-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 465
Комментариев: 9
Написано: 506


РУФАТ РИСҚИЕВ ТАҚДИРИ (ДАВОМИ 3)

Вторник, 06 Июня 2023 г. 02:50 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

РУФАТ РИСҚИЕВ ТАҚДИРИ (ДАВОМИ 3)

22. 1979: РУФАТ РИСҚИЕВ ҲАҚИДАГИ БАДИИЙ ФИЛЬМ

3839_f3d74780c4f6df77_max (438x543, 44Kb)
Фото 13. «Советский экран» киножурнали муқовасида «Рингга чорлашмоқда ...” бадиий филмидан чоп этилган сурат. [3]

1979 йилда режиссëр Эдуард Хачатуров «Рингга чорлашмоқда ...” бадиий филмини суратга олди.

«НА РИНГ ВЫЗЫВАЕТСЯ. . .» («РИНГГА ЧОРЛАШМОҚДА ...»), СССР, Ўзбекфильм, 1979, рангли, 94 дақиқа. Спорт драмаси.

Руфат Қудратов ҳақида, унинг муваффақият, ғалаба ва боксчи машҳурлиги сари қийин йўли ҳақидадир. Бош ролда хизмат кўрсатган спорт устаси Руфат Рисқиев суратга тушган.

Ролларда: Руфат Рисқиев, Обиджон Юнусов, Бакен Кидикеева, Игор Ледогоров, Эдуард Павулс, Мурад Раджабов, Шухрат Иргашев, Фарида Муминова, Майя Эглите, (Абдрашит Абдрахманов, А.Ш.).

Режиссер: Эдуард Хачатуров. Сценарий муаллифи: Андрей Бородин. Оператор: Александр Панн. Постановкачи рассом: Нариман Рахимбаев. Композитор: Румиль Вильданов. Овоз режиссери: Евгений Шацкий.

Фрунзе-81 Спорт фильмларининг Бутуниттифоқ кинофестивалида эркак роли учун диплом (Р.Рискиев)» [57]

«Ватанимиз киномотографиясида «Рингга чорлашмоқда ...” бадиий филми эътиборли воқеа бўлган эди. Экранда маҳалладан келган боланинг бироз чиройлироқ қилинган ҳаёти акс этган. У аста-секин моҳир боксчига айланади ва чемпион бўлади ... Ҳаммаси Рисқиев ҳаётидагидек, лекин сал-сал “чиройлироқ”. Бош ролга Руфат Рисқиевнинг ўзи таклиф этилди. Филм муваффақиятли бўлди, Фрунзе (Бишкек, А.Ш.) шаҳридаги спорт фильмлари кинофестивалида 1980 йилда иккинчи ўринни эгаллади. Фестивал ҳакамлар ҳайъати энг яхши эркак ролини ижро этганлиги учун мукофотни бир овоздан Руфат Рисқиевга топширди. Руфат яна бир нечта (иккита, А.Ш.) фильмда суратга тушгач, ўзи учун ёт бўлган кино оламини тарк этди» [58]

«Рингга чорлашмоқда» номли ўзбек филми Абдрашит Абдрахманов ҳаётида навбатдаги филм бўлди. У унда рингдаги кўп йиллик рақиби бўлмиш бокс бўйича дунёнинг биринчи ўзбек чемпиони Руфат Рисқиев билан бирга ўйнади. У ҳаётда Абдрахмановга доимо ютқазарди, ва унинг кўнглидаги орзуси – уни нокаут қилиш – кинода амалга ошди: Рашит телбароқ боксчи ролини ўйнади, Рисқиев қаҳрамони унинг билан бўлган жангни енгади» [59]

2023 йил 24 май куни ушбу филмнинг www.yotube.com сайтидаги иккита манзилини [60]-да ёздим.

23. 1988: РУФАТ РИСҚИЕВ ҲАҚИДАГИ ҲУЖЖАТЛИ ФИЛЬМ

«Кейинчалик ўзбек кинематографчиларининг “Рингга энди чорлашмаяпти” деб номланган ҳужжатли филми ҳам чиқди.

Бу филм СССР халқлари спартакиадасининг икки карра чемпиони, Совет Иттифоқининг тўрт карра чемпиони, жаҳон чемпиони ва Олимпиада ўйинлари кумуш медал соҳиби Руфат Рисқиевнинг чемпионлик йилларидан кейинги муаммолари, шахсий ҳаëтидаги омадсизликлари ҳақида ҳикоя қилади...» [3]

“Рингга энди чорлашмаяпти” ҳужжатли филмнинг манзилини [61]-да ёздим.

