноябр, 1988 йил…

Йиғилиш олдидан ҳам Зоҳир акага, ҳам Рауф Парфига шарт қўйиб олганман: Абдураҳим Пўлатовни олиб келасиз!

Иложи бўлса раис, бўлмаса ўринбосар бўлади деб келишдик.

Қандай йўл топишганини билмайман, аммо Зоҳир ака билан Рауф ака уни топиб, олиб келдилар. Укаси Абдуманноп Пўлатовни чақирганимиз йўқ эди, эргашиб келди…” [24]


1.2.2. ДАДАХОН ХАСАН (1940.11.11)

dadaxonhasan (203x152, 27Kb)

Фото 2. Дадахон Ҳасан [25]

Шоир ва ҳофиз Д. Ҳасан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан кўп йиллардан бери яқин алоқада бўлган. Уни 1987 йил июнь ойида ушбу уюшмага аъзоликка қабул қилишган. 1987-1988 йилларда Д. Ҳасан Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси сифатида кўпгина ёзувчилар ва шоирлар билан учрашиб суҳбатлашарди ва улардан: «Қачон биз ҳам шундай Халқ фронтини тузамиз?» деб сўрарди. Шу таклифни шоир Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов)га айтганида у: «Бундай Халқ фронтини тузиш учун аввал низом ва дастур ёзишимиз керак» деган. Д. Ҳасаннинг таъкидлашича, у шоир Рауф Парфи билан биргаликда дастлабки йиғилишга таклиф этилувчилар рўйхатини 1987 йилдан туза бошлашган.

Дадахон Ҳасан айтишича, 1988 йил 7 ноябрь куни М.Солиҳ: «Низом ва Дастур лойиҳаси тайёр бўлди, одамларингизни чақиринг», деган. 11 ноябрь Д. Ҳасаннинг туғилган кунидир. Шу сабабли Дадахон ака йиғилишни 1988 йил 11 ноябрь кечқурун соат 18.00 га ўз уйига - Тошкент шаҳар, Мирза Улуғбек тумани, Садаф кўчаси, 31-уйга белгилади. Чақирилувчилар рўйхати Рауф Парфида эди. Уларни телефон орқали чақиришни Д. Ҳасан айтган. Унинг уй манзилини билганлар тўғри хонадонга, билмаганлар эса аввал Ёзувчилар уюшмасининг биносида тўпланишган. Уларни у ердан Д. Ҳасан ўзининг «Газ-21» автомашинасида 2-3 марта қатнаб уйга олиб келган.

Дадахон Ҳасаннинг таъкидлашича, 1988 йил 11 ноябрь куни унинг уйига қуйидаги 18 киши йиғилган. Ўша куни йиғилишда қатнашганларнинг исми шарифи ва уй ёки иш телефонларини Д. Ҳасан ўз блокнотига ёзиб олган экан. Улар исму шарифларини блокнотда ёзилган тартибда келтирмоқдаман. Ушбу рўйхатни кўчириб олишга Дадахон ака менга 2005 йил 10 сентябрь куни рухсат берди.

1) Пўлатов Абдуманноп (уй телефони 46 54 47).
2) Ғўломов Қаҳрамон (уй телефони 46 11 27).
3) Рауф Парфи (иш телефони 33 66 32).
4) Каримов Тоҳир (уй телефони: 46 80 49).
5) Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) (уй телефони 67 86 22).
6) Аҳмад Аъзам.
7) Зоҳидов Пўлат (архитектор, уй телефони 41 38 23);
8) Миразиз Аъзам (уй телефони 67 84 67);
9) Худойқулов Фахриддин (уй телефони 32 56 93);
10) Эргашев Абдуқодир (уй телефони 62 96 31);
11) Зоҳир Аълам (уй телефони 65 16 72);
12) Пўлатов Абдурахим (уй телефони 62 71 65);
13) Турсунов Ғўломқодир;
14) Ҳасанов Дадахон (уй телефони 65 87 96);
15) Азимов Усмон.
16) Хуршид Даврон.
17) Зуҳриддинов Ҳусниддин.
18) Юрий Ласкин.

Дадахон Ҳасан айтишича, булардан қуйидаги 10 киши Ташаббус гуруҳига аъзо бўлишга розилик берган (Д. Ҳасан ўз блокнотида бу фамилиялар ёзилган жойида алоҳида белги қўйган):
1) Рауф Парфи;
2) Каримов Тоҳир;
3) Аҳмад Аъзам;
4) Худойқулов Фахриддин;
5) Зоҳир Аълам;
6) Пўлатов Абдурахим;
7) Турсунов Ғўломқодир;
8) Ҳасанов Дадахон;
9) Азимов Усмон;
10) Хуршид Даврон.


1.2.3. МУҲАММАД СОЛИҲ (1949.20.12)

FOTO7salikh8 (599x700, 40Kb)

Фото 3. Муҳаммад Солиҳ. 1985 йил [26]

Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов) ҳақидаги маълумотларни «Халқ сўзи» газетасининг 1991 йил 26 ноябрь сонидан келтираман.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссиясининг қарори
Ўртоқ Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов)ни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш тўғрисида
«Ўзбекистон Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига асосан Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси Марказий Кенгашининг қарори билан кўрсатилган ўртоқ Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов) Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинсин.
2. Ўртоқ Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов)га Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод гувоҳномаси берилсин.

Марказий сайлов комиссиясининг раиси Қ. АҲМЕДОВ.
Марказий сайлов комиссиясининг котиби М. МАМАТАЗИЗОВ.
Тошкент шаҳри, 25 ноябрь 1991 й.» [27]

«Муҳаммад СОЛИҲ (Салой Мадаминов)нинг таржимаи ҳоли
Муҳаммад Солиҳ 1949 йил 20 декабрда Хоразм вилояти Янгибозор райони, Янгибозор қишлоғида туғилган.
Ўрта мактабни битириб, 1968 йилдан 1970 йилгача Совет Армияси сафида хизмат қилди.
1970-75 йиллари Тошкент дорилфунунининг журналистика факультетида таҳсил олди.
1977-1979 йилларда Москвада олий адабий курсларда таҳсил олди.
1988 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби бўлиб ишлади. Муҳаммад Солиҳ 1966 йилдан буён шеърий ижод билан шуғулланади. Шу кунгача (1991 йил декабригача, Ш.Ю.А.) унинг 12 шеърий ва насрий китоблари чоп этилди. Унинг асарлари араб, турк, инглиз, француз, испан ва дунёнинг бошқа тилларига таржима қилинган.
1986 йилдан бошлаб ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол қатнаша бошлади. Унинг миллий масалалар, тил, маданият, демография, экология ва бошқа долзарб мавзуларда ёзган мақолалари жумҳуриятда каби Иттифоқ нашрларида ҳам чоп этилди ва кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортди.
М.Солиҳ «Бирлик» халқ ҳаракатининг асосчиларидан биридир.
1990 йилнинг апрель ойидан бошлаб у «Эрк» демократик партиясининг раиси сифатида фаолият кўрсатмоқда.
М.Солиҳ – Ўзбекистон Республикаси халқ депутати.
Уйланган, беш боланинг отаси.» [28]

Муҳаммад Солиҳ 1988 йилда З.Аълам ва Ф.Худойқулов билан ўз кабинетида учрашганини таъкидлаб, ўзининг “Йўлнома” номли китобида қуйидагича эслайди.

«Дарвоқе, қурилиши керак бўлган ҳаракатнинг биринчи «лойиҳаси»ни Зоҳир Аълам билан келган Фахриддин исмли бир талаба таклиф қилганди. Менимча, номи «Эътиқод» ёки шунга ўхшаш сиёсий маъно ташимаган бир ном эди. Мен бу номнинг кулгили эканини айтдим. Аслида бирор сиёсий платформа билан ўртага чиқиш учун ҳаммамиз ҳам бир нави «талаба» эдик.

Ҳаракатга исм бериш шарафи менга насиб бўлди. Уни «Бирлик» деб атайдиган бўлдик. Бу ном билан 1910-йилларнинг иккинчи ярмида бизнинг Туркистон миллиятчилари (татар ва бошқирдлар билан) бир сиёсий ташкилотни тузишганди, аммо у халқ ҳаракатига айланаолмаганди. Мен «Бирлик» номининг тарихдан мерос эканини дўстларга айтмадим. «Бизни пантуркистлар деб аташади-ку», деб ўйлаб, ҳаракатга киришдан андиша қилмасликлари учун айтмадим.

Ҳаракатнинг дастур лойиҳасини қораларканман, иложи борича лўнда тезислар билан белгиланган бир чорчўп ясашга ҳаракат қилдим. Дастур тезисларини ҳам иложи борича «туманли»роқ, иложи борича умумийроқ ва иложи борича сиёсатдан кўра кўпроқ ижтимоий масалаларнинг ифодаси шаклида қоғозга туширдим. Бу гўё ҳар эҳтимолга қарши олган «тадбир»имиз эди.

Хуллас, мен қоралаган илк матн жуда ибтидоий эди, лекин бу ўша 1988 йилнинг июл ойи учун нормал эди.» [29, 113-114-б.]

М.Солиҳ тазйиқлардан кейин Ўзбекистонни 1993 йилда тарк этишга мажбур бўлди. У аввал Туркияда, сўнгра Германияда, Норвегияда яшади. У бугунги кунда - 2018 йил ноябрида фарзандлари билан Туркияда яшамоқда.


1.2.4. ЗОҲИР АЪЛАМ (1943-2005)

110426165338_uzbek_writer_zohir_alam_226x170_bbc_nocredit (226x170, 12Kb)

Фото 4. Зоҳир Аълам [30]

З.Аълам 1988 йил ёзида эстониялик шоира ва жамоат арбоби Сирье Руутсоо Кийн билан Эстония «Халқ фронти» тўғрисида суҳбатлашади. Бу ҳақдаги мақола «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида 1988 йил 16 сентябр куни чоп этилади ([21]-га қаранг).

