-Рубрики

 -Поиск по дневнику

Поиск сообщений в Турон_Шухратжони

 -Подписка по e-mail

 

 -Постоянные читатели

 -Статистика

Статистика LiveInternet.ru: показано количество хитов и посетителей
Создан: 06.02.2012
Записей: 452
Комментариев: 9
Написано: 493


РУФАТ РИСҚИЕВ ТАҚДИРИ (ДАВОМИ 2)

Вторник, 06 Июня 2023 г. 02:30 + в цитатник
Шуҳратжон АҲМАДЖОНОВ

РУФАТ РИСҚИЕВ ТАҚДИРИ (ДАВОМИ 2)

20. ЁЗУВЧИ НУСРАТ РАҲМАТ ХАТОСИ

Йиллар ўтиши билан машҳур ватандошимиз боксчи Руфат Рисқиев ҳақида хато ахборот ёзадиганлар пайдо бўлмоқда. Мен ушбу мақоламда бугунги кунда 82 ёшга яқинлашган публицист, ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳмат (1941) ёзган «Фарзандга ўгитлар» номли 64 бетлик китобида Руфат Рисқиев ҳақидаги жиддий хатосини ўқувчиларимизга таҳлил қилиб бермоқчиман. У ушбу китобни 1990-йиллар охирида нашр эттирди. Муаллиф ўтган вақт оралиғида мухлислар билдирган кўплаб таклиф-мулоҳазаларни ҳисобга олиб, 2002 йилда китобнинг учинчи нашрини [43], 2010 йилда эса китобнинг тўлдирилган бешинчи нашрини чоп эттирди [44].

Нусрат Раҳмат ёшларимизга мўлжалланган насиҳатнома китоб ёзганига менинг ҳеч бир эътирозим йўқ. Фақат китобда машҳур ватандош боксчимиз Руфат Рисқиев ҳақида хато маълумотларга асосланиб ёзганига қаршиман. Аввалига Нусрат ака ёзган матнни [44]-китоб бошланишидаги “Навқиронлик ва навжувонлик хусусида” деб номланган параграфдан келтириб ўтай.

“Эй азамат ўғлим, меҳрибон қизим!

Мана, сизлар ўн саккиз ёшнинг эшигини қоқяпсизлар. Шу дамгача бақамти ўтириб, босиқлик билан сизларга насиҳат берганимни хотирлолмайман. Дашном бердим, койидим, уришдим, чунки бола едиларинг-да у пайтда. Энди насиҳатга ўтсам бўлар. Ўгитнинг қадрига борадиган ёшга этдиларинг. Узоқ йиллар — камида менинг ёшимга етгунча панду насиҳат тинглашларингга тўғри келади.
Илк ўгитим, насиҳатга нисбатан ҳеч қачон беписанд ва бепарво бўлманглар; ёши ва мартабаси ўзларингдан улуғлар, доноларнинг пандларига шарқона бир эҳтиром билан қулоқ тутишга одатланинглар. Ўқиш билан уқиш ўзга бўлгани янглиғ, тинглаш билан англаш ҳам ғайри тушунчалардир. Деҳқон не- не меҳнатлар ила сомон орасидан донни ажратиб олганидек, яхшиларнинг маслаҳатларидан энг зарурларини топиб олиш ва ҳаётга тадбиқ этиш пайида бўлинглар.

Эй ўғлим! Йигитчиликнинг талай таомиллари борки, уларга амал қилмоқ умр йўлини белгилаб олмоқ демакдир. Энг зукко ва маъруф одам ҳам, айниқса, навқиронлик палласида талайгина нуқсонларга, бемаъни майлларга йўл қўяди. Жамият буни ҳис қилади ва баркамол бўғин нуқсонларини авф этади. Лекин камчиликларини, энг аввало, ҳаётга қадам қўйган кимсанинг ўзи чуқуррок ҳис этмас ва сабоқ чиқармас экан, охир-оқибат гумроҳликка йўл қўйиши муқаррар!
Ёшликнинг тағин бир муҳим шарти, унинг ўткинчи эканлигини эътироф этмоқликдир. Навқиронлик йиллари сени тез тарк етиб, доғда қолдиришини унутмаслигинг керак.

ҲИКОЯТ

Муштлашиш бўйича жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Руфъат Рисқиев ҳар гал рингга чиққанида зал қарсак ва ҳайқиришлардан ёрилгудай бўлиб кетарди. Унинг мансур ва мағрур қоматини ҳатто экранда кўриш ҳам дилимизга завқу шавқ ато этарди.

Руфъат бу эҳтирому шарифликка осонликча эришмаганди, албатта.