24. 1997: ПРОФЕССИОНАЛ БОКС БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ТОИФАДАГИ ҲАКАМ

“1997 йил 2 октябрда WBA (Жаҳон бокс ассоциацияси) президенти Ўзбекистон профессионал бокс вакилларига бизнинг федерация Жаҳон бокс ассоциациясига ҳақиқий ва доимий аъзо бўлганлигини тасдиқловчи сертификатни тақдим этди. Руфат Рисқиев WBA ҳакамлар бўлими таркибига кирди ва Марказий Осиё мамлакатларидан профессионал бокс бўйича биринчи халқаро тоифадаги ҳакам бўлди” [2]

25. 1999: «ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИ» ОРДЕНИ

“Руфат Рисқиев (Совет Иттифоқининг) “Ҳурмат белгиси” ордени, (Мустақил Ўзбекистоннинг) “Буюк зизмати учун”, «Эл-юрт хурмати» ордени соҳиби.” [20]
RUFATfot15 (640x448, 66Kb)
Фото 13. Ўзбекистон Президенти Ислам Каримов (1938-2016) Руфат Рисқиевга «Эл-юрт ҳурмати» орденини топширмоқда. 1999 йил. Тошкент. [20]

26. 2004: ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ҲАКАМЛИК

«Қозоғистонга Руфат Рисқиев кўпдан бери келмаганди. Яқинда – 2004 йил 23 октябрда Руфат Рисқиев Қарағандада бўлиб ўтган профессионал бокс кечасига ташриф буюрди. У Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва славян мамлакатлари чемпиони бўлиш учун қозоғистонлик Андрей Еськин ва белоруслик Дмитрий Кашкан ўртасидаги унвонли олишувга ҳакамлик қилди.

Қарағанда томошабинлари Ўзбекистондан келган афсонавий меҳмонни ғоят завқланиб қарши олдилар. Кеча ташкилотчилари Руфат Рисқиев имзоси қўйилган бокс қўлқопига ҳатто ким ошар савдони ташкил этишди. Тошкент йўлбарси имзоси қўйилган қўлқопни 70 минг тангага сотиб олишди (ўшанда 1 АҚШ доллари тахминан 125 тангага тенг эди, А.Ш.) ... Қозоғистонда Рисқиевни эслашади ва яхши кўришади» [62]

27. 2008: БИ-БИ-СИ РАДИОСИГА ИНТЕРВЮ

Руфат Рисқиев 2008 йил 21 июл куни Би-би-си радиосига интервю берди. Шундан айрим муҳим маълумотларни келтираман.

“Мен ҳозир (2008 йилда, А.Ш.) бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасида маслаҳатчиман. Мисол учун, мен таниқли боксчи Руслан Чагаевга зарба беришни ўргатганман. Зарба бериш техникасини яхши эгаллагани учун Америкада “Оқ Тайсон” лақабини олган. Кейин Рустам Саидовга ҳам зарба беришни ўргатганман. Яъни, мен техник, тактик жиҳатларини ўргатиб, бокснинг олий мактабидан сабоқ беришим мумкин. Руслан Чагаевни бемалол шогирдим деб айта оламан. Мен ҳозир кўраяпман, негадир хатолари кўп. Энди нимагадир олдимга келмаяпти, ҳа, майли, омадини берсин. Олдин буни ҳамма тренерлар билишарди деб ўйлардим, менинг билишимча, улар билишмас экан» [10]

“Би-би-си: Руфат ака, боксда олган жароҳатларингиз ортидан ҳозир соғлиғингиз қандай? Чунки соғлиғингизнинг анча ёмонлашиб қолганига оид хабарлар ҳам чоп этилганди...

Руфат Рисқиев: Ҳозир, Худога шукр, соғлиғим анча яхши. Махсус курсга борганимдан кейин ўзимни жуда яхши ҳис эта бошладим. 102 кг эдим, бир ойнинг ичида 84 килога тушдим. Икки марта, 10 кундан бўлдим-да. Бир ойнинг ичида 18 килога оздим. Бошқа томондан, кўзим ҳам яхши кўрадиган бўлди. Ойижоним “Болам овқат егин, болам овқат егин,” деб яна семиртирдилар. Ҳозир 92 киломан. Соғлиғимдан нолимайман. Лекин барибир курсга бориб туриш керак. Ёрдами кўп экан.