Совет Иттифоқи даврида жумҳурият Ёзувчилар уюшмасининг ҳар бир аъзосига йилда бир марта СССРдаги хоҳлаган жумҳуриятига ижодий сафарга боришга рухсат берилар эди. С.Кийн билан суҳбат сабаб З.Аълам 1988 йилдаги ижодий сафарини Болтиқбўйи жумҳуриятларида ўтказишга қарор қилади. Бу масалада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси Одил Ёқубов билан гаплашади. Сўнгра Уюшманинг котиби Муҳаммад Солиҳга учрашганида у: «Болтиқбўйи республикаларида нотинчлик бўлганлиги сабабли командировкага рухсат бераолмайман. Москвага, кутубхонада ишлаш учун рухсат беришим мумкин» дейди. З.Аълам ноилож рози бўлган. Натижада Москвадан Болтиқбўйига бориш ва келиш харажатларини З.Аълам ўз ҳисобидан қилган.

З.Аълам Болтиқбўйи жумҳуриятларига 1988 йил 10 сентябрида жўнаб кетган ва у ерда 50 кун яшаган. У шу вақт мобайнида Эстония, Латвия ва Литвада бўлган. 1988 йил 1-3 октябрь кунлари Таллинда Эстония «Халқ фронти»нинг таъсис қурултойида қатнашган ва 3 октябрда нутқ сўзлаган.

З.Аълам 1988 йил октябрь охирида Тошкентга қайтиб келган ва “Бирлик”нинг 1988 йил 11 ноябр кунги йиғилишида қатнашган.

З.Аъламнинг таъкидлашича, ака-ука Абдурахим ва Абдуманноп Пўлатов йиғилишнинг иккинчи ярмига кириб боришган. Йиғилишга Зоҳир Аълам раислик қилган. Улар «Бирлик» Халқ Ҳаракатини ташкил этиш бўйича Ташаббус гуруҳини тузишга қарор қилишган. Ташаббус гуруҳига аъзо бўлишга 10 киши розилик билдирган. З.Аъламнинг таъкидлашича, йиғилишда Ташаббус гуруҳига уч нафар раисдош сайланган: Зоҳир Аълам, Абдурахим Пўлатов ва Усмон Азим. Яна унинг айтишича, ўша тарихий йиғилишдан ўн кунлар ўтгач М.Солиҳ Абдурахим Пўлатов билан учрашиб, унга Ташаббус гуруҳига раҳбарликни таклиф этган.


1.2.5. ТОҲИР КАРИМОВ

“Бирлик” халқ ҳаракати дастлабки йииғилишининг яна бир фаол иштирокчиси - Ўзбекистон Миллий университетининг доценти, фалсафа фанлари номзоди ва ёзувчи Тоҳир Каримовдир. У қизиқарли [31]-китоб муаллифидир.

Т.Каримовнинг “Бирлик”ни тузишдаги хизматлари ҳақида [32]-мақоламда ҳам ёзганман.

Тоҳир Каримов 2004 йил 23 июлда менга айтганларига кўра, Д. Ҳасаннинг уйига 8-9 киши йиғилган пайтда Муҳаммад Солиҳ ташкил этилаётган Халқ ҳаракатига «Эрк» ёки «Бирлик» номини таклиф этиб: «Биттасини танлайлик», деган. Шунда Тоҳир Каримов ўз таклифини қуйидагича асослаган: «Эрк – бу мақсад. Бирликдан мақсад Эрк бўлиши керак. Эркни қўлга киритиш учун бирлик керак. «Бирлик» атамаси ҳозирги ҳолатимизга кўпроқ мос келади».

Буни тасдиқлаб М.Солиҳ: «Балки бизнинг ҳаракатимиз келажакда ривожланиб уюшган сиёсий кучга айланиши мумкин. Бу албатта сиёсий партияга айланиш эҳтимоли бор. Балки партиянинг номини «Эрк» қўярмиз», деган. Шундай қилиб, Т.Каримовнинг таклифи ва М.Солиҳ гапи даврада ўтирганларга маъқул келган. Бир овоздан тузилажак Халқ ҳаракатига «Бирлик» номини беришга келишишган.

Тоҳир Каримовнинг таъкидлашича, 1988 йил 11 ноябрдаги йиғилишда унга «Бирлик» Дастур лойиҳасини тайёрлаш топширилган. Т.Каримов 14 ноябрда «Бирлик» Дастур лойиҳасини 4 бетлик қилиб ёзган. Уни Ёзувчилар уюшмасининг котибаси Гавҳар Норматова ёзув машинкасида печатлаб кўпайтириб берган ва уни Т.Каримов Ташаббус гуруҳи аъзоларидан баъзиларига тарқатган. У 15 ноябрда уни 8 бетлик қилиб кенгайтирган. Уни Г.Норматова яна машинкада печатлаган ва нусхаларини гуруҳ аъзоларига тарқатиб беришган.

1988 йил 16 ноябрь куни «Бирлик» Халқ Ҳаракати Ташаббус гуруҳи аъзоларидан 5-6 киши иштирокида Ёзувчилар уюшмасида 8 бетлик Дастур лойиҳасининг муҳокамаси бўлган. Эътирозлар ҳамда таклифлар асосан оғзаки бўлган ва Т.Каримов уларни қоғозга ёзиб олган. Фақат ЎзР Фанлар Академиясининг академиги Бек Ойбекович Тошмуҳамедов «Бирлик» Дастур лойиҳасининг экологияга оид қисмини ёзма равишда тайёрлаган, уни йиғилганларга ўқиб берган ва Т.Каримовга топширган. Т.Каримов «Бирлик» Дастур лойиҳасини 1988 йил ноябрь охирида янада кенгайтирган. Ушбу 3-лойиҳани ўзи ишлаётган институтда котибага илтимос қилиб, ёзув машинкасида 16 бетлик қилиб печатлаттирган. Уни Т.Каримов Паркент шаҳрига олиб бориб, нашриётда ишлаётган танишига берган.

Натижада «Бирлик» Халқ Ҳаракати Дастур лойиҳаси 19 бетлик китобча кўринишида тайёр бўлган. 1988 йил 2 декабрь куни Паркентдан келган киши битта сўмкада 670 дона «Бирлик» Дастур лойиҳасини олиб келиб Тоҳир Каримовга ишхонада берган.

Тоҳир Каримов 1988 йил 8 декабрь куни Паркентга дарс бергани борганида босмахонадан яна 700 дона «Бирлик» Дастур лойиҳасидан олган. Босмахона ходимига 200 рубль пул ҳам берган. Бу пул ҳақидаги гапни эшитган босмахона раҳбари Тоҳир акадан хафа бўлган. У бунга жавобан: «Майли, яна китобчадан чоп этиб беринг», деган. Шу сабабли 15 декабрь куни Паркентдан келган воситачи Т.Каримов ишлайдиган институтга яна 1000 дона Дастур лойиҳасини олиб келиб берган.

Шундай қилиб, деярли 2500 нусхадаги «Бирлик» Дастур лойиҳаси китобча кўринишида тайёрланди ва 1988 йил декабридан бошлаб зиёлилар ҳамда меҳнаткашлар орасида тарқатила бошланди. «Бирлик» Дастур лойиҳасини ушбу китобимнинг 2-иловасида келтирганман.

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

5. Ўзбекистоннинг янги тарихи. 3 та китоб/Тузувчи: Н.Жўраев, Т.Файзуллаев; Таҳрир ҳайъати: А.Азизхўжаев (Раис) ва бошқ. – Т.: Шарқ, 2000.

19. БОРОХОВ Э. Энциклопедия афоризмов (Мысль в слове) (Афоризимлар энциклопедияси (Сўздаги фикр)) /Худож. Ю.Д.Федичкин. – М.: ООО «Издательство АСТ», 1999. – 720 с.

20. Ўзбек Совет Энциклопедияси. 14 жилдлик, Т.: ЎзСЭ Бош редакцияси, 1971-1980.

21. Эстония: «Халқ фронти» қайта қуриш хизматида. Эстон шоираси ва жамоат арбоби Сирье Руутсоо Кийн билан ёзувчи Зоҳир Аълам суҳбати. – «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1988 йил 16 сентябрь, 38-сон, 2-б.

22. Инфобюллитень (газета) «Республика». Номер 6-7 (7-8) 1990 г. Таллин (Эстония).

23. Би-би-си меҳмони - 'Бирлик' ҳаракати асосчиларидан Фахриддин Худойқулов. - http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2010/10/101011_cy_talking_point_faxriddin_xudoyqul.shtml (www.bbc.co.uk/uzbek/ 16 октябр 2010 - 20:46 GMT).

24. ХУДОЙҚУЛОВ Ф. “Бирлик” тарихи: Ёзилмаган хакикатлар. - http://yangidunyo.com/?p=364 (www.yangidunyo.com August 20th, 2007).

25. Category Archives: Rivoyatdan qo'shiqqa. Дадахон Ҳасан куйлайди. - http://turonzamin.org/category/rivoyatdan-qoshiqqa/ (www.turonzamin.org 2010.23.02).

26. Мухаммад Салих: «Поднимемся с колен и восстановим страну из каримовских руин» (Муҳаммад Солиҳ: «Тиз чўкишдан кўтарилайлик ва каримов вайроналаридан мамлакатни тиклайлик»). - http://www.fergananews.com/article.php?id=6885 (www.fergananews.com 31.01.2011);
http://muhammadsalih.com/2011/03/03/%d0%bc%d1%83%d1%85%d0%b0%d0%bc%d0%bc%d0%b0%d0%b4-%d1%81%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%85-%c2%ab%d0%bf%d0%be%d0%b4%d0%bd%d0%b8%d0%bc%d0%b5%d0%bc%d1%81%d1%8f-%d1%81-%d0%ba%d0%be%d0%bb%d0%b5%d0%bd-%d0%b8-%d0%b2/ (http://muhammadsalih.com/2011/03/03/).

27. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Марказий сайлов комиссиясининг қарори. – “Халқ сўзи”, 1991.26.11.

28. Муҳаммад СОЛИҲ (Салой Мадаминов)нинг таржимаи ҳоли. – “Халқ сўзи”, 1991.26.11.

29. МУҲАММАД СОЛИҲ. Йўлнома /Муҳаррир: Абдулла Абдураззоқ/. – «Эрк» нашриёти, 2000. – 360 б.

30. Би-би-си меҳмони – Зоҳир Аълам. - http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/04/110421_cy_talkingpoint_zohir_alam.shtml (www.bbc.co.uk/uzbek/ 2011.25.04).

31. КАРИМ, Т. Муқаддас «Авесто» изидан: Илмий-бадиий қисса //Сўзбоши: И.Бобожонов/. – Т.: «Чўлпон», 2000. – 176 б.