Ўн йиллар давомида не-не қалтис майдонларга тушиб, довруғи оламга кетган баҳодирларни ҳолдан тойдиргани, ҳар гал мақсад йўлида улкан сабот билан курашгани эвазига шундай эҳтиром эгаси бўлганди у. Ҳа, бу йигитнинг муштлашишини томоша қилиш мароқли, ҳаяжонли эди. Даврага тушганда, ортиқча эҳтиросга берилмас, ҳудудсиз олқишлар, унга тикилган фото ва телекамераларга бепарвогина қарарди. Биринчи раунддаёқ рўпарасидаги рақибнинг ожиз ўринларини илғаб олар, сўнг бирин-кетин сабот ва шиддат билан мушт туширар-ди. Унинг мўлжали аниқ, зарбалари ларзакор бўларди ҳар гал. Бундан ман-ман деган ғаним ҳам гангиб қолар, ўзини қайта тиклашга имкон тополмасди.

Ҳар бир раунд бетакрор спектаклни эслатарди. Яна ҳам рамзийроқ қилиб айтсам, биринчи раунд комедияга, иккинчиси драмага, учинчиси фожеага ўхшарди. Дастлабки дақиқаларда Руфъат ринг бўйлаб шундай ҳамоҳанг ҳаракатлар қилардики, йигит рақсига ўҳшаб кетарди у. Орқага, ёнга қараб чекиниши; боши, элкасини кўз илғамас шиддат билан олиб қочиши, рақибига имконлар бериб, тағин уни ҳолдан тойдиришини кузатиш мароқли эди. Иккинчи раундда вазият ўзгача тус оларди: Руфъат босиқлиқ, ишонч билан ҳужумга ўтарди. Кутилмаганда унинг чўқмор муштлари рақибни гандираклатиб ташларди. Одатда ўйин тақдири ана шу раундда ҳал бўларди, лекин Руфъат зоҳирий бир мардлик билан рақибини авайлар ва учинчи учрашувга ҳам ўрин қолдирарди. Оҳирги раунд эса кўп ҳолларда поёнига етмаёқ рақиб қўлини кўтарарди.

Кинорежиссёрларимиз унинг баҳодир қоматини қайта–қайта суратга олишар, шоирларимиз уни миллатнинг фахри деб мадҳ этишарди. Машраб Бобоевнинг Руфъатга бағишланган "Юрак" деган шеърини ёдлаб юборгандик.

Мен асли қўлга шеър битишим керак....
Қорачўғимда — олис Гавана.
Кўксимиз — ринг.
Асаб системамиз,—
Юксак волтли электр тармоғи.
Симлар-ку салқиндан таранглашади,
Асабимиз симлари эса!—
Юксак ҳароратдан таранг.
Шу қадар тарангки,
Салгина хатога йўл қўйилса — бас!
Катта ёнғин чиқиб кетади.

Мен асли қўлга шеър битишим керак...

Кўксимиз — ринг,
Рингда жанг борар.
Жанг қуроли — мушт.
Лекин мушт муштдай бўлмаса:
Бош бармоқда новокаин;
Ўрта бармоқда новокаин;
Холис бармоқда...
Чимчалоқда...
Энди бунинг аҳамияти йўқ...
Мушт — мушт эмас,
Поролон қўлпоқ бўлса...
Унда нима билан жанг қилинади?

Мен асли қўлга шеър битишим керак....
Лекин қўлда соғлом мушт бўлмаса,
Нима билан жанг қилади боксчи?
Нима билан енгади рақибини?
Нима билан?

Мен асли қ¢лга шеър битишим керак...

Лекин ана...
Муштдайгина бир нарса жанг қилмоқда
Шу муштдайгина нарса туфайли
Поролондай юмшоқ мушт
Чўқморга айланган.

Мен гарчи қўлга шеър битишим керак,

Лекин юракка атадим шеърни
Чунки асосий гап — юракда.
Чунки ҳамма гап — юракда!

Аммо...
Надоматлар бўлсинким...

Бу нохуш ҳол бир неча йил муқаддам АҚШда рўй берди. Паҳлавонимиз бу гал ана шу мамлакат чемпиони Стивенсон билан майдонга тушди. Америка бор овоз билан ҳайқириб, ўз чемпионини олқишларди, байроқлар ҳавода бетиним селпинар; прожекторлар, обективлар батамом кураш майдонига қаратилганди.

Мен Стивенсонни кўрдим-у, унга зоҳиран ачиндим, чунки у Руфъатга нисбатан ёш ва жуссасиз эди. Жаҳон чемпиони бояқишни бир зарб билан мажруҳ қилиб ташлайдигандай эди назаримда.

"Бокс!" ҳитоб қилди ҳакам.
"Ё, Жамшид!" илтижо қилиб қолдик биз.

Ғалабага ташна рақиблар бир-бирларига ташланишди. Муштлашиш таомилларини сув қилиб ичган ҳамзаминимиз ўзига хос босиқлик билан мушт тушира бошлади. Йўқ, у дастлаб чекинган бўлиб, одатига кўра рақибига имкон берди, душман қалъанинг омонат жойларини излагандек, унинг ожиз томонларини " пайпаслаб" кўрди.