Би-би-си: Шерзоджон яна, "Руфат ака, оилангиз, фарзандларингиз борми? Улар ҳам боксчими?" деб сўраганлар. Марҳамат, Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Худога шукр, оилам ҳам бор, фарзандларим ҳам бор. Иккита асраб олган қизим ҳам бор. Ҳаммаси бўлиб, 8 та неварам, 3 та эварам бор. Энди, фарзандларим кўп. Ростини айтсам, ёшлигимда сал шўхроқ эдим. Болаларим кўпроқ бўлган. Ҳаммаси бокс тўгарагига борган. Аммо табиат фарзандларда дам олади-да....Невараларимдан боксчи чиқиши мумкин, аммо менинг организмим чарчаган бўлгани учун бу болаларимга ҳам ўтган. Уларда ўша чарчоқ қолган» [11]

«Би-би-си: Руфат ака, ҳеч боксчи бўлганингиздан афсус чекканмисиз?

Руфат Рисқиев: Йўғ-эй! Ўзи, Худога шукр, спортни жуда яхши кўрардим, айниқса боксни. Шу спорт орқали элга танилдим. Ўзбекистоннинг шарафини кўтардим, шунча киши фахрланган, боксчилигим орқали кўп болаларга ёрдам берган эканман. Шунинг учун ҳам боксчи бўлганимдан фахрланаман!” [11]

“Би-би-си: Буюк Британиядан савол йўллаган Маҳмуджон эса, авваламбор сиздек ватандошимиз борлигидан фахрланишини билдириб, ҳозирги пайтда Ўзбекистон ҳукумати томонидан қандай моддий ёрдам олишингиз билан сўрабди. Марҳамат, Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Жуда катта моддий ёрдам оламан. Яъни 51 минг сўм нафақа оламан. Буни энди АҚШ долларига чаққанда 42-43$ бўлади.

Би-би-си: Мана, сиз таниқли фахрий боксчисиз. Газ, электр токи ва сув ҳақларини тўлашда сизда бирор бир имтиёз борми?

Руфат Рисқиев: Йўқ, йўқ. Ҳаммаси ўша-ўша, эл қатори тўлайман. Терма жамоада маслаҳатчи бўлиб ишлаганим учун менга 150.000 сўм беришлари керак. Бироқ ярим йилдан буён ўшани ҳам тўлаётгани йўқ» [11]

“Би-би-си: Сизга сўнгги саволимиз Англиядан, Иброҳимжондан. Муштариймиз, "Руфат ака, ҳаётингизда энг қадрли нарса нима?" деб сўраган. Марҳамат Руфат ака:

Руфат Рисқиев: Энг қадрли нарса – менинг ойижоним. Тўғри, оилам бор, уй-жойим бор, улар у ёқда яшашади, мен эса, бу ерда, ойижоним билан. Хотин топилади, бироқ ойижоним топилмайди, деганман. Ойижоним битта» [11]

28. 2011: МУҲТОЖЛИК

Энди www.uznews.net сайтида рус тилида 2011 йил 15 август куни чоп этилган [3]-мақоладан муҳим маълумотларни келтираман. Ушбу мақоланинг ўзбек тилидаги [4]-мақола кўринишидаги таржимаси тўлиқ бўлмаганлиги сабабли мен рус тилидаги матнни тўлиқроқ таржима қилиб келтирдим.

“Ногиронликнинг бекор қилиниши ва терма жамоа раҳбарияти билан келишмовчиликлар бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев ҳаëтини “оғир нуқтага” келтириб қўймоқда.

Ўзбекистонда 2011 йил 1 августдан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар 15 фоизга оширилганидан кейин 62 яшар собиқ жаҳон чемпионининг пенсияси атиги 82 800 сўмни ëки “қора бозор” курси бўйича 33 АҚШ долларини ташкил этади» [3]

«Афсонавий спортчининг иқрорликларига кўра, яқинда республикада у мансуб бўлган учинчи гуруҳ ногиронлиги йўқ қилингандан кейин Рисқиевнинг ҳаëти ғарибликда қолди.

У 27 ëшида, 1976 йилда Монреалдаги Олимпиададан кейин ногирон бўлган. Бунинг устига йил ўтган сайин профессионал касб ва ëш билан боғлиқ касалликлар (тромбофлебит (вена қон томири деворининг шамоллаши ва лахта (тромб) шаклланиши оқибатида қон томири йўлининг тўсилиши, А.Ш.), бўғимлар оғриғи, кўксув (глаукома)) ўзини билдира бошлаган. Спортчининг сўзларига кўра, бунга анча маблағ зарур бўлган.