32. АҲМАДЖОНОВ Ш. “Бирлик” асосчиларидан бири Тоҳир Каримовдир. –
http://www.liveinternet.ru/users/4799013/post343240910/ (www.liveinternet.ru “Турон_Шухратжони” кундалиги (Дневник), 2014.13.11);
http://dunyouzbeklari.com/archives/87296 (www.dunyouzbeklari.com 2014.14.11).

E-mail: jiz54@mail.ru

2018 йил 8 ноябр

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  КНИГИ 2018 года
КИТОБ: "БИРЛИК"ЧИЛАР

Комментарии (0)

«БИРЛИК»ЧИЛАР

Дневник

Вторник, 06 Ноября 2018 г. 15:25 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

«БИРЛИК»ЧИЛАР

1998 йил ноябрь: Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилганининг 10 йиллигига бағишлайман
2004 йил 17 май: Шунингдек, Ўзбекистон Мустақиллиги учун, демократия учун курашган ва курашаётган барча демократларга бағишлайман.
2018 йил 6 ноябрь: Китобнинг 3-нашрини Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилганининг 30 йиллигига бағишлайман.
Муаллиф

МУНДАРИЖА

Рустам Ғойиповнинг Ҳақиқат қўшиғи. Андрей Малишко шеъри.
Китобнинг 3-нашрига сўзбоши (2018).
Китобнинг 2-нашрига сўзбоши (2007).
Муаллиф ҳақида (2007)

Муқаддима
1-қисм. «Бирлик» ташкил этилиши тарихи.
1.1. «Бирлик» ташкил этилиши арафасида Совет Иттифоқида вужудга келган вазият.
1.2. «Бирлик» тузилишига доир айрим маълумотлар.
1.2.1. Фахриддин Худойқулов (1962)
1.2.2. Дадахон Ҳасан (1940.11.11)
1.2.3. Муҳаммад Солиҳ (1949.20.12)
1.2.4. Зоҳир Аълам (1943.23.06-2014.13.04)
1.2.5. Тоҳир Каримов
1.2.6. Абдуманноб Пўлатов (1951.16.12-2010.21.11)
1.2.7. Абдураҳим Пўлатов (1945.7.11)
1.2.8. Рауф Парфи (1943.27.09-2005, март)
1.2.9. Усмон Азимов (1950)
1.2.10. Қаҳрамон Ғўломов
1.2.11. Аҳмад Аъзам (1949.28.06-2014.04.01)
1.2.12. Ғўломқодир Турсунов
1.2.13. Ҳуршид Даврон
1.2.14. Миразиз Аъзам
1.2.15. Зухриддин Ҳусниддинов, Пўлат Зоҳидов, Абдуқодир Эргашев
1.2.16. Бахтиёр Каримов
1.2.17. Бек Тошмуҳаммедовга доир.
1.2.18. Ислом Ҳолбоевга доир.
1.2.19. Юрий Ласкинга доир.

1.3. «Бирлик» раҳбариятининг катта хатоси ва унинг бош айбдори.
1.4. «Бирлик» дастлабки дастур лойиҳаси мендаги нусхасининг тарихи.

2- қисм. Аскарларнинг ҳаёт ҳуқуқи учун «Бирлик»чилар кураши.
2.1. Ўзбекистонлик аскарларнинг 1989-1990 йилларда калтаклаб ўлдирилиш сабаблари.
2.2. Калтакланган аскарларимиз юртимизга қайтиб келиши ва «Бирлик»чи шифокорларимиз жасорати.
2.3. «Бирлик» Марказий кенгаши ҳайъатининг И.Каримовга мурожаатномаси ва М.Горбачевга телеграммаси.
2.4. Ҳуснитдин Мухамедовнинг темир тобути ва «Бирлик»чиларнинг 1990 йил 26 апрель кунги намойиши.
2.5. Анвар Каримовнинг темир тобути ва 1990 йил 28 апрель воқеаларининг бошланиши.
2.6. «Бирлик»чилар Тошкент аэропортида.
2.7. Темир тобут Президент қароргоҳига олиб борилиши ва фотосуратга туширилиши.
2.8. «Бирлик»чилар ва милиция ходимлари.
2.9. Ж. Ҳамидов, Ш. Зиёмов ва И. Каримовнинг Президент қароргоҳидан чиқиб келиши.
2.10. А.Кенжабоевга берилган фотоплёнка хусусида.
2.11. «Бирлик»чилар ва Президент И. Каримов учрашуви.
2.12. «Бирлик» раисдоши Ш. Исматуллаевнинг ЎзР Олий Совети Президиуми йиғилишига таклиф этилиши.
2.13. Аскарлар ҳаёт ҳуқуқи учун «Бирлик»чилар кураши натижалари.
2.14. Сўнгги сўз ўрнида.

3-қисм. Орол денгизи муаммолари ва «Орол ва Оролбўйини ҳимоя қилиш қўмитаси» фаолияти.
3.1. Орол денгизи ҳақида 1961 ва 1989 йилларга доир айрим маълумотлар.
3.2. Профессор Пирмат Шермуҳамедов 1986 йилда «Орол ва Оролбўйини ҳимоя қилиш қўмитаси»ни тузиши ва унинг 1986-1993 йиллардаги фаолияти.
3.3. Устюрт фожиаси.
3.4. Орол денгизи билан боғлиқ муаммоларнинг 2004 йилдаги аҳволи.
3.5. Орол денгизи билан боғлиқ муаммоларнинг 2007 йилдаги аҳволи.
3.6. Орол денгизи муаммосини ҳал этиш йўли.

Иловалар.
1-илова. “Қарз балосидан огоҳ бўлгин, халқим!” китобим учун қилинган тазйиқлар
2-илова. Ўзбекистон табиати, маънавий ва моддий бойликларини муҳофаза этиш ҳаракати. Ҳаракатнинг шартли атамаси – “Бирлик” (Дастур лойиҳаси)
3-илова. Тошкентда қурилган дидсиз, қоп-қора темир панжаралар ва Ўзбекистон катта қамоқхонага ўхшаши
4-илова. “Орол ва оролбўйини ҳимоя қилиш қўмитаси” уставига доир айрим маълумотлар
5-илова. “Демократлар давраси” гап-гаштаги (нодавлат нотижорат ташкилоти)нинг Устави

Изоҳлар.
Адҳат Синўғил. Китоблар: Шеър.
Фойдаланилган адабиётлар.


АНДРЕЙ МАЛИШКО

ҲАҚИҚАТ

Айтар эди бир замон онам:
- Ўсиб катта бўлурсан, ўғлон.
Оқил бўлу мард бўл чинакам,
Бу икки иш эмасдир осон.

Оқил бўлгин. Сен бу ҳаётнинг
Кенг йўлию сўқмоғин ўрган.
Ҳам томчининг, ҳам коинотнинг
Чексизликда кезмоғин ўрган.

Ҳақиқат – бир, ҳақиқат – аччиқ,
Шундан доим балога дучор.
Сен мард бўлгин, сен унга очиқ
Ҳимоячи бўлгин устивор.

Керак бўлса ҳақиқат учун
Юрагингни парча-парча қил.
Керак бўлса ҳақиқат учун
Минг бор ўлиб, минг бора тирил.

Майли, сендан дўстларинг кечсин,
Сендан кечсин, майли, қондошлар.
Рози эдим мен берган жонни
Ҳақиқатга бахш этсанг агар.

Оқил бўлу мард бўлгин, ўғлон,
Бу икки иш эмасдир осон.

Украин тилидан ўзбек тилига Эркин Воҳидов ўгирган. [1, 1-ж., 285-б.]

Прослушать запись Скачать файл


Рустам Ғойиповнинг Ҳақиқат қўшиғи. Андрей Малишко шеъри. Эркин Воҳидов таржимаси. [2]


КИТОБНИНГ 3-НАШРИГА СЎЗБОШИ (2018)

Маълумки, бир гуруҳ ўзбек зиёлилари 1988 йил 11 ноябр куни Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ)га асос солишганди. Мен “Бирлик” фаолиятида 1988 йил ноябр ойининг иккинчи ярмидан бошлаб қатнашганман, 1989-1990 йилларда “Бирлик”нинг Тошкент шаҳар ташкилоти раисининг 1-ўринбосари лавозимида ишлаганман. Шу сабабли “Бирлик” ва унинг тарихига доир муҳим маълумотларга эгаман, бўлиб ўтган кўпгина воқеа-ҳодисаларнинг ҳозирча тирик гувоҳларидан бириман.

“Бирлик” ташкил топганининг 10 йиллигига атаб мен 1998 йил ноябрда “Бирлик”чилар ва ўзбекистонлик аскарлар тобутлари” номли катта мақолани ёздим. Бу мақолани ушбу китобимнинг 2-қисмида келтирдим.

2001 йил апрел-май ойларида 80-100 бетлик «Гап-гаштакдан – Жадидчилик ҳаракатига!» номли китоб қўлёзмасини тайёрладим. Шундан кейин “Бирлик”чилар ва ўзбекистонлик аскарлар тобутлари” номли катта мақоламни китоб кўринишида тайёрлашга киришдим. Бу китобнинг 1-қисмида “Бирлик”нинг ташкил этиш тарихини ёзишни режалаштиргандим. Бундай тарихни ёзиш учун дастлаб Дадахон Ҳасан билан суҳбатлашдим. У 1988 йил 11 ноябрда унинг уйида тўпланган ўзбек зиёлиларидан айримлари ҳақида гапириб берди ва уларни исми шарифини ёзиб олдим. Уларнинг ҳар бири билан учрашиб суҳбатлашишга киришдим. Масалан, 2001 йил октябр ўрталарида Фахриддин Худойқуловга қўнғироқ қилиб у билан суҳбатлашмоқчи эканлигимни айтдим (1.2.1-параграфга қаранг).

Мен “Бирлик” халқ ҳаракати ташкил этилиши тарихига доир китоб чоп этмоқчи эканлигим Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) раҳбариятини ғашини келтирди, шекилли. 2001 йил 11 сентябр куни АҚШга қарши террористик ҳужум уюштирилгач 2001 йил октябрида Афғонистондаги Толибонларга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланди. Шундай вазиятдан фойдаланиб МХХ мени кўп йилга қамаб юборишга ҳаракат қилди. Шу мақсадда мени 2001 йил 30 октябр куни Тошкентнинг Паркент бозорида ҳибсга олишиб 36 кун қамоқда тутишди. Қамоққа олинишим сабаблари ҳақида батафсилроқ 2-нашр сўзбошисида ва 1-иловада ёздим.