Ҳа, Стивенсон аксарият ёшлардек қизиққон ва тажрибасиз эди. У ўзини аямай жаҳон чемпионига ташланар, лекин бунинг эвазига мушт егани қоларди. Шўрлик шундай шошқалоқлик қилардики, кўп ҳолларда Руфъатни қучоқлаб олар ва улар шу тариқа ҳам бир-бирларини дўппослашар; судя уларни бир азобда ажратиб қўярди.

Биринчи зангдан сўнг Руфъатга таъриф беришди.
"Жаҳон чемпиони, тўрт марта мамлакат чемпиони, олий даражадаги фалон ва фалон муштлашишларнинг мутлақ ғолиби".

"Бокс!"

Рақиблар жамики қувват ва ғазабларини темир муштларига тўплаб, ҳамлага ўтдилар. Тағин қий-чув, ҳаяжонлар... Стивенсон дегани эса негадир биз интиқ бўлиб кутгандай чекинмас, узала тушиб йиқилмас, баръакс тағин ҳам шиддатлироқ бўлиб, оҳудай сакрар, чақиндай ялтирарди. Руфъатнинг муштлари падарқусурни ҳолдан тойдириш ўрнига унга куч-қувват ато этаёттанга ўхшаб кетар ва бундан биз дилтанг-у дилғаш бўлардик.

Океан ортидаги қитъа ҳамовоз ва ҳамдард бўлиб бақиришни авж олдирар, Стивенсонни олқишларди. Йўқ, Руфъат ҳам ёлғиз эмасди: бутун Ўзбекистон, эҳтимолки бутун мусулмон олами тақдирдан унга омадлар тиларди.

Биз Руфъатнинг арқонлар билан чоркунжак қилиб ўралган кафтдек жойдаги ҳудудсиз жасоратини ҳамиша умид ва қониқиш билан томоша қилардик. Ўша куни биринчи бор дилимизга ўт тушди, ҳавотирландик. Чунки ҳамюртимиз муҳофазага ўтиб олгани, мускулларидаги қувватни ҳасисона тежаётганига гувоҳ бўлдик. Начора, энергияни ортиқча сарфлаб ҳам бўлмасди: олдинда учинчи раунд бор эди.

Муштлашиш давом этарди.

Руфъат чарчай бошлади. Тажрибалари ва яшириб қўйган сўнгги ҳийлаларини ишга солиб, Стивенсонга устма-уст мушт туширди. У эса бунга жавобан рақибини бурчакка қисиб олиб, беаёв дўппослашга киришди.

Ҳар қалай шу пайт нажоткор занг янгради. Ҳа, нажоткор эди у. Боксчилар нафасларини, томошабинлар ҳаяжонларини саранжомлаб олишларига имкон берадиган садо эди у. Сўнг Стивенсонни таништиришди. У Руфъатдан анча ёш, кўпчиликка таниш бўлмаган боксчи экан. Лекин баччағар, ногаҳонда қўлга тушган балиқдай типирчилар, курашга ташналигини намоён этарди.

Учинчи раунд кўп давом этмади. Лаънати Стивенсон ногаҳонда чақмоқдек отилиб, Руфъатга мушт туширди. Аммо - лекин ёмон ўрди, бераҳм!
Руфъат Рисқиев йиқилди!

У билан бизнинг умидларимиз ҳам чилпарчин бўлгандай эди. Ҳа, бутун планетанинг кўз ўнгида йиқилиб ётган шунчаки боксчи эмас, гўёки менинг миллатим, ватаним, шон-шуҳратим, номусим эди. Кўзимдан ёш тирқираб кетди!

Бир! Икки! Уч! Тўрт!....ҳакам бармоқларини бирин-кетин букиб санар ва ҳар бир рақам бошимга тўқмоқ бўлиб уриларди. Етти! Саккиз!.... Ниҳоят, Руфъат ўрнидан турди. Йўқ, у энди аввалги девқомат ва шиддаткор Рисқиев эмасди; баракс ноумид ва пажмурдароқ бир вужуд эди. Шу пайт операторлар Стивенсонни ҳам кўрсатишди — у ҳамон курашга талпинарди.

Мен ҳамзаминимиз қаршисида енгилмас ва ҳамиша ғолиб НАВҚИРОНЛИК турганини кўрдим. Буни Руфъат ҳам ҳис этди ва мардларча рақибининг пешонасидан ўпиб, унга омадлар тилади.

Ўғлим! Навқиронлик, ғолиблик демакдир. Диалектик материализмнинг инкорни-инкор деб аталадиган шафқатсиз қонуни рингда яққол намоён бўлади. Бизни доғда қолдирган Стивенсон ҳам эртами-кечми бу майдондан ана шундай ноумид бўлиб, шалвираб чиқиб кетади.Чунки балокаш дунёда омад дегани кўп ҳолларда навқирон одамларнинг эшигини қоқади. Буни ҳамиша ёдда тут ва шунга қараб иш кўр.