Бу ҳақда Рисқиевнинг яқинлари ва дўстлари айтишмоқда. Улар ҳозир Рисқиевнинг иккала оëғидаги лахталарни олиб ташлашдек қимматли ва мураккаб операция ва ўнг кўзидаги гавҳарни алмаштириш учун пул йиғиш ҳаракатини қилишмоқда.

Рисқиевнинг чап кўзидаги муаммо сақланиб қолмоқда, унга ҳам шу каби операция талаб этилади, бу қанчалик эрта бўлса, шунчалик яхши, дейишмоқда улар.

Республика бокс терма жамоасида маслаҳатчи бўлиб ишлаган собиқ чемпионнинг таъкидлашича, яқин кунларгача ҳар ойда Спорт қўмитаси томонидан ажратилган 140 минг сўм миқдоридаги стипендияни олиб келган.

Мана уч йилдирки у бу стипендияни олмаяпти. Руфат Рисқиев “Афсуски, ринг қонуни - ҳалол (тенг алпозда) жанг қилиш ҳаëтда ишламаётир” дейиш билан чекланиб, сабабини айтишдан бош тортаяпти» [3]

«2008 йилда Пекинда ўтган Олимпиада ўйинларида бокс бўйича Ўзбекистон жамоаси шармандали учинчи ўнликка кирган бўлишига қарамасдан, бу одам ўз курсисида қолди.

“Уч йил олдин содир бўлган нохуш ҳодиса сабаби шундаки, Худойбердиев Руфат акага уч ойлик стипендияни тўлашдан бош тортган, дея давом этади Спорт қўмитаси ходими, - у айрим шароитлар сабабли ўз вақтида ола олмади, - фақат бир ойга”.

Бу ҳақда билгач Рисқиев қатъий равишда пулдан воз кечган ва эшикни шартта ëпиб чиқиб кетган...” [3]

“Собиқ чемпионнинг сўзларига кўра, уни шогирдлари ва дўстлари унутишмаяпти. Улар орасида энг таниқлиларидан бири ўзбек боксининг бош раҳбари, бир неча йилдан бери Ўзбекистон ташқарисида яшаётган жиноят оламида нуфузли шахс (криминал авторитет) Ғафур Раҳимовдир.

“Мен бу одамдан жуда ҳам миннатдорман. Биз у билан болаликдан дўстмиз. Менинг онам Тўрахон опа ва Ғафурнинг онаси Муяссар опа ҳам дўст бўлишган”, дейди Рисқиев.

Агар Ғафур бўлмаганида, бундай юқори чўққига эришган профессионал спортчи бўла олмас эдим, дея ҳисоблайди ўзбек бокси афсонаси. Раҳимов бугунги кунда ҳам уни моддий ва маънавий қўллаб-қувватламоқда.

Рисқиевни имкон даражасида қўллаëтганлар орасида кураш федерацияси раҳбарлик қилаётган ўзбек мафиясининг бошқа корчалони Салим Абдувалиев, шунингдек Бокс федерацияси вице-президенти Алишер Каримовлар бор.

Рисқиев 1967 йилда СССР мактаб ўқувчилари ўртасидаги спартакиадада Абдувалиев билан бир сафда бўлган. У ўшанда СССР мактаб ўқувчилари Спартакиадасида ўз мамлакати байроғини ғурур билан кўтариб борган” [3]

29. 2012: ПЕНСИЯ

Фаол фуқаролар Руфат Рисқиев ҳаётига доир тегишли ҳужжатларни йиғиш билан шуғулланиб, унинг пенсияси қайта кўриб чиқилишига ва унга 2012 йил октябр ойидан бошлаб деярли 90 АҚШ долларига тенг миқдорда пенсия берилишига эришдилар. Бу ҳақда [63]-мақолада ёзилган.

“Бокс бўйича собиқ дунё чемпиони Руфат Рисқиев 2012 йил октябрдан бошлаб оширилган пенсия олмоқда, бу олдингисидан деярли уч баробар кўп, - бу 90 АҚШ долларига тенг.

Бугунги кунда (2012 йилда) таниқли ўзбек спортчисининг пенсияси 238.800 сўм (“қора бозор” курси бўйича тахминан 90 доллар) бўлди, 2011 йил августида бу 82 800 сўм эди.