36 кунлик қамоқдан чиқиб бир ойча даволангач “Бирлик” ҳақида китоб ёзиш фаолиятимни давом эттирдим. “Бирлик”чилар ва ўзбекистонлик аскарлар тобутлари” номли [3]-китобимнинг кейинги
тақдири ҳақида «Китобнинг 2-нашр сўзбоши»сида ёзилган.

“Бирлик”чилар ва ўзбекистонлик аскарлар тобутлари” номли китобнинг 1-нашрини компютерда териб китобча кўринишида 2004 йилда чоп этдим.

[3]-китобим www.turonzamin.org сайтида 2007 йил сентябда чоп этилганди. 2-нашри бўлмиш ушбу китоб www.turonzamin.org сайтининг “ДЎК китоблари” рукнида 2007 йил сентябрида чоп этилди. Бир неча ойдан кейин 2007 йилнинг ўзида сайт раҳбари Жаҳонгир Маматов китобни сайтдан ўчириб ташлади. Бу номаъқул ишни махсус хизматлар қилди, деб айтганди. У 2012 йил феврал охирида www.turonzamin.org сайтидан 100 тага яқин мақолаларимни Жаҳонгир Маматов ўчириб ташлагач китобларимни ҳам унинг ўзи ўчирганини тушундим. “Бирлик”чилар ҳақидаги китобим ҳам сайт раҳбариятининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати билан келишуви асосида олиб ташланган, деб ҳисоблайман. Ўша йиллари www.turonzamin.org сайтидан фақат менинг китобларим йўқолгани шунга ишоратдир.

Шунча қийинчиликлардан кейин ўқувчимиз эътиборига китобнинг 3-нашрини “Бирлик” халқ ҳаракати тузилганининг 30 йиллиги нишонланаётган кунларда ҳавола қилмоқдаман. Бу нашр шошилинч тайёрланди. Вақт тиғизлиги боис 1.2-параграфдаги маълумотларни тўлиқсинча бериш ва чуқурроқ таҳлил этиш иложи бўлмади. Буни тўлиқроқ китобнинг 4-нашрида келтириш мақсадим бор, Аллоҳ хоҳласа.

Қолаверса, китобимнинг 3-нашри сайтларда чоп этилгач ватандошларимиз, айниқса “Бирлик”ни ташкил этган ва дастлабки йилларда унинг сафларида фаоллик кўрсатганлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришар, деган умиддаман. Уларнинг фикр-мулоҳазалари 4-нашрда эътиборга олинади.

Китоб уч қисмдан иборат. Китобнинг Орол денгизи аҳволига бағишланган 3-қисмини қайта ишлаш имкони бўлмади. Шу сабабли уни 2-нашрдан ўзгартирмасдан чоп этмоқдаман.


КИТОБНИНГ 2-НАШРИГА СЎЗБОШИ (2007)

Сўзбошида ушбу китобнинг ёзилиши ва чоп этилиши билан боғлиқ айрим воқеаларни баён этмоқчиман. Буни баён этиш орқали Ўзбекистондаги полициявий режим фуқароларнинг турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини бўғаётгани, бундай бўғишларнинг айрим услублари очиб берилади.

Бирлашган Миллатлар томонидан 1966 йил 19 декабрь куни қабул қилинган, ЎзР президенти И.Каримов томонидан 1992 йил 26 февраль куни Хельсинкида имзоланган, ЎзР Олий Мажлиси томонидан қўшилиш ҳақида қарор 1995 йил 31 августда қабул қилинган «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт»нинг 19-моддасида қуйидагича ёзилган.

«19-модда. 1. Ҳар бир инсон ҳеч бир тўсиқсиз ўз фикрига собит бўлиш ҳуқуқига эга.
2. Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин баён этиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан мустақил ҳолда ёзма равишда ёки матбуот воситасида ёки ифодалашнинг бадиий шакллари ёки ўз ихтиёрига кўра бошқача усулларда турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини қамраб олади.
3. Ушбу модданинг 2-бандида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш алоҳида масъулият юклайди. Бу тарзда фойдаланиш айрим чеклашлар билан боғлиқ, лекин бу чеклашлар қонун билан белгиланиши ва қуйидагилар учун зарур бўлиши лозим:
а) бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва обрў-эътиборини ҳурмат қилиш учун;
б) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлигини ёки ахлоқини муҳофаза этиш учун.» [4, 44-б.]

Мен 1998 йил 11 ноябрда Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилганининг 10 йиллигига атаб 1998 йил октябрь-ноябрь ойларида «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» номли катта мақолани ёздим. Уни машинкамда чоп этиб, яқин танишларига ва айрим журналистларга бердим.

Мен «Қарз балосидан огоҳ бўлгин, халқим!» номли китобни 2000 йил май ойида 72 бетлик, июль ойида 76 бетлик қилиб компьютерда тердим, китобча кўринишида чоп этиб, таниш-билишларга, журналистларга, ЎзР Олий Мажлисининг айрим депутатларига бердим (1-иловага қаранг).

Мен 2001 йил апрель-май ойларида ҳажми 80-100 бетлик «Гап-гаштакдан – Жадидчилик ҳаракатига!» номли китобчани чоп этишга деярли тайёр қилдим. Уни теришга компьютер излаш давомида китобчага қўшимча параграфлар ёзиб кенгайтириб бордим.

Компьютер топаолмагач, 2001 йил ноябридан ёзув машинкасида чоп этаман, деб режалаштириб турганимда 2001 йил 30 октябрь куни мени Тошкентдаги Паркент бозори ҳудудида айбсиз равишда милиция ходимлари ушлаб кетишди. Менга қарши ИИВ Тошкент шаҳар Ҳамза туман ИИБсининг терроризмга қарши кураш бўлими зобитлари шуғулланди. Бу тазйиқлар орқасида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турганлиги сал кейинроқ маълум бўлди (бу ҳақда батафсилроқ 1-иловада ёзилган).

Уларнинг мақсади: мени доим ўзим билан бирга сумкада олиб юрган «Гап-гаштакдан – Жадидчилик ҳаракатига!» номли китоб қўлёзмасини ўқиб чиқиш, у ерда ёзган муаммо ва ечимларни билиб олиш, тарихий воқеаларнинг ҳақиқий тафсилотини халқдан яшириш ва иложи бўлса мени 5-10 йилга қамаб юбориш эди.

«Гап-гаштакдан – Жадидчилик ҳаракатига!» номли китобимдаги 17-параграфнинг номи ва бандлари қуйидагича эди.

«17. Гап-гаштакка асосланган Жадидчилик ҳаракатининг Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракатидан фарқлари.
17.1. Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилиши арафасида Совет Иттифоқида вужудга келган вазият.
17.2. Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилишининг қисқача тарихи.
17.3. Жадидчилик ҳаракати билан «Бирлик» Халқ Ҳаракати ўртасидаги фарқлар.»

2001-2003 йилларда ёзилган 17-параграф ушбу китобимнинг 1-қисмида берилмоқда.

Жаҳонда озодлик ва демократияни қўллаб қувватлаш ва тарқатишни асосий мақсад қилган халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти бўлмиш ва маркази Вашингтонда жойлашган Freedom House (Озодлик уйи)нинг Тошкентдаги бўлими 2002 йил октябрида очилди. Унинг компьютерлари ўрнатилган Ресурс маркази 2003 йил май ойидан бошлаб фаолият олиб борди. Мен Ресурс марказида «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» катта мақоламни компьютерда теришни 2003 йил 15 августда тугатдим.

Лекин ушбу мақолани на «Ҳаракат» журналида, на Интернетнинг бирорта сайтида доимий қилиб чиқариш иложини тополмагач, мен уни китобча кўринишида чиқаришга қарор қилдим. Шу мақсадда Freedom House Ресурс марказида компьютерда китоб бетлари шаклида тера бошладим.

2003 йил 1 декабридан Freedom House (FH) Тошкент бўлими директори бўлиб Мьюша Север хоним ишлай бошлади. Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан М.Север ўртасидаги дастлабки учрашув FH да 2004 йил 6 январь куни бўлиб ўтди. У ўзи журналист эканлиги, 1996-2000 йилларда Словения парламенти аппаратида, кейин 2 йил Косовода Бирлашган Миллатлар Ташкилоти миссияси таркибида, сўнгра Озарбайжонда ишлагани, оилали бўлиб, эри ва вояга етган қизи борлиги ҳақида айтган эди. Озарбайжондан у билан бирга келган 40 ёшлардаги бақувват эркак Анар Нагиев ҳам FH да 2003 йил декабридан ишлай бошлади. Кейинроқ М.Север Ўзбекистондаги кучишлатар органлар раҳбарияти билан апоқ-чапоқ бўлиб, улар билан яқин муносабат олиб бора бошлади. Ҳатто уни 2005 йил бошида ЎзР Президенти И.Каримов қабул қилиб, 2 соат суҳбатлашди.

Мен «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» мақоламни компьютерда китоб кўринишида 2004 йил январида тера бошладим. Мақолани компьютерда териш жараёнида ҳам орқаваротдан қаршиликлар бўлди. Китоб кўринишида теришнинг ўзига хос талаблари бор. Масалан, 80 бетлик китобнинг 3-4-бетлари терилган варақнинг ўзига 77-78-бетлардаги матнни жойлаштириш керак. Китобча кўринишда терилаётган матн таркибида қандайдир ортиқча чизиқлар пайдо бўла бошлади. Ортиқча чизиқлар пайдо бўлиши сабабли китобнинг сатрлари сурилиб, барча бетлардаги матнлар аралаш-қуралаш бўлиб кетарди. Мен у-бу қилиб чизиқларни олиб ташлаб, матнни теришда давом этардим. Лекин бир оз вақт ўтгач чизиқлар яна пайдо бўларди. Мен чизиқларнинг пайдо бўлиш сири ва уни йўқотиш иложини излаб, FH да ишлаётган бир неча ходимлардан сўрадим. Лекин улар буни аниқ тушунтириб бера олмадилар ва чизиқларни йўқотиш иложини қила олмадилар.