Бир чапани одамдан шундай нақл эшитгандим: ўн—қўй, йигирма — бўри, ўттиз — арслон, қирқ — қилич, эллик- пахта, олтмиш — ахта, етмиш — нўхта, саксон — тахта.
Бу мақолни шарҳлаб ўтирмайман—ўзинг хулоса чиқариб ол!

Йигитга ўлим йўқ — ўзини тиққа уради, дейишади, Азиз ўғлим! Сенга етказилган зарофат, энг аввало менга етказилган жароҳат эканлигини унутма. Агар билсанг, амбразурага кўксини қўйган жангчи жасоратидан кўра яшаш учун курашган, дон сепган, ниҳол ўтқазган, китоб ёзган хокисор кишининг жасоратини устун қўярдим!

Ҳа, энг катта жасорат яшаш, зурриёт ва эзгулик қолдиришдир! Ўзга юртларнинг манфаатлари учун жон берган йигитларга жуда ачинаман. Уларни ана шу ўлимга сафарбар этганларга қирон келсин дейман.

Уруш ва жанжалларни ҳамиша ёмон одамлар бошлайди ва унда яхши одамлар нобуд ёки мажруҳ бўлишади! Буни унутма.

Ичкиликка берилма, чекма, аблаҳ одамлар билан ҳамтовоқ бўлма, балодан ҳазар қил, десам мени эзмаликда айблама. Тўғри, бу ўгитларни бобокалонларимиз жуда ибратомуз қилиб ёзганлар, муаллимлар ва яхши одамлар неча бор қулоғингга қуйишган. Лекин гоҳида, мулло бўлсанг, такрор қил, деган нақлни ҳам унутмаслик керак” [44]

Энди ёзувчи Нусрат Раҳмат хатоларини санаб ўтай.

Нусрат Раҳмат жумладан бундай ёзган.

“Бу нохуш ҳол бир неча йил муқаддам АҚШда рўй берди. Паҳлавонимиз бу гал ана шу мамлакат чемпиони Стивенсон билан майдонга тушди. Америка бор овоз билан ҳайқириб, ўз чемпионини олқишларди, байроқлар ҳавода бетиним селпинар; прожекторлар, объективлар батамом кураш майдонига қаратилганди” [44]

Биринчидан, Нусрат ака тасвирлаётган бокс жангги, яъни ҳаваскор боксчилар ўртасида Биринчи Жаҳон чемпионати АҚШда эмас, Куба пойтахти Гавана шаҳрида 1976 йилда бўлиб ўтди.

Иккинчидан, Теофило Стивенсон (1952-2012) АҚШлик эмас, балким Кубалик жаҳонга машҳур боксчидир. Унинг бўйи 201 см бўлиб, оғирлиги 81 кгдан зиёд. Шу сабабли у оғир вазндаги жангларда қатнашган (оғир вазнга 81 кгдан 91 кггача киради). У ўз вазнида 1972 йилги Мюнхен, 1976 йилги Монреал, 1980 йилги Москва Олимпиадаларининг олтин медали, 1974 йилги Гавана, 1978 йилги Белград, 1986 йилги Рено шаҳрида ўтказилган Жаҳон чемпионатларининг олтин медали, 1975 йилги Мехико ва 1979 йилги Сан-Хуан шаҳарларида ўтказилган Панамерика ўйинларининг олтин медалини олган, СССРда хизмат кўрсатган спортчи, ҳаваскор боксчилар ўртасида 20-асрдаги энг машҳур боксчидир. [45]

Теофило Стивенсон 1986 йилда боксдаги фаолиятини тугатгач Кубанинг кўп йиллик давлат раҳбари бўлмиш Фидел Кастронинг (1926-2016) тансоқчиси бўлиб хизмат қилди. Теофило Стивенсон 2012 йил 11 июн куни инфаркт (юрак ҳуружи) сабабли 60 ёшида вафот этди. [45]

Учинчидан, Кубалик Теофило Стивенсон учун америкаликлар бор овоз билан ҳайқириб, АҚШ байроқларини ҳилпиратиб олқишлаган эмас. Ўша залда Куба байроқлари ҳилпираганди, залда эса бокс мухлислари билан бирга Куба халқининг жоҳийси Фидел Кастро ҳам мухлислик қилди.

Тўртинчидан, Руфат Рисқиев ва Теофило Стивенсон рингда бирор марта ўзаро жанг қилган эмас. Чунки уларнинг вазни турлича бўлиб, ҳар хил вазн тоифаларида қатнашган.

Шу ерда ҳаваскорлик бокси вазнлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтай. 2002 йилдан бошлаб ўнта вазн тоифаси жорий этилган (ундан аввал 12 та эди).

“Ҳаваскорлик боксидаги вазн тоифалари (2021 йил 1 июлдан).