63 ёшли Рисқиев пенсиясини қайта кўриб чиқилишига, деярли ярим йил давомида зарур ҳужжатларни йиғиш билан шуғулланган фуқаролик фаолларининг саъй ҳаракати билан эришилди.

Бироқ Рисқиевнинг ҳатто оширилган пенсияси ҳозирги пайтда кўпчилик оддий фуқароларнинг нафақаларидан ўртача икки баравар камдир” [63]

“Яқинда даволовчи врачлар таклифига кўра Руфат Рисқиев стационарда навбатдаги кўрикдан ўтди. Шифокорлар сўзларига кўра, собиқ спортчи жиддий даволанишга муҳтож.

Тўртта жиддий жарроҳлик амалиётини кечирган собиқ чемпион қатор клиник кўрик ва муолажалар сериясидан сўнг иккинчи гуруҳ ногиронлигини расмийлаштириш учун мажбурий тартибда ВТЭК идорасига мурожаат қилиши керак бўлади, бу ҳам оз бўлсада, ҳарна моддий ёрдамдир” [63]

30. 2013: КРАСНИЦКИЙ ВА РИСҚИЕВ

RUFATfot12 (246x300, 28Kb)
Фото 14. Геннадий Красницкий (1940-1988). [64]

Руфат Рисқиевнинг 2011-2013 йиллардаги қийинчиликлари, муҳтожликлари ҳамда аҳволини ҳисобга олиб, мен 2013 йилдаги мақолам охирида Ўзбекистоннинг яна бир машҳур фарзанди футболчи Геннадий Красницкийнинг аянчли тақдири билан солиштириб айрим хулосалар ва таклифларимни ёзгандим. Фуйида ўша параграфни деярли ўзгаришсиз келтирмоқдаман.

“Геннадий Александрович Красницкий (1940 йил 27 август, Тошкент, Ўзбекистон ССР, СССР – 1988 йил 12 июн, Қўрғонтепа, Тожикистон ССР, СССР) – совет футболчиси, мураббий. Аввал Тошкентнинг “Пахтакор” клубида ҳужумчи. СССР спорт устаси (1961).

Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси таркибида қатнашган, унда 13 мавсум ўйнаган, 300 та ўйин ўтказган, 200 дан ортиқ тўп киритган. СССР терма жамоаси таркибида 3 та ўйин ўтказган, 1 та гол урган.

Жуда қаттиқ “замбарак” зарбаси билан ажралиб турарди.

«Пахтакор» Тошкент жамоасининг мураббийи бўлиб ишлаган. Бош мураббий А.Башашкин эгаллаган мансабидан озод қилингач, 1976 йилда бош мураббий вазифаси Красницкийга юклатилди. “Пахтакор” биринчи даврани иккинчи ўринда якунлади ва Бакунинг “Нефтчи” жамоасидан кейинги ўринда эди (СССР 1-лигаси, А.Ш.). Лекин финишда яна “Қайрат” жамоасини ўтказиб юборди ва олий лигага қайтиш вазифасини бажара олмади. Шу сабабли Красницкий ишдан ҳайдалди. Шундан сўнг “Янгиер” ва Жиззахнинг “Звезда” (“Юлдуз”) жамоасига бош мураббий бўлиб ишлади.

1986-87 йилларда - Республика Кўнгилли физкультура-спорт жамияти касаба уюшмасининг футбол бўлими бошлиғи.

Красницкий ўз ҳолатини ўзгартиришга ҳаракат қилди, лекин раҳбарият унинг ойлигини кўтариш ва мансабини оширишни рад этди. У Ўзбекистон чемпионатида инспектор-ҳакам даражасига туширилди.

У Қўрғонтепага ўйинни инспекция (кузатиш) қилиш учун борганида меҳмонхонанинг учинчи қаватидан сакраш орқали ўзини ўзи ўлдирди.

Вафотидан кейин (2006 йил 25 майда) “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Тошкентда спорт-соғломлаштириш мажмуаси унинг номи билан аталади.

Григорий Федотов клуби аъзоси: 113 та гол” [64]

Геннадий Красницкий Ўзбекистоннинг 20-асрдаги энг яхши футболчиси деб тан олинган. [65]

Эътибор беринг: амалдорлар Геннадий Красницкийнинг амали ва ойлигини пасайтириш орқали унинг нафсониятига тегишган, пастга уришга ҳаракат қилишган. Бундай ҳурматсизлик унинг ҳаётида бир неча марта бўлган. Красницкийнинг ён-атрофидаги ватандошларимиз, айниқса зиёлиларимиз бироз бехабар қолишган. Красницкийдек мард йигитнинг ҳурматини жойига қўйиш, доимо ундан хабар олиш, тўй-маъракаларга таклиф қилиб давраларга чорлаш ўринли эди. У ёлғизланиб қолган ва бу ҳаётни тарк этишга қарор қилган.