Ўша вақтлар Паркент бозори яқинидаги 9 қаватли уйнинг 7-қаватида Каунтерпарт Консорциум ташкилотининг Фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш маркази кутубхонаси ва компьютерлар ўрнатилган Ресурс маркази бор эди. Ушбу Марказда аввалдан рўйхатга ёзилиб, ҳафтада 3 соат компьютерда ишлашга рухсат бериларди. Мен «бирлик»чилар ҳақидаги китобчани шу ерда ҳам теришни давом эттирдим. Китобча матнида пайдо бўлган чизиқлар масаласида Марказда ишлаётган рус муҳандис йигитлардан сўрадим. Улар компьютерга доир тегишли китобларга қараб, сўнгра қандайдир дастур ёрдамида бу қўшимча чизиқларни олдириб ташлашди. Шундай қилиб, бу чизиқларни FH да китобим файлига, яъни матнига Миллий хавфсизлик хизмати билан боғлиқ кимдир атайлаб киритгани маълум бўлди.

2004 йил 13 февраль куни эрталаб мен Freedom House даги компьютерда «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» китобининг «Муқаддима» қисмини тера бошладим. «Муқаддима» бошида «Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилганининг 10 йиллигига бағишлайман. Муаллиф», деган ёзувни ёзиб, сўнгра муқаддиманинг икки абзацини тердим. Шунда Freedom House нинг Тошкент бўлими директор ўринбосари Анар Нагиев менинг ёнимга келиб рус тилида: «Сиз компьютерда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланаяпсиз. Мен сизга огоҳлантириш эълон қиламан», деди. Мен ишимни тўхтатиб, нарсаларимни олиб кета бошладим. FH дан чиқиш эшиги олдида пальтомни кия бошлаганимда, А.Нагиев шошилинч равишда компьтерда терилган ва имзо қўйилган варақни олиб келиб, менга узатиб: «Сизни расман огоҳлантираман» деди. Одатда аввалига оғзаки огоҳлантиришади. Агар огоҳлантирилган фуқаро бу ишни яна такрорласа, унга ёзма огоҳлантириш берилади. А.Нагиев эса менга бирданига ёзма огоҳлантириш беришга ҳаракат қилаётган эди. Шу сабабли мен унга: «Сиз мени оғзаки огоҳлантирдингиз. Мен ишимни тўхтатиб кетаяпман. Нега энди ёзма огоҳлантираяпсиз? Оғзаки огоҳлантиришингиз етарли» дедим. Бу гапимга А.Нагиев эътироз билдира олмади.

Анар Нагиевнинг мен ёзаётган китобимга қарши берган ноҳақ огоҳлантириш воқеасини мен ўша – 2004 йил февраль кунларида китобнинг 14.10 бандида ёзгандим. Мен у пайтлар яқинда FH да ишлай бошлаган А.Нагиевнинг исми шарифини билмасдим. Шу сабабли FH нинг Ресурс марказида ходим бўлиб ишлаётган Отабек Наимовдан муаллиф А.Нагиевни орқасидан кўрсатиб сўради: «Унинг фамилияси ва исми қандай?» О.Наимовнинг жавоби бундай бўлди: «Звоне Винрач». Мен у айтгандай қилиб ўз қоғозчамга ёзиб олдим. Шу сабабли А.Нагиев мени огоҳлантириш воқеалари баён этилган китобнинг 14.10-бандида «Freedom House нинг Тошкент бўлими директор ўринбосари Звоне Винрач» деб ёзилган. О.Наимов Анар Нагиевни нима сабабдан «Звоне Винрач» деб жавоб берганини мен билмайман. Фақат битта нарса аён: Мьюша Север ва Анар Нагиев Ўзбекистон кучишлатар органлар билан келишиб фаолият олиб борган эдилар.

Мен ушбу китобнинг қолган қисмини Каунтерпарт Консорциум Ресурс марказида теришни давом эттиришга мажбур бўлди. Мен китобни 2004 йил 14 июлда тугатиб, ксерокс қилиб, таниш-билишларимга тарқата бошладим.

Алоҳида таъкидлашим лозимки, мен юқорида ёзган воқеаларга қарамай Freedom House ташкилотидан миннатдорман. Чунки FH нинг Ресурс марказида мен Интернетдан фойдаланишни ўргандим, инсон ҳуқуқларига доир бир неча тренингларда қатнашдим ва кўпгина фойдали ахборотлардан хабардор бўлдим, мақолаларим ва китобнинг каттагина қисмини компьютерда тердим, ксерокс аппаратида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ кўпгина ҳужжатларни бошқалар қаторида мен ҳам кўпайтириб фойдаландим ва ҳоказо.

FH ташкилоти энг яхши ишлаган пайти – бу 2005 йил бошларида Бранко хоним директор бўлиб келган вақтдир. Афсуски, 2005 йил 13-14 май кунлари Андижон қирғини уюштирилиб, 2005 йил охирида режим суди Freedom House ни ёпиш ҳақида қарор чиқарди.

Китобнинг битта нусхасини таниқли ҳофиз, «Бирлик» Халқ Ҳаракати асосчиларидан бири Дадахон Ҳасанга ҳам бердим. У китобнинг 2-илова қисмида «Бирлик» тарихига доир келтирилган озгина маълумот «Бирлик»нинг тарихини очиб бермаганимни айтиб, норозилигини билдирди. Мен 1988 йил 11 ноябрь кунги йиғилишда қатнашганлардан айримларини топиб гаплашиб бўлмаганлигини гапириб, «Бирлик»ка доир тарихий маълумотларни тўплашни давом эттираётганим, яқин орада китобчанинг 2-нашрида ташкилот тарихини кенгайтириб чоп этмоқчи эканлигимни айтдим.

Мен бу орада 2001-2003 йилларда ёзилган «Гап-гаштакдан – Жадидчилик ҳаракатига!» номли китобимнинг 17-параграфини, шунингдек 1-иловасини компьютерда териб китобчага қўшдим. «Бирлик» тарихига доир фуқаролар билан учрашиш ва изланишларни давом эттираётган бир пайтда Каунтерпарт Консорциум Ресурс маркази ёпилди. Фикримча бу номаъқул иш Ўзбекистон кучишлатар органлари талаби асосида бўлди. Яъни Каунтерпарт Консорциум кутубхонаси ва Ресурс маркази ўз фаолиятини давом эттирарди, лекин фуқаролар учун компьютердан фойдаланиш тақиқланди. FH да ҳам, Каунтерпартда ҳам компьютердан фойдаланиб «Бирлик»ка доир китоб матнини териш имконияти йўққа чиқарилгач, мен китобнинг 2-нашрини чоп этиш ҳаракатларини ноилож тўхтатишга мажбур бўлдим.

Ўша воқеалардан уч йил ўтиб, китобнинг иккинчи нашри сизнинг эътиборингизга ҳавола қилинмоқда. Совет Иттифоқига 1923-1953 йилларда раҳбарлик қилган Иосиф Сталин давридаги каби мамлакатимиздаги режим томонидан Ўзбекистон Мустақиллигининг 16 йили давомида яқин тарихимиз фақат бир томонлама ёритилмоқда.

Биринчи мисол. Мустақил Ўзбекистон тарихи китобининг 1-боб, 1-параграфида [5, 3-к., 7-41–б.] Ўзбекистон Республикаси «Мустақиллик Декларацияси» ҳақида қисман ёзилган. Лекин бу Декларациянинг дастлабки лойиҳасини кимлар ва қачон таклиф этганлиги тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Мен бу ҳақдаги маълумотларни ва «Мустақиллик Декларацияси» лойиҳаларининг матнларини [6]-мақолада келтирганман.

Иккинчи мисол. Мустақил Ўзбекистон тарихи китобининг 4-бобидаги «Сохта демократларнинг экстремистик йўл билан ҳокимият учун кураши, уларнинг халқ томонидан бадном қилиниши» номли параграфда [5, 3-к., 165-181-б.] Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати ҳақида фақат салбий фикрлар ёзилган.

Учинчи мисол. 2000-2006 йилларда нашр этилган 12 жилдлик Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида «Бирлик» Халқ Ҳаракати ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Ватанимиз тарихида деярли бир миллион Ўзбекистон фуқароси иштирок этган бундай миллий-озодлик ҳаракати гўёки бўлмаган.

Юқорида таъкидланган камчиликларни ҳисобга олиб китобимнинг 2-нашрида 1-қисм сифатида Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилишининг қисқача тарихини баён этдим, унинг дастлабки Дастур лойиҳасини 2-иловада келтирдим.

Қолаверса, баъзилар «Бирлик» Халқ Ҳаракати сафларида юзлаб фуқаролар 1989-1990 йиллардаёқ ўзбекистонлик аскарларнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиб олиб борган фаолияти ҳақида билмайди ва билишга ҳаракат ҳам қилмайди. Масалан, Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ташаббус Гуруҳи раҳбари Суръат Икромов 2007 йил 4 июль куни мен ундан судланаётган бегуноҳ 8 нафар мусулмон аёл устидан ёзилган Айблов хулосасидан нусха олиш учун бериб туришни сўраганимда, у: «Сиз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эмассизку. Конгрессингиз билан шуғулланайвермайсизми? Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида нима иш қилдингиз?» деб савол берганди ([7]-га қаранг).

Имкониятдан фойдаланиб мен С.Икромовга ҳам битта савол бермоқчиман: «35 кишилик «бирлик»чилар гуруҳи 1990 йил 28 апрель куни ҳарбий хизматдаги ватандошларимизнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиб, Президент қароргоҳи олдида милиция ходимлари билан қарама-қарши турганимизда ва ЎзР Президенти И.Каримов билан бир соатлик мулоқот олиб борганимизда сиз нима иш билан банд эдингиз?». Агар Толиб Ёқубов [8]-мақолада ёзган факт ўринли бўлса, Суръат Икромов у пайтлар милиция зобити бўлиб ишлаб, Совет империяси манфаатларини ҳимоя қилиб юрган …

Шундай қилиб, китобнинг 2-қисмида ««Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» китобининг 1-нашрида ёзилган тарихий воқеаларни деярли ўзгаришсиз келтирдим.

Китобнинг 3-қисмида Орол денгизи муаммоси ва унинг 2007 йилдаги аҳволи тўғрисида, шунингдек 1986 йилда тузилган профессор Пирмат Шермуҳамедов раҳбарлигидаги «Орол ва Оролбўйини ҳимоя қилиш қўмитаси»нинг 1986-1993 йиллардаги фаолияти ҳақида ёздим.