Вазн (кг) Тоифа номи Тоифанинг инглизча номи

92+ Супероғир вазн Super heavyweight
87-92 Оғир вазн Heavyweight
81-86 Биринчи оғир вазн Cruiserweight
76-80 Яримоғир вазн Light heavyweight
72-75 Ўрта вазн Middleweight
68-71 Биринчи ўрта вазн Light middleweight
64-67 Яримўрта вазн Welterweight
61-63,5 Биринчи яримўрта вазн Light welterweight
58-60 Енгил вазн Lightweight
55-57 Ярим енгил вазн Featherweight
52-54 Енгил вазн Bantamweight
49-51 Ўта енгил вазн Flyweight
46-48 Энг кам вазн Miniflyweight” [46]

Ушбу жадвалдан кўриниб турибдики, Руфат Рисқиев ўрта вазнда (75 кггача), Теофило Стивенсон эса оғир вазнда (92 кггача) мусобақаларда қатнашган. Шу сабабли Руфат Рисқиев ва Теофило Стивенсон рингда бирор марта ўзаро жанг қилган эмас.

Нусрат Раҳмат ўз ҳикояти давомида бундай ёзган.

“Учинчи раунд кўп давом этмади. Лаънати Стивенсон ногаҳонда чақмоқдек отилиб, Руфатга мушт туширди. Аммо - лекин ёмон урди, бераҳм!
Руфат Рисқиев йиқилди!” [43]

Мен телевизор орқали 1976 йилги ўша жангни кўрган бокс мухлиси сифатида айтмоқчиманки, Майкл Спинкс учинчи раундда Руфат Рисқиев қорнининг пастроқ қисмига қаттиқ ургани натижасида у бироз олдинга букчайди, лекин йиқилган эмас. Нусрат Раҳмат ва бокс мухлислари 1976 йилги ўша жангни www.youtube.com сайтида кўришлари мумкин ([47]-га қаранг).

Умуман олганда, Нусрат Раҳмат ушбу ҳикоятини ҳақиқий фактлар асосида қайтадан ёзиши керак. У ҳозир Ўзбекистонда эканлигини ҳисобга олсак, бемалол Руфат Рисқиев билан учрашиб суҳбатлашса ва ўз ҳикоятини қайтадан ёзса маъқул иш бўларди. Нусрат ака умри давомида журналист бўлганлиги ва минг-минглаб ватандошларимиз билан турли мавзуларда суҳбатлашгани ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист эканлигини ҳисобга олсак, Руфат ака билан учрашиб суҳбатлашиш унинг учун қийин иш эмас. Руфат ака эса очиқ, мард ўзбек ЙИГИТИдир!

Мен ёзувчи Нусрат Раҳматнинг Руфат Рисқиевга нисбатан жиддий хатоси ҳақида 2020 йилда алоҳида мақола қилиб ёздим ([48]) ва мақоламни Фейсбук тармоғи орқали унинг саҳифасига жўнатдим. Ҳеч қандай жавоб келмади. Кимнинг имконияти бўлса Нусрат акага бу ҳақда айтса яхши бўларди. Ахир инсон ўз хатосини тириклигида ўзи тузатса яхшику.

Таҳлилий мақоламнинг асосий мавзуси – Руфат Рисқиев тақдирига қайтсам.

21. МУҲАММАД АЛИ ВА РУФАТ РИСҚИЕВ

Ali_muhammad (179x266, 11Kb)
Фото 10. Муҳаммад Али (1942-2016). [49]

Руфат Рисқиев 1976 йилги Монреаль олимпиадасидан кейин саккизта бармоғи синган ҳолда 27 ёшида катта боксни тарк этди. Менимча, у жуда тўғри иш қилди.

1978 йил июн ойида профессионал бокснинг афсонавий қаҳрамони Муҳаммад Али (Кассиус Клей) бокс мухлислари билан учрашиш мақсадида Совет Иттифоқига, жумладан Тошкент ва Самарқандга келди. Муҳаммад Алининг Тошкент ҳамда Самарқанд сафарларида Руфат Рисқиев ҳамроҳлик қилди ва мухлислар билан бўлган учрашувларда қатнашди. Муҳаммад Али ва Руфат Рисқиевнинг Самарқанддаги учрашувида мен ҳам қатнашдим.

Аввал Муҳаммад Али (Кассиус Маркелус Клей) таржимаи ҳолидан қисқача маълумот келтирай.

“Тўлиқ исми шарифи: ингл. Muhammad Ali (мусулмон); ингл. Cassius Marcellus Clay.
Лақаби: Энг буюк (ингл. The Greatest)
Фуқаролиги: АҚШ.
Туғилган санаси: 1942 йил 17 январ.
Туғилган жойи: Луисвилл, АҚШ.
Вазн тоифаси: 90,892 (супероғир вазн: 200 фунт Х 453,59 грамм = 90,718 кг дан зиёд, А.Ш.).
Туриши: ўнақай.
Бўйи: 191 см.
Қулочи кенглиги: 198 см.
Профессионал пиллапояси (карьераси)
Биринчи жангги: 1960 йил 29 октябр.
Охирги жангги: 1981 йил 11 декабр.
Жанглар сони: 61.
Ғалабалар сони: 56.
Нокаут билан ғалабалар: 37.
Мағлубиятлар: 5.
Дуранглар: 0.
Ўтказилмаганлари: 0” [50]

Муҳаммад Али професионал боксда ўтказган ҳар бир жанги ва натижалари ҳақида [51]-мақолада батафсил маълумот ёзилган.