Мен Геннадий Красницкийнинг ўзини ўзи ўлдиришини оқламайман. Лекин сабабини билгач, бундай ҳолат бошқа машҳур фарзандларимиз билан такрорланмаслиги чоралари устида ўйлаб кўрсак яхши бўлади.

Геннадий Красницкий тақдиридан келиб чиқиб, биз Руфат ака Рисқиев тақдирига бефарқ бўлмаслигимиз керак. Мен 27-параграфда Худойбердиевдек амалдор атайлаб қўпол муомала орқали Руфат Рисқиевни уч йил (!) давомида стипендиясиз қолдиргани ҳақида ёзгандим.

Агар бунинг устига Руфат аканинг жароҳатлари борлиги ва қийнаётганини ҳисобга олсак, унга руҳан ва жисмонан қийин эканлигини тушунамиз.

Мана шу ҳолатлардан келиб чиқиб биз – ватандошлар Руфат акадек мард йигитларимиз ҳурматини жойига қўйишимиз, доимо ундан хабар олишимиз, тўй-маъракаларга таклиф қилиб давраларга чорлашимиз, имкониятимиз доирасида молиявий ва маънавий қўллаб-қувватлашимиз ўринлидир.

Бундай ишларимиз буюк Ислом динимизда савоб ишлар қаторига киради. Савоб ишларни кўп ҳам ҳўп қилган мусулмон банда Аллоҳ раҳмати туфайли жаннати бўлиши аёндир.

31. 2013: МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ

Мен 2013 йилда Руфат Рисқиевдек машҳур ва мард ватандошимизга имкониятимиз доирасида молиявий ва маънавий қўллаб-қувватлашга чақириб ўзим четда қолишни эп кўрмадим.

Мен ва Канаданинг Кембридж шаҳрида қочқин бўлиб яшаётган шоир ва ёзувчи Холдор Вулқон 2013 йил 20 март куни Money Gram орқали Тошкентга Руфат Рисқиев номига 300 (уч юз) доллар ёрдам пулини жўнатдик. Лекин Руфат акага юборилган пул кодини хабар қилиш учун унинг телефон рақамини аниқлаштира олмадим.

Мен Ўзбекистон Бокс федерацияси раҳбарияти телефони (998-71-245-7015)га бир неча марта қўнғироқ қилдим. Лекин боғлана олмадим. Мен Руфат аканинг телефон рақамлари йўқлиги сабабли хабар бера олмаётганим ҳақида 2013 йилда бир нечта мақолаларимда ёздим. Шу сабабли 2013 йилдаги мақолам охирида P.S.да 300 доллар ҳақида ёзиб, қуйидаги илтимосимни қўшдим

“(2013) Агар кимнинг имконияти бўлса, Руфат ака телефон рақамини менинг электрон почтамга ёзиб юборсин. Бу ҳақда ушбу мақола пастида постинг қилиб ёзиб қўйса яхши бўларди. Олдиндан миннатдорчилик билдираман”

Руфат аканинг яқин таниши Данияр Нуралиев 2015 йил 25 март куни менинг jiz54@mail.ru почтамга ёзган хатида Руфат аканинг телефон рақамларини жўнатибди. Мен ушбу телефонга қўнғироқ қилиб, Руфат ака билан гаплашдим ва унга пул жўнатмаси ҳақида айтдим. Бир неча кундан кейин Руфат ака ушбу пулни олгани ҳақидаги хабар келди. Илтимос, ушбу маълумотимни миннат деб тушунилмасин. Бу 2013 йилда Вашингтон шаҳридан юборилган пул Руфат акага 2015 йилда етиб боргани ҳақидаги қўшимча маълумотдир, холос.

ДАВОМИ БОР
Рубрики:  ПРАВОЗАЩИТА
2023 YILGI MAQOLALARIM
SPORT

 

Добавить комментарий:
Текст комментария: смайлики

Проверка орфографии: (найти ошибки)

Прикрепить картинку:

 Переводить URL в ссылку
 Подписаться на комментарии
 Подписать картинку