Мен китоб охирида бешта илова келтирдим. Улардан 2, 3, 4, 5-иловалар китобнинг 1-нашрида ёзилганди. Яъни ушбу 2-нашрда 1-иловани қўшдим.

1-нашр китобча кўринишда чиқарилганида, китобча муқовасининг биринчи ички бетида татар шоири Адҳат Синўғилнинг “Китоблар” номли шеъри, охирги ички бетида украин шоири А.Малишконинг “Ҳақиқат” шеъри чоп қилгандим. Шу яхши шеърларни мен 2-нашр бошида ва охирида ҳам келтирдим.

Мен ушбу китобни кирилл алифбосида тердим. Ундаги ў, қ, ғ, ҳ ҳарфлари ўқувчи компьютерида бошқача ҳарф бўлиб очилиши мумкин. Шу вазиятда матндаги барча ҳарфларни ўз ҳолига қайтаришни қуйидагича амалга оширса бўлади. Бошқа шрифтдаги алоҳида ҳарфни, масалан, Ћ ҳарфини, ўзбекча ҳ ҳарфига бутун матнда ўтказиш учун қуйидаги ишларни амалга оширмоқ керак.
1) Клавиатурада ctrl + f клавишаларини бир вақтда босасиз.
2) Очилган жадвалда Replace ёзуви устида сичқончани тиқиллатасиз, шунда пастда Replace with: ёзуви ва унинг тўғрисида катак очилади. Шу катак ичига керакли ҳарфни, яъни бизнинг мисолимизда ҳ ҳарфини ёзасиз.
3) Find what: ёзуви тўғрисидаги катакка h ҳарфини жойлаштирасиз (уни бевосита ўзгартираётган матннинг ўзидан олсангиз бўлади ёки компьютер ойнасидаги Insert, кейин Symbol ёзувини тиқиллатиб, очилган ҳарфлар жадвалидан h ҳарфини топасиз ва катакка жойлаштирасиз).
4) Энди ўзгартирмоқчи бўлган матнни (мақола ёки китобни) қорайтирасиз (компьютер ойнасидаги Edit, сўнгра Selekt All ни тиқиллатсангиз матн қораяди).
5) h ва ҳ ҳарфлари жойлаштирилган катаклар пастидаги Replace All ёзуви устида сичқончани тиқиллатсангиз, мақола ёки китобингиздаги барча h ҳарфлар ҳ ҳарфига ўзгаради.
Ҳозиргина ёзилган услубнинг яхши томони шундаки, сиз 35 та ҳарфни кетма-кет ўзгартириш йўли билан кирилл алифбосидаги мақола ёки китобни лотин алифбосига, шунингдек лотин алифбосидагисини кирилл алифбосига ўтказишингиз мумкин.

Матнни бирданига лотиндан кирилга ёки кирилдан лотин алифбосига www.translit.ru сайти ёрдамида амалга оширса бўлади. (2013.26.10)

Интернет – инсоният тараққиёти натижасида 20-аср охирида ихтиро қилинган улкан техник ютуқдир. Интернет орқали Ислом Каримов ва МХХ Ўзбекистондаги полиция режими шароитида бошқа муҳим ахборотлар қатори бу китобни ҳам сиз ўқувчимизга етказиш имконияти бор. Бу имкониятни яратиш йўлида хизмат қилаётган барча инсонларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.


МУАЛЛИФ ҲАҚИДА (2007)

Шуҳрат Юсуф Аҳмаджон ўғли (Аҳмаджонов Шуҳратжон, А.Ш.) 1954 йил январда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. 1975 йилда Самарқанд давлат университетини тугатган. 1979-1983 йилларда Москвадаги Н.Бауман номли Олий техника университетида ҳам ўқиган, етакчи конструктор лавозимигача ишлаган.

1980- ва 1981-йилларда курсдош дўстларини Самарқандда ва Жиззахда тўплаб, Ўзбекистонда янги сиёсий партия тузиш масаласини муҳокама қилган. 1988-1990 йилларда «Бирлик» Халқ Ҳаракати Тошкент шаҳар ташкилоти раисининг 1-ўринбосари, 1991-1993 йилларда «Эрк» демократик партияси Тошкент шаҳар ташкилотининг 2-котиби лавозимигача ишлаган.

1993-1994 йилларда асосан ёшлардан иборат янги сиёсий партия тузиш учун фаолият олиб бориб, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг рухсати билан 1994 йил 12 ноябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикачилар партияси (ЎРП)нинг Таъсис қурултойида шу партиянинг раиси этиб сайланган.

1993-1995 йилларда ЎРПга 1000 га яқин фуқаро, улардан 80 фоизи ёшлар, аъзо бўлишган. Лекин Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, айниқса махсус хизмат органларининг 1994 йил 31 октябридан олиб борган тазйиқлари оқибатида 1997 йилда ЎРП ўз фаолиятини деярли тўхтатишга мажбур бўлган эди.

Мен 1997 йилги тазйиқлардан сўнг Ўзбекистондаги авторитар сиёсий тизим асосан куч ишлатувчи органларга, айниқса махсус хизмат органларига таянишини чуқур тушуниб етдим. Ушбу сиёсий тизимнинг асослари ва камчиликларини, ҳамда бундай тизимни демократлаштириш йўлларини таҳлил этишга бағишланган «Турон йигитига» номли китобни 1998-1999 йилларда ёздим. Ушбу 400 бетли китобнинг деярли 200 бетини ёзув машинкасида печатлаб тайёрлагач, китобимдаги муҳим қизиқарли матнларни Миллий хавфсизлик хизмати зобитлари ўғирлаб Ислом Каримовнинг нутқ матнлари ва унинг номидан нашр этилаётган китобларга киритишаётганини билиб қолдим. Бунга доир мисолни сал кейинроқ мақолаларимдан бирида тегишли матнларни келтирган ҳолда ёзаман, иншааллоҳ. Шу сабабли «Турон йигитига» номли китобимни давом эттириб ёзишни тўхтатдим.

1998 йил 11 ноябрда Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати тузилганининг ўн йиллиги санаси нишонланишини эътиборга олиб, мен 1998 йил октябрь–ноябрь ойларида «Бирлик»чилар ва ўзбекистонлик аскарларнинг тобутлари» мақоласини ёздим. Ушбу мақолани Сизга китоб кўринишида ҳавола этмоқдаман. Бу мақоланинг 1998 йил ноябрдан кейинги тақдири, у қандай сабабларга кўра деярли олти йил ўтгачгина чоп этилганлиги ҳақида рисоланинг «Сўнгги сўз ўрнида» номли бандида ёзилган.

Мен 2000 йилда ёзган ва компьютерда чоп этиб, халқ орасида тарқатилган «Қарз балосидан огоҳ бўлгин, халқим!» китобим каби ушбу китоб ҳам авваламбор ёшларга мўлжалланган (1-иловага қаранг). У Ватанимиз, халқимизнинг яқин ўтмишига ва бугунги кунига бефарқ бўлмаган барча фуқароларимизга ҳам қизиқарли бўлар.

Ўзбекистондаги авторитар сиёсий тизимни демократик сиёсий тизимга, фуқаролик жамиятига айлантириш учун нима қилмоғимиз керак, деган саволга қисқача жавоб бериш мақсадида мен китобнинг 4-иловасида «Демократлар давраси» гап-гаштаги (нодавлат нотижорат ташкилоти)нинг уставини келтирдим, ўша бетда қисқача тушунтириш ҳам ёздим.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фаолиятимнинг бош йўналиши – бу инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва Ватанимизда демократик, фуқаролик жамиятини қуришдир.


МУҚАДДИМА

Ҳар бир инсонга Аллоҳ томонидан берилган энг олий қадрият – бу яшаш ҳуқуқидир! Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти»нинг 6-моддаси 1-бандида қуйидагича ёзилган: «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг унинг ажралмас ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ қонун билан ҳимояланади. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан инсонни яшашдан маҳрум қила олмайди» [5, 39-б.]

Ушбу китобимнинг 2-қисмида 1980-йиллар охирида Совет армияси сафларига аскарлик хизматига чақирилиб, у ерда ўзбекистонлик аскарларнинг калтакланиб майиб-мажруҳ қилиниши ва ўлдирилиши, оқибатда уларнинг тобутлари юртимизга кетма-кет келтирилиши воқеалари, шунингдек «Бирлик» Халқ Ҳаракати фаоллари ўзбекистонлик аскар укаларимизнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя этиб олиб борган қизғин фаолияти ҳақида ёзилган.

Демократия ва адолат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан бошланади. Шу сабабли инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ғояси инсоният тарихида қандай амалга оша борганига қисқача назар ташлайлик.

Маълумки инсонни улуғлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ғояси тўртта муқаддас китобларда, яъни пайғамбарлар Мусога юборилган Таврот (Таро)да, Исога юборилган Инжил (Библия)да, Довудга юборилган Забур (Псалтир)да ва Муҳаммадга юборилган Қуръони каримда, шунингдек Марказий Осиё халқларининг қадимий дини бўлмиш зардуштийликнинг муқаддас китоби – Авестода ўз ифодасини топган.

Инсон ҳуқуқлари тўғрисида бугунги кундаги халқаро ҳужжатларнинг шаклланишида 1689 йили Англияда ва 1789-1791 йилларда Америка Қўшма Штатларида қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Билль (қонуни)», шунингдек 1789 йили Франциядаги «Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги миллий ҳужжатлар муҳим роль ўйнади.

Америка Қўшма Штатларининг 3-президенти (1801-1809), АҚШ Мустақиллик декларацияси лойиҳасининг муаллифи Томас Жефферсон 1776 йилда шундай унутилмас сатрларни ёзган эди: «Барча инсонлар тенг қилиб яратилган, улар Яратувчи томонидан муайян дахлсиз ҳуқуқлар ва шулар жумласидан ҳаёт, озодлик ва бахтга интилиш билан таъминланганини биз асл ҳақиқат деб тан оламиз. Айнан шу ҳуқуқларни ҳимоялаш учун инсонлар орасида ҳукуматлар ташкил топган ва улар ўз қудратини ўзлари бошқараётганлар розилигидан олади.» [9, 8-б.]