Қуйидаги маълумотлани “Биография Мухаммеда Али” (“Мухаммад Алининг таржимаи ҳоли”) номли [52]-мақоладан келтирдим.

Кассиус Маркелус Клей 1942 йил 17 январ куни Луисвилл шаҳрида (АҚШ, Кентукки штати) туғилган. 12 ёшидан бокс билан шуғулланган.

1960 йил 25 август-11 сентябр кунлари Рим (Италия)да ўтказилган 17-Олимпиадада яримоғир (81 кг гача) вазнда Олимпиада чемпиони бўлган.

Кассиус Клей 1960 йил 29 октябр куни профессионал боксда биринчи учрашувини ўтказиб ғалаба қозонди. У профессионал бокс рингларида 61 та жанг ўтказиб, 56 тасида ғалаба қозониб, 9 та чемпионлик унвонига эга бўлди.

У 1964 йил 25 феврал куни Сонни Листон устидан ғалаба қозониб, профессионал бокс соҳасида супероғир вазнда биринчи марта Жаҳон чемпиони бўлди.

Ушбу тарихий ғалабадан кўп вақт ўтмай - 1964 йилда Кассиус Клей Ислом динини қабул қилди, “Ислом миллати” ташкилотига аъзо бўлди ва ўз исмини Муҳаммад Али деб ўзгартирди.

Муҳаммад Али кейинчалик исмлар масаласида фикр юритиб бундай деганди:

“Кассиус Клэй қулнинг исмидир. Мен уни танламаганман ва истамасдим. Мен Муҳаммад Алиман, озод инсон исми – маъноси Ҳудо севган банда дегани – ва одамлар мен билан ёки мен ҳақимда гаплашётганларида шу исмни истеъфода қилишларига ундайман. Истардимки, одамлар ҳудди мени севгандек бошқа барча инсонни севсалар. Дарҳақиқат, ана шунда дунё яхшироқ бўларди”. [52]

АҚШ раҳбарияти 1960-йилларда Вьетнамга қарши олиб борган адолатсиз урушига норозилик сифатида Муҳаммад Али 1967 йили АҚШ армиясида хизмат қилишдан бош тортди. Уни 1967 йил 20 июнда суд қилишиб, айбдор деб топишди. Оқибатда бокс федерациялари уни чемпионлик унвонидан маҳрум қилди. [52]

Муҳаммад Али ўз ҳақ-ҳуқуқи ва Вьетнамдаги ноҳақ урушга қарши тўрт йил давомида кураш олиб борди. У бу мавзуда АҚШдаги кўплаб университетларда ва бошқа учрашувларда ажойиб маърузалар қилди. Афсуски, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бағишланган ушбу маърузалари шу кунгача ўзбек тилига таржима қилиб, сайтларда чоп этилмаган.

Унинг шикоят аризаси ҳали апелляция босқичида бўлсада, Джоржия штати сенатори Лерой Р. ёрдамида Муҳаммад Али рингда жанг ўтказиш учун 1970 йил 12 август куни лицензия олишга ва 1970 йил 26 октябр куни жанг ўтказиб, 3-раундда техник нокаут билан ғалаба қозонишга эришди.

Ниҳоят, 1971 йил 28 июнда АҚШ Олий суди Муҳаммад Алига нисбатан чиқарилган илгариги ноҳақ суд қарорини бекор қилди. [52], [53]

Муҳаммад Али 1974 йил 30 октябрда Киншасса шаҳрида Джордж Форманни рингда енгиб, супероғир вазнда иккинчи марта дунё чемпиони бўлди [51]. (Эслатиб ўтаман: Киншасса 1971 йил 27 октябридан 1997 йил 17 майга қадар Заир давлати, 1997 йил 17 майдан кейин Конго Демократик Республикаси пойтахти, Африка).

Муҳаммад Али 1978 йилда бокс билан хайрлашишни режалаштирганди. 1978 йил май ойига биринчи рақамли даъвогар Кенн Нортон билан учрашувга шартнома тузилганди. Шу жангга қадар 1976 йилги Монреаль олимпиадаси чемпиони, профессионал оғир вазнда бор-йўғи 7 марта учрашув ўтказган (6 та ғалаба ва 1 дуранг), даъвогарлар рўйхатида ўнинчи ўринда турган 24 ёшли Леон Спинкс билан жанг белгиланди. Ушбу учрашув 1978 йил 15 феврал куни Лас-Вегасда (АҚШ) ўтказилди. [52], [53]

Муҳаммад Али ва унинг промоутерлари Леон Спинкс билан бўладиган жангга етарлича эътибор билан тайёрланмаганлиги ва Леон Спинкснинг катта ирода билан жангги оқибатида Муҳаммад Али 1978 йил 15 феврал куни 15 раундлик жангда очколар бўйича мағлубиятга учради – уч нафар ҳакамдан иккитаси Леон Спинкс ғалаба қозонганини билдирди. Бу Муҳаммад Алининг профессионал рингдаги учинчи мағлубияти бўлди. [51]

Муҳаммад Али Леон Спинкс билан реванш матчини ўтказишга ва чемпионлик унвонини қайтариб олишга тайёрлана бошлади.

Маълумки, 1980 йил ёзги олимпиада Москвада ўтказилиши режалаштирилганди. Ушбу катта спорт воқеасига тайёргарлик доирасида СССР Спорт қўмитаси раҳбарияти 1978 йил ёзида Муҳаммад Алини Совет Иттифоқига меҳмонга таклиф қилди.

Муҳаммад Али 1978 йил 12 июн куни Москванинг Шереметьево аэропортига келди. У Москвадаги “Метрополь” меҳмонхонасига жойлашди. У тонг соат 5.30 да трусикчан ҳолатда эрталабки югуриш машқини Қизил майдонда югуриб ўтказди, соат 6.00 даги Мавзолей соқчилари алмашишини шу трусукчан ҳолатда томоша қилди. Владимир Ленин жасади сақланадиган Мавзолейда ҳар соатда тантанали равишда соқчилар алмашишарди. [52], [53]

СССР Давлат ҳавфсизлик хизмати (ДХҚ – КГБ) зобитлари тонгда Мавзолей олдида трусикчан турган ва мақсади номаълум бўлган афро-америкалик бақувват кимсани кўриб, кўп ташвишга тушишди. Бу ҳолат тегишли идораларда муҳокама қилиниб, ўша пайтда СССР Спорт федерациясида таржимон бўлиб ишлаётган Юрий Марковга алоҳида топшириқ беришди: у энди “Метрополь” меҳмонхонасида тунайдиган бўлди ва унга Муҳаммад Алининг бу ҳамда бошқа ғайриоддий чиқишлари олдини олиш вазифаси топширилди. [52], [53]

Муҳаммад Али 1964 йилдан бери мусулмон бўлганлиги сабабли СССРдаги ислом маркази бўлмиш Тошкент ва Самарқанд шаҳрига сафар қилиши ҳақида олдиндан шарт қўйганди. Шу сабабли у Москвадан Тошкентга келди. Бу ҳақда [10]-мақолада бундай деб ёзилган.

“1978 йил июнда Тошкентга Муҳаммад Али келди. Уни спорт раҳбарияти, улар орқасидан эса “нон-туз”, қизлар ва пионерлар даста гуллар билан “олий даражада” кутиб олишди, ҳаммаси “рисоладагидек” ... Қарангки, вақтинчалик келган юлдузга “сизнинг чемпионингиз –Рисқиевни” чақириш керакмиш, уни эса одатдагидек таклиф этишни “унутишибди” ... Эслашга тўғри келди ...” [10]

“- Ислом динини қабул қилган Али учрашувда бир оғиз ҳам гапирмай, кўпроқ тинглади, - деди учрашувга гувоҳ бўлганлардан бири. - Қуръон борасидаги билимларини кўрсатмади. Масжидлардан бирида унга олтин иплар билан тикилган муқаддас чопон совға қилинди. Ҳар бир мусулмон меҳмон учун бундай чопон катта аҳамиятга эга эди.
CHOPONaliFOTO1 (700x684, 125Kb)
Фото 11. Масжидда Муҳаммад Алига олтин иплар билан тикилган муқаддас чопон совға қилинди. [54]

“Совет матбуотида буюк боксчининг Ўзбекистонга ташрифи мана шундай тасвирланган эди:

- Самимий ўзбекистонликлар таниқли спортчи ва унинг ҳамроҳларини жуда яхши меҳмон қилишди. Белгиланган дастур жуда катта бўлиб, пойтахт Тошкентдан ташқари, қадимий Самарқанд ва Буxоро шаҳарларига ҳам экскурсия қилиш режалаштирилганди. Ҳамма ёқда - мўл-кўлчилик, меҳмондўстлик. Учрашувларда меҳмонларни олма, гилос, нок, узум билан сийлашарди. Ундан кейин дастурхонга палов тортиларди. Дастлаб умуман овқат емаган Муҳаммад бора-бора ўзини тутиб тура олмади. Ўзбекларнинг палови уни ўзига ром қилиб қўйди. Аста-аста манти, чучвара ҳамда сомсалардан татиб кўра бошлади. Кейинчалик Москвадаги журналистлар билан учрашувда у Тошкентдан тўрт килограмм ортиқча вазн олиб келганини таъкидлаб ўтади.” [54]

Муҳаммад Али Тошкентдан кейин 2750 ёшли Самарқандга ташриф буюрди. У Самарқанднинг тарихий ёдгорликларини томоша қилди ва Самарқанд Давлат университети Бош корпусининг иккинчи қаватида жойлашган катта мажлислар залида талабалар ҳамда домуллалар билан учрашув ўтказди.