Инсон ҳуқуқлари БМТнинг тўртта асосий ҳуқуқий ҳужжатларида – «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси» (1948 йил 10 декабрь), «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт» (1966 йил 16 декабрь), «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт» (1966 йил 16 декабрь) ва «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга Факультатив протокол» (1966 йил 16 декабрь)да белгиланган ва кафолат берилган. Ушбу халқаро ҳужжатлардан биринчисига қўшилиш ҳақида ЎзР парламенти томонидан 1991 йил 30 сентябрда, қолган учала халқаро ҳужжатга қўшилиш ҳақида 1995 йил 31 августда қарор қабул қилинган эди [10].

Совет империяси даврида юқорида ёзилган тўртала халқаро ҳужжатдан фақат «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси» ҳақидагина Ўзбек Совет Энциклопедиясининг 2-жилд 263-бетида қисқача ёзилган эди. «Бирлик»чилар, жумладан мен ҳам ушбу ҳужжатлардан бехабар ҳолда ўзимизнинг ҳаёт тажрибаларимиз ва имкониятларимиздан келиб чиқиб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланганмиз. Шу сабабли қайсидир маънода «Бирлик» Халқ Ҳаракатини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган Ўзбекистондаги дастлабки оммавий ташкилотлардан бири, деб ҳам қараш мумкин.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда маҳаллий фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган дастлабки нодавлат нотижорат ташкилоти – бу филология фанлари доктори, профессор Пирмат Шермуҳамедов раҳбарлигида 1986 йилда тузилган «Оролни асраш қўмитаси»дир.

Китобимнинг иккинчи нашрида 3-қисм сифатида ушбу Қўмитанинг тузилиш тарихи, унинг Устави ва фаолияти ҳақида, шунингдек Орол денгизининг 2007 йилдаги муҳим муаммолари ҳақида баъзи бир маълумотлар ўқувчимиз эътиборига ҳавола этилганди. Орол денгизининг бугунги - 2018 йилдаги аҳволини таҳлил этиб ёзиш учун кўп вақт ва меҳнат талаб этади. Шу сабабли 3-қисмни ўзгаришсиз 3-нашрда келтирдим. (2013.10.11, 2018.05.11)

Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 1 сентябрда Мустақилликка эришгач 1992 йил 2 февралда Абдуманноб Пўлатов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг таъсис қурултойи бўлди. 1997 йилдан бошлаб 2006 йилгача бу жамиятга Толиб Ёқубов раҳбарлик қилди.

Марат Зоҳидов раҳбарлигидаги Шахс ҳуқуқларини ҳимояловчи қўмита 1996 йил апрелида тузилиб, 1996 йил 14 июнда ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтди.

Михаил Ардзинов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти 1997 йил 2 августда тузилиб, 2002 йил 4 мартда ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган (гувоҳнома рақами 510). У анча йилдан бери Россия Федерацияси, Шимолий Осетия Республикаси маркази бўлмиш Владикавказ шаҳрида яшамоқда ([11]-га қаранг, 2013.27.10).

Васила Иноятова раҳбарлигидаги Эзгулик номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 2002 йил 17 февралда тузилиб, 2003 йил 19 март куни ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатга олинган.

2000 йил 17 январь куни Муътабар Тожибоева раҳбарлигида Марғилон шаҳрида «Ўтюраклар» номли, 2000 йил 15 октябрда Тамара Чикунова бошчилигида «Оналар ўлим жазосига ва қийноқларга қарши қўмитаси» номли (1-изоҳга қаранг), 2000 йил ноябрида Искандар Худойберганов раҳбарлигида «Демократик ташаббуслар маркази» номли, 2001 йил ноябрида Атаназар Арифов ташаббуси билан Аъзам Турғунов ижрочи директорлигида «Мазлум» номли, 2002 йил февралида Суръат Икромов раҳбарлигида «Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи» номли, 2003 йил 28 апрелида Шуҳрат Аҳмаджонов (китоб муаллифи) раҳбарлигида «Демократлар давраси» номли, 2003 йил 5 июлда Николай Кунгуров раҳбарлигида «Демократия ва ҳуқуқ» номли ва бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари тузилди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи давлат ташкилотлари ҳам тузилди. Дастлаб 1992 йил 12 февралда профессор А. Аъзамхўжаев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий комитети тузилди ва бу ташкилот тез кунларда ЎзР Адлия вазирлигида рўйхатга олинди. ЎзР Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) дастлаб 1995 йил 23 февралида сайланган эди. 1995 йил 29 августда «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги Низом», 1997 йил 24 апрелда «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Бу вазифага1995 йилда Сайёра Рашидова сайланган. ЎзР Президенти И.Каримовнинг 1996 йил 31 октябрда «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Марказини тузиш тўғрисида»ги ПФ № 1611 фармонига асосан Инсон ҳуқуқлари бўйича ЎзР Миллий маркази тузилди ва ПФ № 1612 фармонига асосан унга директор этиб Акмал Саидов тайинланди.

Инсоннинг дахлсиз ҳуқуқлари масаласига қайтайлик. Юқорида таъкидлаганимиздек, инсоннинг энг дахлсиз ҳуқуқларидан бири – бу фақат Аллоҳ томонидан берилиб, фақат Аллоҳ томонидан қайтариб олиниши мумкин бўлган инсоннинг я ш а ш ҳуқуқидир. Лекин Аллоҳнинг бу буюк ҳуқуқига Ўзбекистондаги бугунги авторитар сиёсий тизим шерик бўлишга ҳаракат қилмоқда, тизим ҳар йили кўплаб кишиларни ўлим жазосига ҳукм қилмоқда ва ушбу ҳукмларни ижро этмоқда. Масалан, 2004 йил 15 февраль куни ЎзР Ҳарбий суди 26 ёшли Азизбек Каримовни ўлим жазосига ҳукм қилди [12], 2004 йил 10 августда эса Азизбек Каримов ва Юсуф Жумаев яширин отиб ташланди. Шу сабабли Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси 2004 йил 12 августда норозилик нотасини Ўзбекистон ҳукуматига жўнатди.

2001 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган 191 мамлакатдан 109 тасида ўлим жазоси бутунлай тўхтатилган эди [13]. Жумладан, Туркманистонда 1999 йилда ўлим жазоси бекор қилинганди. Қирғизистонда ва Қозоғистонда президент Асқар Ақаев ва Нурсултон Назарбоев фармонлари билан ўлим жазосига мораторий (лотинча moratorius – муддатини чўзмоқ) эълон қилишди. 2004 йил апрелида Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонов Тожикистонда ўлим жазосига мораторий киритишни таклиф этди. Тожикистон парламенти 2004 йил 2 июнда бу ҳақда қарор қабул қилди [14]. Шундай қилиб Марказий Осиёдаги беш жумҳурият орасида фақат Ўзбекистондагина ўлим жазоси 2008 йил 1 январга қадар сақланиб қолди.

ЎзР президенти И.Каримов 2005 йил 1 август куни «Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиш ҳақида»ги фармонга имзо чекди. Ушбу фармонга асосан, Ўзбекистонда ўлим жазоси 2008 йил 1 январдан бекор қилинади ва у бир умрлик қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Деярли 2,5 йилдан кейин кучга киритиладиган фармонга менинг танқидий муносабатим [15]-мақолада ёзилган.

Ўлим жазоси Ўзбекистонда 2008 йил 1 январдан бекор қилинди ва у бир умрлик қамоқ жазоси билан алмаштирилди.

Шу ерда машҳур француз адиби, мутафаккири, демократи, сиёсатчиси Виктор Гюгонинг (1802-1885) 1848 йил 15 сентябрь куни Парижда Франциянинг қонун чиқарувчи мажлиси (парламенти)да ўлим жазосини бекор қилиш ҳақида қилган маърузасини келтириб ўтишим ўринлидир. В.Гюго маърузасидаги «Франция» сўзини «Ўзбекистон» сўзи билан, «февраль» сўзини «1 сентябрь» сўзи билан фикран алмаштиринг. Шунда В.Гюгонинг ушбу маърузаси худди бугунги Ўзбекистон учун ёзилгандек, бугунги авлодимизга қарата айтилаётгандек бўлади (2-изоҳга қаранг).

«ЎЛИМ ЖАЗОСИ (1848 йил 15 сентябрь)

Барча масалалар ичида балким энг муҳими бўлган ушбу масала муҳокамага деярли тўсатдан қўйилаётганлигидан ва нотиқлар бунга тайёрланмаган ҳолда дуч этилганлигидан мен афсус қиламан.

Менга келганда, лўнда қилиб айтаман, лекин менинг сўзларим азалдан шаклланган теран, қатъий ишончимга боғлиқ бўлган туйғуларимга асослангандир.

Жаноблар, конституция, ва айниқса Францияда ва Франция учун яратилаётган конституция, тараққиёт (цивилизация) йўлидаги албатта янги қадам бўлиши шарт. Агар у тараққиёт йўлидаги янги қадам бўлмаса – у пучдир (ҳеч нимадир). (Хитоблар: «Жуда соз! Жуда соз!») Шундай қилиб, ўйлаб кўринг – ўлим жазосининг ўзи нима? Ўлим жазоси ваҳшийликнинг фарқланувчи ва мангу белгисидир. (Залда ҳаракатланиш.) Ўлим жазоси авжига чиққан ҳамма жойда ваҳшийлик ҳукмрондир; ўлим жазоси бўлган барча жойда – тараққиёт ҳукмрон бўлиши камёб ҳодисадир. (Залда кучли тўлқинланиш.)

Жаноблар, бунинг ҳаммаси – рад қилиб бўлмайдиган фактлардир. Жазо чорасини енгиллаштириш – катта ва жиддий тараққиётдир. 18-аср қийноқни бекор қилди ва бу унинг шон-шуҳратининг бир қисмини ташкил этади; 19-аср ўлим жазосини бекор қилади! (Қизғин маъқуллаш. Хитоблар: «Ҳа, ҳа!»)

Эҳтимол, сиз ўлим жазосини бугун бекор қилмассиз, лекин, хотиржам бўлинг, сиз уни эртага бекор қиласиз, ёки уни сизларнинг ворисларингиз бекор қилишади. (Хитоблар: «Биз уни бекор қиламиз!» Залда тўлқинланиш.)