Мен Самарқанд Давлат университетини 1975 йилда тугатгач, йўлланма билан Тошкентдаги Кибернетика илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси таркибидаги СПКБ АСУнинг Самарқанд шаҳридаги филиалида муҳандис-дастурловчи (инженер-программист) бўлиб 1975-1977 йилларда ишладим. Ушбу филиал директори Жуманов Исроил ака 1977 йилдан бошлаб докторлик диссертация устидан илмий изланишлар бошлади. Шу сабабли у филиалдаги беш нафар ёш ходимга илмий раҳбар бўлиб, 1977 йил ноябр-декабрида аспирант қилиб олди. Шу аспирантлар сафида мен ҳам бор эдим.

Мен аспирант сифатида 1978 йил бошида Тошкентда Аспирантлар ётоқхонасидан (Тошкент, Академиклар шаҳарчаси, Ф.Хўжаев кўчаси, 51-уй) жой олган эдим. Исроил ака Самарқандда яшаб ишлаётгани сабабли мен вақтимнинг каттагина қисмини Самарқандда яшаб ишладим. Яъни Муҳаммад Али ва Руфат Рисқиев Самарқандга 1978 йил июнида келишганда мен ўша ерда эдим.

Дунёда машҳур Муҳаммад Али Самарқандга келишини ва СамДУда талабалар билан учрашув бўлишини эшитиб бордим (қаердан эшитганим ёки газетада ўқиганим ҳозир эсимда йўқ). Катта мажлислар зали талабалар ва домуллалар билан лиқ тўлди. Учрашув бошида Муҳаммад Али, Руфат Рисқиев ва уларга ҳамроҳлик қилаётган 3-4 киши саҳнага қўйилган Президиум столи атрофига ўтиришди. Кимдир Муҳаммад Али тўғрисида қисқача кириш сўзини гапирди. Сўнгра сўз Муҳаммад Алига берилди. У қисқача сўзлаб, шу 1978 йил сентябрида АҚШда Майкл Спинксга қарши реванш матчига чиқишини ҳам айтди.

Шундан кейин учрашувнинг иккинчи қисми бошланди. Президиумдаги столлар четга олиб қўйилди. Муҳаммад Али ва Руфат Рисқиев спорт формасида, яъни трусик ҳамда майкада бокс қўлқопини кийиб саҳнага чиқишди. Бўйи 191 см ва оғирлиги 100 кг га яқин бўлган Муҳаммад Али олдида бўйи 184 см ҳамда оғирлиги 75 кг бўлган Руфат Рисқиев анчагина пастроқ бўлиб кўринарди. Улар рингдаги каби бокс жангини, машқини кўрсатиб боксга тушишди. Муҳаммад Алидек супероғир вазндаги машҳур профессионал боксчи ватанимизнинг машҳур боксчиси Руфат Рисқиев билан биргаликда саҳнада енгил сакраб боксга тушаётганини яқин масофадан кўриш бир умр эсда қоларли ажойиб томоша эди.

Муҳаммад Али Самарқанд сафаридан кейин Тошкент орқали Москвага қайтди. 1978 йил 19 июн куни Кремлда СССР раҳбари Леонид Брежнев қабул қилиб, у билан 35 дақиқа гаплашди. Суҳбат охирида Л.Брежнев Муҳаммад Алига ўзининг «Малая земля» (“Кичик ер”) китобчасига дастхат ёзиб топширди ва соат совға қилди. [55]

Муҳаммад Али 1978 йил 20 июн куни Москвадан АҚШга учқичда жўнаб кетди.

Муҳаммад Али 2016 йил 3 июн куни АҚШда вафот қилди. Уни Кентукки штати Луисвилл шаҳридаги мусулмонлар қабристонига дафн қилишди. Қабр тошида у айтган қуйидаги сўзлар ёзилган: “Service to others is the rent you pay for your room in heaven” [56]. Унинг маъноси: “Бошқаларга хизматингиз – бу осмони фалакдаги хонангиз учун тўлаган ижара ҳақингиздир.”

ALIqabrFOTO12 (700x525, 188Kb)
Фото 12. Муҳаммад Алининг қабри устидаги қабр тоши. [56]

ДАВОМИ БОР
Рубрики:  ПРАВОЗАЩИТА
2023 YILGI MAQOLALARIM
SPORT

 

Добавить комментарий:
Текст комментария: смайлики

Проверка орфографии: (найти ошибки)

Прикрепить картинку:

 Переводить URL в ссылку
 Подписаться на комментарии
 Подписать картинку