Сиз ўз конституциянгиз кириш қисмини: «Худо юзи олдида» деган сўзлар билан бошлагансиз ва шу заҳотиёқ фақат Худога тегишли бўлган ҳуқуқни – ҳаёт ва ўлимни ҳадя этиш ҳуқуқини Худодан тортиб олишни истамоқдасизлар. (Хитоблар: «Жуда соз! Жуда соз!».)

Жаноблар, инсон измида бўлмаган, фақат Худо измида бўлган учта нарса бор: қайтарилмайдиган, тузатиб бўлмайдиган, бекор қилинмайдиган. Агар инсон уларни ўз қонунларига киритса, ўша инсоннинг ҳолига вой! (Залда тўлқинланиш). Эртами ёки кечми жамият унинг юки остида букилади: улар урф-одат ва қонунлар ўртасидаги зарурий мувозанатни бузади; улар инсоннинг одил судловини номутаносиб этадилар; ва натижада қуйидаги юз беради – жаноблар, бу ҳақда ўйлаб кўринг, - виждон қонун олдида даҳшат билан чекинади. (Залда кучли тўлқинланиш).

Мен фақат битта сўз, лекин менинг нуқтаи назаримдан, ҳал қилувчи сўзни айтиш учун минбарга кўтарилдим. Мана у, ўша сўз. (Хитоблар: «Эшитинглар! Эшитинглар!»).

Февралдан сўнг халқда буюк фикр етилди: халқ тахтни ёққан куннинг эртасига, у дорни ҳам ёқиш истагида эди. (Овозлар: «Жуда яхши!». Бошқа овозлар: «Жуда ёмон!»).

Ўшанда унинг ақлига таъсир этувчилар, мен бу ҳақда жуда афсус қиламан, унинг олижаноб кўнгли даражасигача кўтарила олмадилар. Бу улуғ ғояни амалга оширишда унга халақит бердилар.

Мана шундай! Сизлар овоз бераётган конституциянинг биринчи моддасида халқнинг биринчи орзусини амалга оширдиларингиз – сизлар тахтни ағдардиларингиз. Унинг бошқа орзусини ҳам амалга оширинглар – дорни ағдаринглар. (Чапдан қарсаклар. Ўнгдан эътирозлар.)

Мен ўлим жазосини тўлиқсинча, сўзсиз ва қатъий бекор қилиш учун овозимни бераман.» [16]

Қисқача тушунтириш: жиноятчига нисбатан ўлим жазосини бекор қилиш енгил жазо билан алмаштириш, деган гап эмас. Жаҳондаги демократик мамлакатларда одатда жиноятчига ўлим жазоси ўрнига 20 йилдан тортиб (масалан, Мексикада) умрининг охиригача қамоқда сақлаш жазоси берилади. Ҳар бир мамлакатда, айниқса имонли, эътиқодли Ўзбекистонимизда оғир жиноятларни содир этувчи жиноятчилар сони унчалик кўп эмаслигини ҳисобга олсак, у ҳолда Ватанимизда ўлим жазосини бир умрлик қамоқ жазоси билан алмаштириш учун имконият бор. Бунинг учун давлат томонидан қўриқлаш чора-тадбирлари замонавий даражада таъминланган алоҳида битта ёки иккита қамоқхона қуриш ва унинг амалий фаолиятини йўлга қўйиш талаб этилади, холос. Токи халқи, Ватани ва Аллоҳ олдида даҳшатли жиноят содир этган кимсалар умрининг охирги дақиқасигача ушбу жинояти учун афсус-надоматлар чекишлари ва Аллоҳ олдида тавба-тазарру қилишлари шарт!

Эслатиб ўтамиз: 1975 йилда Испания диктатори Франко вафот қилгач, 1977 йилда у ерда демократик сайловлар бўлиб ўтганди. Ўлим жазосини бекор қилиш масаласи жаҳонда биринчи бўлиб Испанияда 1978 йил 6 декабр куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида ҳал этилди. 1980 йилда Франсуа Миттеран Франция президенти бўлиб сайлангач, ўлим жазоси Францияда бекор қилинди [17].

2008 йил 1 январда Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилингач мамлакатимиз жаҳонда ўлим жазоси бекор қилинган 122 мамлакат сафига қўшилди [18].

Энди уч қисмдан иборат китобим, жумладан 1989-1990 йилларда Ўзбекистон «Бирлик» Халқ Ҳаракати фаоллари ўзбекистонлик аскарларнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя этганликларига доир воқеалар баёнига ўтаман.

ДАВОМИ БОР

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР

1. Рустам Ғойиповнинг Ҳақиқат қўшиғи. Андрей Малишко шеъри. Эркин Воҳидов таржимаси. - http://get-tune.net/?a=music&q=Haqiqat (www.get-tune.net ).

2. ВОҲИДОВ Э. Сайланма: 4 жилдли /Сўзбоши муаллифи: И.Ғафуров. – Т.: «Шарқ», 2000.

3. АҲМАДЖОНОВ Ш. «Бирлик»чилар, аскарлар тобутлари ва Орол денгизи муаммолари. - http://www.turonzamin.org/ddkitob/birlik.html (Китобнинг 1-нашрини компютерда териб китобча кўринишида 2004 йилда чоп этгандим. 2-нашри бўлмиш ушбу китоб www.turonzamin.org сайтининг “ДЎК китоблари” рукнида 2007 йил сентябрида чоп этилганди. Бир неча ойдан кейин 2007 йилнинг ўзида сайт раҳбари Жаҳонгир Маматов китобни сайтдан ўчириб ташлади. Бу номаъқул ишни махсус хизматлар қилди, деб айтганди. У 2012 йил феврал охирида www.turonzamin.org сайтидан 100 тага яқин мақолаларимни ўчириб ташлагач китобларимни ҳам унинг ўзи ўчирганини тушундим.)

4. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар: тўплам / Ўзбекча нашрининг масъул муҳаррири А.Х.Саидов. – Тошкент: «Адолат», 2004. – 520 б.

5. Ўзбекистоннинг янги тарихи. 3 та китоб/Тузувчи: Н.Жўраев, Т.Файзуллаев; Таҳрир ҳайъати: А.Азизхўжаев (Раис) ва бошқ. – Т.: Шарқ, 2000.

6. АҲМАДЖОНОВ Ш. Яқин тарихимизга назар. Ўзбекистон Озод Дехқонлар партиясининг асосчиси, профессор Олим Каримов – 80 ёшда. (Биринчи қисм: 1988-1993 йилларда Ўзбекистонда рўй берган баъзи бир тарихий воқеаларнинг проф. О.Каримов тақдири мисолида таҳлили). - http://www.turonzamin.org/jurnal2006/shuhrta_olimk_10106.html (www.turonzamin.org ARXIV 2006.01.01); http://www.turonzamin.org/jurnal2006/shuhrta_olimk_10106.html (www.turonzamin.org “Turonzamin” журнали, 2005 йил декабр, 12-сон).

7. АҲМАДЖОНОВ Ш. Саккиз аёл устидан сохта суд ва каминага бўлаётган тазйиқлар ҳақида. - http://turonzamin.org/2007/07/08/sakkiz-ayol-ustidan-soxta-sud-va-kaminaga-bolayotgan-tazyiqlar-haqida/#more-2146 (www.turonzamin.org 2007.08.07).

8. ЯКУБОВ Т. «Постоянный скандальный фон» в среде оппозиции и правозащитного движения в Узбекистане. В 4 частях (Ўзбекистон мухолифати ва инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш ҳаракати орасидаги «доимий жанжал шароити». 4 қисмдан иборат). –
Часть 1. - http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1176876540 (www.centrasia.ru 18.04.2007).
Часть 2. – http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1177012860 (www.centrasia.ru 20.04.2007).
Часть 3. – http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1177361400 (www.centrasia.ru 24.04.2007).
Часть 4. - http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1177881840 (www.centrasia.ru 30.04.2007).

9. ХУАРД СИНКОТА. Демократия нима дегани? (Whot is Democracy? Муаллиф: Howard Cincotta. Washington, D.C.: United States Information Agency, 1991.) (Таржимон: Ҳамидулла Кароматов. Дизайн: Барбара Морган. Иллюстрациялар: Роберт Бэнкс. Суратлар: Шери Жонсон.) – Америка Қўшма штатлари Ахборот бўлими, 1993. – 32 б.

10. Инсон ҳуқуқлари: Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт. Фуқаролик ҳуқуқлари ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Факультатив протокол. – Т.: Адолат, 1992. – 64 б.

11. САЛБИЕВ А. Пикетчик. - http://region15.ru/blogs/salbiev/2012/09/19/piketchik/ (www.region15.ru Блог Алана Салбиева, 19.09.2012)

12. «Озодлик» радиоси ўзбек тилидаги дастурларининг 2004 йил 17 февраль куни соат 22.00 даги эшиттиришида айтилган факт.

13. «Озодлик» радиоси ўзбек тилидаги дастурларининг 2001 йил 9 июль соат 18.00 даги эшиттиришида айтилган факт.

14. «Би-би-си» радиоси ўзбек хизмати дастурларининг 2004 йил 2 июнь соат 21.00 даги эшиттиришида айтилган факт.

15. АХМАДЖОНОВ Ш. Кто помрет раньше – ишак или падишах? Узбекские правозащитники комментируют последние указы (Қайсиси олдин ўлади – эшакми ёки подшоҳ? (Ўзбек инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари охирги фармонларни шарҳламоқдалар). - http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1124486580 (www.centrasia.ru 20.08.2005).

16. КЕДРОВ К. Высшая мера Виктора Гюго (Виктор Гюгонинг олий жазоси). – «Известия», 26 февраля 1992 г.

17. ЗАРИПОВА Р. Суд-ҳуқуқ тизимида янги босқич. – «Миллий тикланиш», 2007 йил 8 август, 32 (415)-сон.

18. ГУЛОМ МИРЗО. Во имя интересов человека. Ответы Председателя Верховного суда РУз Буритоша Мустафоева (Инсон манфаатлари йўлида. ЎзР Олий судининг раиси Бўритош Мустафоев жавоблари). – «Правда Востока», 2 августа 2007 года.

E-mail: jiz54@mail.ru

2018 йил 6 ноябр

АҚШ, Вашингтон шаҳри
Рубрики:  КНИГИ 2018 года
КИТОБ: "БИРЛИК"ЧИЛАР


 Страницы: [1]